-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Ҳуқуқий билимлар куни” номи остида флешмоб

11.10.2018

Адлия вазирлиги томонидан аҳолининг ҳуқуқий билимини баҳолаш ва рағбатлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, шунингдек қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида жорий йилнинг 11-12 октябрь кунлари бутун республика бўйлаб “Ҳуқуқий билимлар куни” номи остида флешмоб кўринишидаги тадбирлар ўтказилди.

#huquqiybilimlarkuni ҳештеги остида ўтган флешмоб Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳамда улардаги туманлар марказларида ташкил этилди.

Тошкент шаҳри ҳудудида эса бир вақтнинг ўзида 6 та жойда: Мирзо Улуғбек туманидаги “Эко бозор” савдо мажмуаси, Чилонзор туманидаги “Ғафур Ғулом” истироҳат боғи, Шайхонтоҳур туманидаги “Анҳор локомотив” парки, Яккасарой туманидаги “Next” савдо мажмуаси, Юнусобод туманидаги “Олой” бозори ҳамда “Мега планет” савдо мажмуаси марказий майдонларида бўлиб ўтди.

Флешмобда минглаб фуқаролар иштирок этиб, тадбир доирасида уларга ҳудудий адлия органлари ва адлия бўлимлари ходимлари ҳамда нотариуслар ва адвокатлар томонидан бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Иштирок этган фуқароларга Адлия вазирлиги томонидан минимал талаблар асосида ишлаб чиқилган ҳамда аҳоли билиши лозим бўлган уй-жой, оила, солиқ, банк, тадбиркорлик, ер, меҳнат ва таълим қонунчилигига оид, ижтимоий таъминот ва ижтимоий суғурта билан боғлиқ муносабатлар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа соҳалардаги асосий ҳуқуқий масала ва тушунчаларни ўзида жамлаган 20 000 дан ортиқ
“Ҳаётий муҳим масалалар бўйича ҳуқуқий қўлланма” бепул тарқатилди.

Шунингдек, фуқароларни ҳуқуқий билимларга қизиқтириш ҳамда уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга рағбатлантириш учун тадбирлар доирасида танлов-тестлар, викториналар, ҳуқуқий тарғиботга доир бошқа акциялар ва турли танловлар ташкил этилди.

Хусусан, фуқаролар томонидан 15 000 дан ортиқ ҳуқуқий тестлар ечилиб, фаол иштирокчилар қимматбаҳо эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Ушбу тадбирларнинг байрамона руҳда ўтиши ҳамда янада қизиқарли бўлиши учун уларда таниқли хонандалар, шу жумладан ёшлар орасида машҳур эстрада юлдузлари ҳамда кино ва театр намояндалари, актёр ва актрисалар ҳам иштирок этишди.

 

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими