-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Орол ҳалокат ёқасидами?

09.10.2018

Минтақа мамлакатлари чора изламоқда

МАРКАЗИЙ Осиё ва бутун дунё жамоатчилигини хавотирга солиб келаётган Орол денгизи муаммоси бугун ўта долзарблик касб этмоқда. Мазкур экологик муаммони ҳал этиш мақсадида минтақа давлатлари ташаббуси билан 1992 йилда “Оролни қутқариш халқаро жамғармаси”ташкил этилган эди.

2018 йил 24 августда ўн йиллик танаффусдан сўнг Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарларининг мажлиси бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари ушбу мажлисда сўзлаган нутқида бугунги кунда Марказий Осий давлатлари ҳудудидаги глобал экологик муаммо ва бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш ва келгуси йиллар учун энг муҳим чора-тадбирларни белгилаб олиш долзарб вазифа эканлигини алоҳида кўрсатиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизнинг қўшни давлатлар билан яқин муносабати Марказий Осиё давлатларидаги трансчегаравий сув билан боғлиқ муаммоларни ижобий ҳал этишга катта туртки бўлмоқда.

Маърузада Оролбўйи ҳудудини у ерда пайдо бўлган саҳро эгаллаб олаётгани, оқибатда сув ресурслари тақчиллиги, ичимлик суви сифатининг ёмонлашуви, тупроқнинг деградацияга учраши, биохилма-хилликнинг кескин камайиши каби жиддий иқлим ўзгаришлари яққол сезилаётганлиги таъкидланди.

Президентимиз фикрича, умумий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ушбу фожиа оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, минтақанинг сув ва экология билан боғлиқ муаммоларига ечим топиш бўйича барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш лозим.

Юртбошимиз барча минтақа давлатларининг Жамғарма фаолиятида, жумладан, Орол денгизи ҳавзасидаги мамлакатларга ёрдам кўрсатиш бўйича тўртинчи Дастурни ишлаб чиқиш ва ўзаро келишиш жараёнида тўлақонли иштирок этиши орқали бу борадаги умумий муаммоларни ҳал этишимиз ва таҳдидларни бартараф этишимиз мумкинлигини эътироф этди.

Президентимиз ўз маърузасида, сўнгги бир неча йил давомида Ўзбекистон Оролбўйи ҳудудида бир қатор кенг кўламли лойиҳаларни амалга ­оширганлигини, Оролнинг қуриб қолган ҳудудида саксовул ва бошқа шўрхокликка чидамли ўсим­ликлардан иборат 350 минг гектарлик бутазорлар барпо этилганлигини, бундай ҳудудларнинг умумий майдони ҳозирги кунда 700 минг гектарни ташкил этаётганлигини таъкидлаб, Орол денгизи инқирози оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича 2013-2017 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури доирасида 500 тадан ортиқ лойиҳа амалга оширилганлигини ҳамда 2018-2021 йилларда Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича Давлат дастури қабул қилинганлигини айтиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари Орол фожиаси оқибатларини юмшатишга оид ўзаро ҳам­корлик борасидаги устувор аҳа­миятга эга бўлган қуйидаги йўналиш­ларни кўр­сатиб ўтди:

биринчидан, минтақамизда ноқулай эко­­­логик вазиятни тубдан яхшилаш учун қатъий ва ностандарт чора-тадбирлар за­­рурлигига эътибор қаратиш лозим. Шу муносабат билан Оролбўйи ҳудудини Эко­логик инновация ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш масаласининг кўриб чиқилиши қуйидаги мақсадларга йў­налтирилиши керак:

— экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга хорижий инвестицияларни жалб этиш учун шароит яратиш;

— “яшил иқтисодиёт”, экологик тоза, энергия ва сув тежайдиган технологиялар тамойилларини комплекс татбиқ этиш;

— чўлланиш ва экологик миграциянинг давом этишига барҳам бериш;

— экотуризмни ривожлантириш.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги йиллик сув истеъмоли 52 миллиард куб метрга яқин, аҳоли сони эса 32 миллиондан зиёд бўлиб бормоқда. Шу муносабат билан республикада иқтисодиётнинг барча жабҳаларида, шу жумладан, қишлоқ хўжалигида сувни тежовчи технологияларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда 180 минг гектардан ор­тиқ ерларга сув тежовчи технологиялар татбиқ этилди, 30 минг гектар ерда томчилаб суғориш технологиялари жорий этилди ва ҳоказо.

Юртбошимиз бу жараёнда қуйида­гиларга эътибор қаратиш мақсадга му­вофиқ эканлигини ҳам кўрса­тиб берди:

дунёдаги экологик ноқулай минтақа­ларда бундай лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги тажрибаларни инобатга олган ҳолда инновацион лойиҳаларнинг ягона рўйхатини шакллантириш ва уларни биргаликда тайёрлаш;

бундай мақсадлар учун узоқ муддатли имтиёзли кредит ва грантлар ажратиш.

Оролни қутқариш халқаро жамғар­ма­си ҳузурида халқаро институтларнинг ваколатхоналарини очиш таклиф этилди.

Иккинчидан, қум кўчкиларини мустаҳ­камлаш, Оролнинг қуриган қисмидан ҳавога заҳарли аэрозол чанглари кўта­рилишини камайтириш масалалари эътибор марказида бўлиши зарур.

2018 йил 27 май куни Хоразм вилоятига Орол денгизи томонидан қумли бўрон бостириб келди. Бўрон билан учиб келган қумлар Орол денгизининг оппоқ тузлари билан аралашиб, далаларни, уйларни ва ҳатто автомобилларнинг устларини оппоқ қордай қоплаган. Илгарилари Орол тузларининг учиб келиши кузатилмас, уларни фақат далаларда тўпланиб қолган уюмлар ва сувнинг шўрлигидан билиб олиш мумкин бўларди. Эндиликда Орол денгизида сувнинг янада камайиши, иқлим ўзгаришлари ва бошқа ҳодисалар сабабли тузлар Хоразмгача учиб кела бошлаши ҳам ижобий ҳолат эмас.

Шу мақсадда чўл шароитига чидамли ва озуқа ўсимликлари кўчатларини етиштириш бўйича Минтақавий марказ ташкил қилиш таклиф этилди. Олимлар берган маълумотларга кўра, 10-12 йил давомида денгизнинг қуриган қисмини дарахтзор ва бутазорларга айлантириш, янги унумдор яйловлар яратиш мумкин, бу чорвачиликни изчил ривожлантириш ва ўн минглаб одамларни иш билан таъминлаш имконини беради.

Учинчидан, Президентимиз томони­дан минтақамизнинг ноёб ҳайвонот дунё­сини сақлаш масаласига умум­мин­тақавий ёндашув зарур эканлиги таъкидланиб, Оролбўйи зонасида муҳо­фаза қилинадиган трансчегаравий та­биий ҳу­дудлар ташкил этилиши таклиф қи­линди. Йўқолиб бораётган ҳайвонлар, жумладан, қоплон, қулон, сайғоқ ва бошқа ноёб жониворларни сақлаб қолиш зарур.

Тўртинчидан, сувни тежаш, трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш масалаларидаги минтақавий ҳамкорлик даражасини кескин ошириш лозим. Орол денгизи ҳудудидаги сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича ўзаро мақбул ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш учун барча зарур шароитларни яратиш, Ўзбекистонда ушбу масалага бағишланган минтақавий конференция ўтказиш ва Марказий Осиё­да сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича минтақавий дастур қабул қилиниши мазкур конференциянинг энг муҳим натижаси бўлиши лозимлиги давлатимиз раҳбари томонидан таъкидланди.

Ўзбекистонда 55 та сунъий сув омбори мавжуд. Бундан ташқари, Ўзбекистон сув ресурслари миллий бойлигини 500 та табиий кўл ҳамда 1448 та булоқ ташкил этади. Шундан 30 таси Амударё ҳавзасида, 25 таси Сирдарё ҳавзасида жойлашган. Сув омборлари ҳажми ва тўпланган сув миқдори бўйича табиий сув ҳавзаларидан анча катта. Айни пайтда, 4,3 миллион гектар ерни суғориш учун ўртача 57 миллион м3 сув олинмоқда, у мавжуд сув ресурсларининг 90 фоизни ташкил этади.

Бешинчидан, Юртбошимиз бугунги кун­да илмий кооперацияни самарали ривожлантирмасдан олдимизда турган­ ­муаммолар ечимини таъминлашнинг иложи йўқлигини, фанлараро тадқиқотларни ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини  айтди. Давлатлараро муво­фиқ­лаш­тирувчи сув хўжалиги комиссияси ва Дав­латлараро барқарор ривожланиш комиссиясининг илмий-ахборот марказлари негизида бундай тадқиқотлар олиб бориш мумкинлигини асослаб берди. Президентимиз томонидан конференцияда илгари сурилган ташаббуслар асосида “йўл харитаси” ишлаб чиқиш ва унинг ижросини амалий жиҳатдан назоратга олишни Жамғарма бошқарувига топшириш лозимлиги ҳам қайд этилди.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, маърузада кўрсатилган ғоялар асоси­да трансчегаравий сувлар ва халқаро ат­роф-муҳит сиёсатининг стратегик мақ­са­ди ва вазифаларини бажариш учун қо­нунчиликда ҳам бир қатор такомиллаштириш ишларини амалга ошириш, жумладан:

— Минтақада сув объектларидан энергетика ва гидроэнергетика соҳасида фойдаланиш;

— Трансчегаравий сув оқимларидан фойдаланиш соҳасидаги минтақа давлатларининг “халқаро сув оқимларидан мақбул равишда фойдаланишга эришиш ҳамда тегишли тарзда ҳимоя қилиш мақсадида” халқаро ҳуқуқ доирасида ҳамкорлик қилиш умумий мажбуриятини ҳам ўз вақтида бажариш;

— Фуқароларга трансчегаравий ­муам­моларни тўғри тушунтириш, шунингдек, уларга экологик ҳуқуқий билимларни замон талаби асосида ўзлаштириш мақсадида олий ўқув юртларида “Трансчегаравий сувлар ва атроф-муҳит халқаро ҳуқуқи” махсус фанини ўқитиш, халқаро андазаларга мос, замон талаблари асосида ўрганишни таъминлаш мақсадга мувофиқдир.

Марказий Осиё доим сув ресурсларига тобе бўлиб келган, ҳозир эса глобал ­исиш ва сув истеъмолининг ўсиши шароитларида бу муаммо янада чуқурлашмоқда. Бугун агар бир томчи сувни асрамасак, бу келгуси авлод олдида жиноят бўлади. Бирор мамлакат, ҳатто сувни тежовчи энг яхши технологияларни жорий этиб ҳам бу муаммони мустақил ҳал қила олмайди.

Шу боис Ўзбекистон минтақавий давлатлар билан сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш бўйича ҳар томонлама мулоқотни амалга оширишга ва халқаро ҳуқуқ нормалари асосида тегишли конвенцияларни фаол равишда ишлаб чиқилишига ҳар доим тайёр эканлиги ҳамда ижобий так­лифларни олға сураётганлиги ҳам катта аҳамиятга эгадир.

 

Жуманазар ХОЛМЎМИНОВ,

Тошкент давлат юридик университети “Экология ва аграр ҳуқуқи” кафедраси профессори, юридик фанлар доктори