-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Суд жараёнини кузатиш имконияти пайдо бўлди

11.10.2018

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ Олий судининг янги расмий веб-сайти ҳамда ундаги фуқаролар ва юридик шахслар учун замонавий интерактив хизматлар тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимизда фаолият кўрсатувчи хал­қаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари, АҚШ, Ҳин­дистон, Хитой, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Турк­манистон давлатларининг элчихоналари вакиллари, вазирлик ва идоралар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Судлар давлат ҳокимиятининг муҳим бўғини сифатида жамият манфаатларига хизмат қилиши, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаши, энг асосийси, очиқ ва шаффоф бўлиши керак, албатта.

Аввало, тадбирда Олий суднинг янги расмий веб-сай­ти ва ундаги фуқаролар учун кенг имкониятлар ҳақида сўз ­юритилди. Сайт www.sud.uz, www.oliysud.uz ва www.supcourt.uz манзилларида жойлашган. Хусусан, фойдаланувчилар ушбу сайтлар орқали ҳозирда 4 йўналишда фаолият кўрсатаётган жиноят ишлари бўйича, фуқаролик ишлари бўйича, маъмурий ва иқтисодий судлар ҳақида маълумотларни осон топиши, контентларнинг икки тилда — ўзбек ва рус тилларида берилганини кўриши мумкин.

Шунингдек, сайтдан суд тизими, ҳал этиладиган низолар, судлар фаолиятига доир статистик маълумотлар, судларга мурожаат қилиш тартиби, мурожаат қилинганда ундириладиган давлат божи ставкалари ва реквизитлари тўғрисида батафсил ахборот олиш имконияти мавжуд. Энг асосийси, сайтда судлар томонидан кўрсатилаётган интерактив хизматлар тизимлаштирилган тартибда бериб борилади.

Шуни ҳам айтиш керакки, Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан барча суд қарорларининг Олий суд веб-сайтида тизимли равишда эълон қилиниши амалда жорий этилди. Бундан буён фуқароларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаган ҳолда ва суд иштирокчиларининг розилиги билан барча суд қарорлари веб-сайтда эълон қилиб борилади.

Тадбирда таъкидланган энг муҳим янгиликлардан яна бири Президентимизнинг ғояси ва ташаббуси билан амалга жорий этилган дунёда биринчи марта доимий ишловчи — суд мажлисларининг онлайн трансляциясини жорий этиш тақдимоти бўлиб ўтди.

Суд мажлисларининг онлайн трансляцияси бу — реал вақт режимида Олий суднинг веб-сайти орқали суд мажлисларини бевосита тўғридан-тўғри кузатиш имкониятидир. Мазкур тизим суд мажлисларининг ҳақиқий очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш билан бирга фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, жиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасига хизмат қилади. Бу тизимга кириш учун, албатта, уяли алоқа воситаларидан ҳам фойдаланиш мумкин. Ҳозирда ушбу тизим синов тариқасида Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудлари бўлган Хоразм, Сурхондарё ва Наманган вилоятларидаги 12 та судларга ўрнатилган ва ишга туширилган. Жорий йилнинг охирига қадар яна 22 та судни 2019 йилда эса 100 дан ортиқ судларни онлайн трансляция тизимига ўтказиш режалаштирилган.

Гулҳаё НУРМЕТОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири