-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Адлия ахбороти: фуқаролардан яшаш жойидан маълумотномаларни сўраб олиш бекор қилинди

06.10.2018
 

Бу ҳақда 2018 йилнинг 5 октябрь куни Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган “Адлия ахбороти” номли брифинг ва матбуот анжуманида билдрилди.

 

Дастлаб брифингда ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари ҳақида маълумотлар берилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисидаги Қонун, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори, “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишонини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида.

Шунингдек, Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналарнинг ички тартиб қоидалари Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳам брифингда айтиб ўтилди.

Қоидаларга мувофиқ, назорат қилувчи прокурор муассасага монеликсиз ва исталган вақтда киришга, ҳамма камералар билан танишишга ҳамда махсус қабулхонада сақланаётган шахслар билан суҳбатлашишга ҳақли.

Маъмурий қамоққа олинган шахс адвокат олганида қабулхона маъмурияти адвокатнинг монеликсиз иш юритувидаги ҳужжат юзасидан киришини таъминлайди.

Брифингдан сўнг Вазирлар маҳкамасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган тасдиқловчи ҳужжатлар турларини тубдан қисқартириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарори юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Қарорга мувофиқ, 2018 йил 15 октябрдан давлат хизматлари кўрсатилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тақдим этиладиган – шахснинг яшаш жойи бўйича (прописка қилинганлиги) яшаётганлиги, унинг ишсизлигини; болани, ёлғиз шахсларни, пенсионерларни ва ногиронларни парвариш қилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва шахснинг тавсифномасини талаб қилиш бекор қилинди.

2020 йил 1 январдан давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида оила таркиби, қариндошлик даражаси ва фуқаронинг оилавий аҳволи ҳақидаги маълумотлар давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ФҲДЁ органларидан мустақил равишда олинади.

Бундан ташкари, матбуот анжуманида Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисидаги низом ҳақида ҳам сўз борди.

Матбуот анжуманида иштирок этган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг вакили Низомга мувофиқ талабалар билимини назорат қилиш оралиқ ва якуний назорат турларини ўтказиш орқали амалга оширилишини, оралиқ назорат  ҳар бир фан бўйича 2 мартагача ўтказилиши мумкинлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, якуний назорат тури семестр якунида (тиббиёт олий таълим муассасаларида фан якунида) ўтказилиши маълум қилинди.

Ҳар иккала масала бўйича тадбирда иштирок этган ОАВ ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.