-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик

10.09.2018

Адлия вазири ўринбосари А. Ташкулов 2018 йилнинг 6 сентябрь куни Брюссель шаҳрида (Бельгия) “Марказий Осиёда қонун ва инсон ҳуқуқлари устуворлиги соҳасида минтақавий ҳамкорлик” мавзусида бўлиб ўтган тадбирда иштирок этди.

Мазкур тадбирнинг мақсади – инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги соҳасида минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича асосий масалаларни муҳокама этиш, шунингдек Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини қўллаб-қувватлаш учун минтақавий ташаббусларни аниқлаб олиш ва янги дастур ишлаб чиқишдан иборат.

Адлия вазири ўринбосари ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида, хусусан, қонун ва инсон ҳуқуқлари устуворлиги бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида иштирокчиларга маълумот берди, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифларни амалга оширишда ушбу тадбирнинг ўрни муҳим эканлигини қайд этди.

Ўзбекистонда қонун устуворлиги соҳасида эришилган ютуқлар, жумладан, парламент ва жамоат назорати институтларининг жорий этилганлиги, Судьялар олий кенгаши, туманлар кесимида алоҳида маъмурий ва иқтисодий судларнинг ташкил этилганлиги, судлар томонидан оқлов ҳукмларини чиқариш амалиёти кенгайгани, адвокатура соҳасида ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятидаги туб ислоҳотлар, кузатув камераларини ўрнатиш орқали жазони ижро этиш муассасаларининг фаолияти шаффофлиги таъминланганлиги ва бошқалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир иштирокчилари Марказий Осиё минтақасида инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги соҳасида келгусида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар ва ҳамкорлик учун муҳим йўналишларни белгилаб олдилар.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги