-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ҳалоллик билан кун кечириш йўлида ҒАЙРАТ ВА ШИЖОАТЛИ БЎЛИНГ

05.11.2018

ҚАДИМДАН юртимизда оила инс­титути масалаларига давлат сиёсати даражасида қаралган. Жумладан, илк ёзма манба сифатида яратилган “Авесто”да оила мустаҳкамлиги, эрки, хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрни, отанинг оиладаги ўрни, онанинг хонадондаги мавқеи масалалари қайд этилган. Эътиборли томони шундаки, зардуштийликда қиз бола тарбиясига алоҳида эътибор берилган. Зардушт таълимотига кўра, ҳар бир ота-она ўз қизи балоғат ёшига (15 ёшга) тўлгунча уй-рўзғор юмушларини билиши, эътиқодли, босиқ ва ҳаё-иболи, покиза қилиб тарбияланган бўлиши зарур. Шунингдек, оилада отанинг фарзанд тарбиясидаги роли, айниқса, қиз болага нисбатан тарбия талабларини зардуштийлик таълимотига кўра, Зардушт қизини турмушга бериш олдидан қуйидагича насиҳат қилишида кўриш мумкин: “Эй, Пручисто, эй, кенжа қизим, мен сенинг отанг эканман, маздопарастлик динининг тарғиботчиси Жомаспни сенга жуфти ҳалолликка интихоб этдим. Энди сен ўзинг билан ақлу фаросат билан маслаҳат қил, бу маслаҳатни қабул этсанг, поклик расми билан ахди никоҳ боғлаймиз”. Бўлажак келин-куёвларга эса қуйидагича мурожаат қилган: “Энди мен сизларга шахсан мурожаат этаман: “Пандимга қулоқ солинг ва айтганларимни хотирангизга муҳрлаб олинг. Ҳалоллик билан кун кечириш йўлида ғайрат ва шижоатли бўлинг. Ҳар бирингиз яхши хулқингиз билан бир-бирингизга меҳр қўйинг, токи муқаддас эр-хотинликни хурсандлик ва хушбахтлик билан ўтказинг”. “Авесто”нинг “Вендидод” қисмида оила бутунлигини сақлаш, никоҳ тартиблари, эр-хотиннинг мажбурияти, никоҳнинг бекор қилиниши сабаби ва шартлари таҳлил этилган бўлиб, ­улар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Масалан, зардуштийларнинг олий илоҳи Ахурамазда ёки Зардуштнинг келин-куёвларга панд-насиҳатларида шундай дейилган: “Эй, Спитамон Зардушт! Мен оилали эркакларни оиласиз мардлардан кўра муҳтарам тутаман. Кимда-ким балоғат ёшига етган йигитнинг уйланишига моддий ёрдам берса, унга бу дунё-ю у дунёда савоб ёғдираман”.

Оилани мустаҳкамлаш дунё миқ­­­­­ёсида бош масала даражаси­га кўтарилган муаммолардан биридир. Оилалар аҳиллиги ва мус­таҳ­камлигига эришиш мақсадида Бир­лашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 15 май — Халқаро оила куни сифатида нишонланиши тўғрисида қарор қабул қилинган. Ўтган йиллар мобайнида юртимизда оила тушунчаси, унинг мазмун-моҳияти, жамиятда тутган ўрни масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, барча ҳуқуқий асослар яратилганини таъкидлаш лозим. Айниқса, аёллар ва болалар манфаатлари, саломатлигини ҳимоя қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Конституциямизнинг 14-бобида ҳам оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги, жамият ва давлат муҳофазасида бўлиши қатъий белгилаб қўйилган. Оила кодекси ва бошқа қонунлар орқали ёш ва кўп болали аёлларни ишга қабул қилишда имтиёзлар белгиланган.

2017 йил Президентимиз
Ш.Мир­зиёев Сочида ўтказилган ­МДҲ­га аъзо давлатлар раҳбарларининг САММИТида оила институти ва анъанавий ­оилавий қадриятлар бўйича билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаб: “Замонавий глобаллашув­ шароитида биз ҳар бир давлатчилик асосида турган фундаментал қад­риятлар ҳақида унутмаслигимиз лозим. Ўсиб келаётган ёш авлод айнан оилада руҳий тарбия олиб, масъулиятли бўлиб, атрофдаги воқеаларга бефарқ бўлмасликни ўрганади. Мана шу муҳим йўналишда тўпланган тажрибаларни алмашиш мақсадида келаси йил Ўзбекистонда “Ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда оила ва ўзини ўзи бошқариш органларининг роли” мав­зуида хал­қаро конференцияни таш­кил этишни таклиф қиламан”, деб фикр билдирганди.

Оилалар тинчлиги мамлакат осо­йишталигининг гаровидир. Шундай ­экан, низоли оилаларга эътиборни кучайтириш, ёшлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини юқори поғонага кўтариш, керак бўлса амалий ёрдам кўрсатиш йўлида бува-бувижонлар, ота-она, маҳалла, қўни-қўшни, қа­рин­дош-уруғлар жипслашмоғи лозим.

 

Феруза МУҲИДДИНОВА,

Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори