-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Газетани нима учун ўқийман?

14.09.2018

Жанабай САДЫКОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири:

— ОДАМЛАР ахборотга муҳ­тож бўл­ган­да ОАВга мурожаат қилади. Негадир но­ҳақликка учраганда ҳам давлат органлари­га эмас, кўпроқ матбуот эшиклари сари бо­ради. Ҳуқуқлари тикланганда ҳам газета са­ҳифаларида ўз миннатдорлигини билдиргиси келади. Демак, инсонлар ОАВга — матбуотга ишонади. Албатта, ОАВнинг жавобгарликка тортиш функцияси йўқ. Лекин у жамоатчилик эътиборини мазкур муаммога қарата олади. Хуллас, матбуот жамият кўзгуси, десам янг­лишмайман. Унда ёритилган ҳар бир сатр тарихга муҳрланади. Телевидение, радио ва интернет нашрларидан фарқли равишда матбуотда ёритилган ҳар бир мавзу, айтилган ҳар бир сўзга такрор-такрор мурожаат қилсак, қайта-қайта ўқисак ва неча йиллар ўтса-да, қайта мурожаат қилсак бўлади. “Инсон ва қонун” газетаси ҳам бугунги кунда ўзининг серқирралиги, сермазмунлиги ва тезкорлиги билан бошқа нашр­лардан ажралиб туради.

Яхши биламиз, “қонун тили” бироз мураккаб. Уни фуқаролар бир ўқигандаёқ тушуниб кетавермайди. Газета ходимлари ­одамлар қонун ҳужжатларининг муҳим жиҳатларини, моҳиятини англашида, тушунишида ҳаётий мисоллар, кундалик турмушимиздаги жараёнлар, ҳолатлар орқали оддий, аммо матн мазмунини бойитадиган инфографикалардан фойдаланишга алоҳида аҳамият бермоқда. Соҳа мутахассисларининг шарҳлари эса газетанинг мазмундорлигини оширмоқда.

“Инсон ва қонун” газетаси ҳар бир уйда бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Бу билан ҳар бир фуқаро ўзи учун фақатгина яхши иш қилган бўлади. Яъни, ўз ҳуқуқларини теранроқ англайди. Қонунлар моҳиятидан ўз вақтида хабардор бўлади. Қонунни, ҳу­қуқини билган инсон эса ҳеч қачон қоқилмайди.