-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Қонунга таянган ҳолда қилинган хатти-ҳаракат асосли ва адолатли бўлади

08.10.2018

ПРЕЗИДЕНТИМИЗНИНГ 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг эълон қилиниши мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқелик бўлди.

 

Илҳом НАСРИЕВ,

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор:

 

Мазкур Фармонда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва ­адолатли фуқаролик жамияти қуриш борасида амалга оширилаётган ис­лоҳотлар жараёнида ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини, шу жумладан, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш, изчил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш ва аҳолининг ҳуқуқий мада­ниятини оширишнинг яхлит тизимини жорий этиш йўли билан амалга оширишни кўзловчи адлия органлари ва муассасаларига муҳим роль ажратилаётганлиги таъкидланиб, шу билан бир қаторда давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш мақсадида мазкур органлар фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Ушбу устувор йўналишлардан би­­ри, адлия органларини “Одилона қо­нунларни қабул қилиш, жамият­да қонунга ҳурмат руҳини қарор топтириш — демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир” деган концеп­туал ғояни ҳаётга татбиқ этишга қа­ратилган ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширилишини таъминлайдиган профессионал хизматга айлантиришдир. Бошқача қилиб айтганда, адлия органларини ягона ҳуқуқий сиёсатни амалга оширувчи органга айлантириш ва мазкур сиёсат “Одилона қонунларни қабул қилиш, жамиятда қонунга ҳурмат руҳини қа­рор топтириш — демократик ҳуқуқий дав­лат қуришнинг гаровидир” деган кон­цептуал ғояни ҳаётга татбиқ этишдан иборат бўлиши лозимлиги белгиланди.

Шу мақсадда ушбу Фармон билан Адлия вазирлиги ҳузурида Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ташкил ­этилди. Ушбу тадқиқот институтининг асосий вазифалари қуйидагича:

1. Қонунчиликни ва унинг тар­моқ­ларини ривожлантириш соҳасида илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш ва илмий концепциялар ишлаб чиқиш;

2. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳу­қуқий маданиятини оширишнинг инновацион услублари ҳамда усулларини ишлаб чиқиш;

3. Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳуж­жатлари қўлланилиш амалиётини таҳ­лил қилиш, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

4. Давлат бошқаруви самарадор­лигини оширишнинг ҳуқуқий муаммо­ларини ўрганиш, ижтимоий-иқ­ти­со­дий соҳадаги муносабатларни ҳу­қу­­­­қий­ тартибга солишнинг ривожла­ниш­ йў­налишларини белгилаш инс­титутнинг асо­­сий вазифаси сифати­да белгиланди. Юқоридагиларни амал­га оши­риш учун етакчи халқаро илмий тад­қиқот муассасалари билан ҳам­корликни йўлга қўйиш талаб этилди.

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот инстутутини ташкил этиш мақсад бу норма ижодкорлиги фаолиятини илмий-услубий таъмин­лашнинг сифати ва самарадорлигини оши­риш, ҳуқуқий сиёсатнинг долзарб масалалари бўйича илмий тадқиқотларни амалга оширишдан иборат. Таъкидлаш жоиз, тадқиқот институти Адлия вазирлиги тизимига киради.

Тадқиқот институти ўз фаолиятини Ад­лия вазирлиги, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик ва парламент тадқиқотлари институти, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат бошқаруви органлари, илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда амалга оширади.

Давлатимиз раҳбари Фармони билан тасдиқланган “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта асосий йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси” миллий давлат қурилиши тизимини ислоҳ қилишнинг янги босқичини белгилаб бер­ди, мамлакат ҳаётининг барча жаб­ҳа­ларини, жумладан, давлат ва жамият­ қурилиши тизимини тубдан ислоҳ қи­лишнинг асосига айланди. Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатида “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш­­­та асосий йўналишлари бўйича Ҳа­ракатлар стратегияси”да назарда тутилган вазифаларни амалга оширишда “давлатнинг барча куч ва имкониятлари сафарбар этилаётган”лигини таъкидлади.

Ҳақиқатан, бугунги кунда мамлакатимиз ижтимоий ва иқтисодий ҳаётининг барча жабҳаларида, жумладан, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимида туб ўз­гаришлар амалга оширилмоқда, фу­қа­ролик жамияти институтлари фаолия­тини ташкил қилиш асослари янада та­комиллаштирилмоқда. Шу ва бошқа со­­­­ҳаларда юз бераётган кенг кўламли ис­ло­ҳотлар, аввало, Конституцияга таянган ҳол­да, бошқача қилиб айтганда, ҳуқуқий асосларга таяниб амалга оширилмоқда. Тан олиш керакки, ҳар қандай ислоҳот ҳуқуқий майдонда амалга оширилади. Ҳуқуқий майдон мавжуд бўлмас экан ёхуд “ўйин қоидалари” ноаниқ бўлган жойда ислоҳотни амалга ошириш анчайин мушкул кечади. Сўзимизнинг далили сифатида таъкидлаш лозимки, 2017 йилнинг ўзида ислоҳотларни амалга ошириш тизимлилигини таъминлашга қаратилган 30 дан ортиқ қонун, 900 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. 2017 йилнинг ўзида Конституцияга 3 марта тузатиш киритилган.

“Фаол тадбиркорлик ва инновацион­ ғоялар ва технологияларни қўллаб-қув­ватлаш йили”, деб эълон қилинган 2018 йилда 2017 йилдагидан ҳам ислоҳотлар янада кенг қулоч ёзмоқда-ки, бу, ўз навбатида, қабул қилиниши лозим бўлган қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сони ва масштабининг оширилишини тақозо қилмоқда. Бугунги кунда давлат органлари вазифалари ва функцияларини қайта кўриб чиқишга қаратилган ишлар давом эттирилмоқда, қабул қилинган Маъмурий ислоҳотлар Концепциясини амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни рўёбга чиқариш, жумладан, давлат хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш, давлат бошқаруви тизимида функциялар­ни номарказлаштириш кабилар шулар жумласидандир. Бундан ташқари, фуқа­роларни ҳаёт дахлсизлигини конституциявий кафолатлашни таъминлашга қа­ратилган ишончли механизмларни яратиш, Хабеас Корпус институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимини янада ислоҳ қилишдек муҳим вазифалар турибди. Шу билан бир қаторда бу йилда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида ис­лоҳотлар янада чуқурлашиб бормоқда. Шу йилнинг ўзида тадбиркорлик субъектларини молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш 2 йилга тўхтатилган бўлса, банк-молия, аграр, иқтисодий, ижти­моий соҳаларда амалга ошириладиган ис­ло­ҳотлар янада чуқурлашмоқда. Ички бозорни модернизация қилиш, мамлакатни технологик ривожлантириш Дастурини рўёбга чиқаришни амалга оширишга айнан шу йилда киришилмоқда. 2018 йилда савдо шохобчалари орқали давлат активлари хусусийлаштириш тизими яратилади, барча турдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган солиқлар камайтирилиб, мақбуллаштирилади, инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгиланади, мамлакатни инвестициявий жозибардорлигини оширишга қаратилган қатор муҳим ислоҳотлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Президентимизнинг Олий Мажлисга Муро­жаатида, кенг кўламли дастур ва режаларни тўла ва самарали амалга ошириш учун “... биз тегишли ҳуқуқий асослар ва механизмларни яратишимиз керак”лиги таъ­кидланди.

Юқоридагилар билан бир қаторда қо­нунчиликнинг шиддат билан ривожлани­ши, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга қаратилган олиб бори­лаётган ишлар, кундан-кунга ҳуқуқий маъ­лумотлар кўламининг ошиб бориши ва бошқалар ҳуқуқий тартибга солиш тизимини такомиллаштирилишини, яъни бу ишларни маълум тизим асосида, маълум кетма-кетликда, илмий асосланган ҳолда амалга оширилишини тақозо қилади. Бош­қача қилиб айтганда, мамлакат ижтимоий ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар бу борада давлат ҳуқуқий сиёсатини ­янада такомиллаштирилишини заруратга айлантириб қўймоқда. Шу маънода, Президентимиз ташаббуси билан тузилган Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтини ташкил эти­лиши юқоридаги каби масалаларни тад­қиқ этиш вазифасини амалга оширишга йўғрилган.

Хўш, ҳуқуқий сиёсат ўзи нима? Ҳуқуқий сиёсат бу, аввало, фаолиятдир. Бошқача айтганда, ҳуқуқий сиёсат бу давлатнинг ҳуқуқий тартибга солиш тизимини такомиллаштиришга, ижтимоий ҳаётни сифат жиҳатдан юқори даражада ҳуқуқий таъминлашга қаратилган фаолияти бўлиб, у ўзининг маълум тизимига эга. Бу тизимнинг ўзига хос қонунияти, сиёсий-ҳуқуқий принциплари ва механизмлари мавжуд. Шу билан бир қаторда бу тизим ўзининг предметига эга. Бундан ташқари, у ўзининг қатор сиёсий-ҳуқуқий таркибий қисмларига, ҳуқуқий воситаларига, ўзининг амалга ошириш шакллари ва ­усулларига эга ҳисобланади.

Ҳуқуқий сиёсатни тўғри ва мақ­сад­га мувофиқ юритиш учун унинг қону­ният­ларини, уни шакллантириш ва амалга ошириш усулларини чуқур англаш лозим бўлади. Бундай қонуният ва усулларга таяниб иш кўриш мамлакатни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш, миллий қонунчиликни тизимли ривожлантириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш имконини беради. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар самарасини юқорига кўтаришнинг, фуқа­роларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишонч­ли ҳимоя қилишнинг муҳим гарови ҳисобланади.

Ҳуқуқий сиёсат бу ижтимоий тизим ҳи­собланади. У тизим сифатида бир неч­та тизимости компонентларига эга. Булар конституциявий, жиноий, фуқаролик, маъмурий ҳуқуқий ва бошқа ҳуқуқ тар­моқларини ўз ичига олади.

Ҳуқуқий сиёсатда прогнозлаш муҳим ўрин тутади. Олдиндан кўра билиш ҳу­қуқий сиёсатнинг энг муҳим характерли ху­сусиятидир. Ижтимоий иқтисодий ва ижтимоий сиёсий ривожланиш эҳтиёжларини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашни олдиндан кўра билиш муҳим аҳамият касб этади. Акс ҳолда, миллий қонунчиликнинг ривожланишини, унинг устувор йўналишларини белгилаш, қабул қилиниши лозим бўлган ҳужжатларни аниқлаш мумкин эмас. Тизимлилик тамойили шундан иборатки, ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштиришга қаратилган фаолият комплекс тарзда ҳуқуқий ҳаётнинг барча жиҳатларини қамраб олмоғи лозим бўлади. Акс ҳолда ҳуқуқий сиёсат ўз функциясини бажаролмай қолади. Масалан, Конституцияга маълум тузатишларнинг киритилиши, қатор қонун ва қонуности ҳужжатларига маълум ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилишига олиб келиши лозим.

Ҳуқуқий сиёсат махсус давлат ҳоки­мия­тининг олий органлари томонидан шакл­лантирилади ва амалга оширилади. Булар Ўзбекистон Республикаси Президенти, ­Олий Мажлис Палаталари, Ўзбекистон Рес­публикаси Вазирлар Маҳкамаси, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари.

Ҳуқуқий сиёсатнинг яна бир ҳусусияти шундан иборатки, у ҳам бўлса, у қатъий илмий асосланган бўлмоғи керак. Илмий жиҳатдан асосланмаган ҳолда маълум ҳужжатнинг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши уни қўллаш жараёнида қатор муаммоларни келтириб чиқаради.

Бир сўз билан айтганда, тадқиқот институти ҳуқуқий сиёсатга оид тадқиқотларни олиб борар экан, мамлакатимиз ҳуқуқий ҳаётини тартибга солишга қаратилган фаолиятни илмий ва амалий жиҳатдан чуқур ўрганиш унга юклатилганлиги жуда катта масъулият юклайди. Ушбу институт мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ишини мақсадга мувофиқ ташкил этишга ёрдам беради, шунингдек, қабул қилинадиган норматив ҳужжатларнинг пухта бўлишига ва фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксак даражага кўтарилишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.