-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Инсон ва қонун” — ёш ҳуқуқшуносларнинг ҳам минбари

19.09.2018

ҲОЗИРГИ кунда “Инсон ва қонун” газетаси фуқа­рола­римизнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш билан бирга, ёшларга газета орқали ўз овозига эга бўлишни ва муштарийлар билан ўз фикрларини бўлишишга кўмакдош бўлиб келмоқда.

Азизбек Одилов,

Тошкент давлат юридик университети талабаси:

4-10 сентябрь кунлари Адлия вазирлиги раҳбарияти кўмаги билан Россия Федерациясининг Оренбург шаҳрида “Евразия” халқаро ёшлар форумида Ўзбекистон вакили сифатида иштирок этиб қайтдим. Ушбу форум ўз атрофида дунёнинг 77 та давлатидан келган мингга яқин фаол ёшларни бирлаштирди. Ёшлар халқаро ҳамкорлик, халқаро ёшлар сиёсати, маданият, лойиҳалар ташкилотчилиги ва бошқа турли соҳалар бўйича форум доирасида ўз билимлари билан бўлишиб, фикр алмашдилар.

Форум доирасида А.М.Горчаков номидаги оммавий дипломатияни қўллаб-қувватлаш Фондининг халқаро грантлар танловида лойиҳам билан иштирок этдим ва лойиҳам Фонд рейтингида кучли ўнталикка кирди.

Форум давомида кўплаб журналистлар билан мулоқотда бўлдим, хусусан, ОРТ телеканали ва “Оренбуржье” газеталарига интервью бердим.

Хорижий экспертлардан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш тўғрисидаги таклифига кўплаб ижобий фикрлар олдим. Шунингдек, Оренбург вилояти губернатори Юрий Берг билан суҳбатда бўлиб, у киши Ўзбекистон ҳақида ижобий фикрлар билан бир қаторда, Россия Федерацияси Президентининг юртимизга олий даражадаги ташрифига тайёргарлик доирасида Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимов билан кўп амалий тадбирлар ўтказаётганини айтиб ўтди.

Қайси соҳада бўлмасин, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузи барчамизни саъй-ҳаракатимизга, олаётган билим ва тажрибамизга бевосита боғлиқдир. Мен ТДЮУда ўқиётган барча тенгдошларимни ҳуқуқий тарғибот минбари “Инсон ва қонун”га обуна бўлиб, ўқиб, ўз ҳуқуқий билимларини ҳаётий муносабатлар билан узвий боғлашга чорлайман.