-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Дунёни ўзгартиришга йўналтирилган 17 та мақсад

05.11.2018

Биз нима қила оламиз?

БИРЛАШГАН Миллатлар Ташкилоти бутун дунёда тинчликни асраш, дунёнинг барча жабҳаларида адолатли жамият барпо этиш, кенг қамровли ва барқарор иқтисодий ўсиш ҳамда ҳамма учун бандлик ва муносиб меҳнат қилиш имкониятларини таъминлаш, табиатни, экологияни муҳофаза қилиш — иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига қарши курашиш бўйича тезкор чоралар кўриш, мамлакатлараро ва ички тенгсизлик даражасини қисқартириш, барчани қамраб олувчи, тенг ҳуқуқли ҳамда сифатли таълимни таъминлаш каби эзгу мақсадларни муштарак қилиб, узоқ йиллардан бери тинимсиз ҳаракат қилаяпти.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбе­кис­­тон­даги вакиллиги бугунги кунда Барқарор ривож­ланиш мақсадлари — дунёни ўзгартиришга йўналтирилган 17 та мақсад атрофида иш олиб бораяпти. Бу саъй-ҳаракатларнинг асл моҳияти нимада? Бу бизга нима учун муҳим? Ҳар биримиз ўз мамлакатимиз ривожи нуқтаи назаридан олиб қараганда диёримиз учун, халқимиз учун, ёйинки дунёни яхши томонга ўзгартиришга заррача бўлса-да ҳисса қўшиш учун нима қила оламиз? Қандай фикр билдира оламиз ёки бу ғояларни қандай қўллаб-қувватлаймиз? Эзгуликка йўналтирилган ушбу ғояларнинг биз учун энг муҳимларидан бир нечтаси ҳақида бугун сўз юритамиз.

 

Тинчлик, адолат ва самарали бошқарув

Мақсад — барқарор ривожланиш манфаатла­ри йўлида тинчликсевар ва очиқ жамиятлар қурилишига кўмаклашиш, барча учун одил судлов имкониятидан фойдаланишни таъминлаш ҳамда самарали, ҳисобдор ва кенг иштирокка асосланган муас­сасаларни ташкил этиш. Айтиш жоизки, бугун ҳу­куматимиз сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бири мамлакатни ривожлантириш бўйича тузилган тараққиёт стратегиясининг муҳим бўғини айни шу мақсадга йўналтирилган. Ўзбекистонда суд тизимида чуқур ислоҳотлар олиб борилди, фаолиятнинг ҳар жабҳасида адолат принципларига асосланиб иш юритилмоқда. Тинчликнинг моҳиятини, бу биз учун қанчалик даражада муҳимлигини англашимиз учун қайд этиш лозимки, 2011 йилда можарога жалб қилинган мамлакатларда бошланғич мактабни тарк этишга мажбур бўлган болалар 50 фоизни ташкил этди, яъни бу 28,5 миллион бола дегани. Бу ҳолат нотинчликнинг мамлакатларга ҳали фақат таълимгагина кўрсатган нохуш оқибатларини намойиш этади.

Дунёни ўзгартиришга йўналтирилган 17 та мақсад йўналишларига кўра бундай вазиятларда ҳар бир ­одам ўзига МЕН НИМА ҚИЛА ОЛАМАН? деган саволни бериши керак.

Хўш, сиз нима қила оласиз? Бу жуда оддий. Масалан:

Мамлакатингиз ҳукумати амалга ошираётган ишларга самимий қизиқиш билдиринг.

этник тегишлилиги, дини, жинси ва дунёқараши турлича бўлган кишиларга ҳурматни тарғиб қилинг. Биз биргаликда барча учун муносиб ҳаётни таъминлаш шартларини яхшилашга кўмаклашишимиз мумкин.

Ўта қашшоқликка барҳам бериш

Мақсад — 2030 йилгача дунёда қашшоқликнинг барча турларига барҳам бериш. Дунёда 836 миллион киши ҳанузгача ўта қашшоқликда яшаб келмоқда. Ривожланаётган мамлакатлардаги деярли ҳар бир бешинчи одам кунига 1,25 доллардан кам маблағ билан ҳаёт кечиради.

Сиз нима қила оласиз?

Агарда сиз давлат сиёсатини белгилашда иштирок этсангиз ёки шунга масъул шахс бўлсангиз: ночорлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларнинг маҳсулдор бандлиги ҳамда ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтириш учун ёрдам беришингиз мумкин.

Агар сиз хусусий секторда ишласангиз: ўз кучингизни кичик корхоналарга, шунингдек, ноформал секторда фаолият юритаётган корхоналарга йўналтириб, аҳолининг иқтисодий имкониятлари кенгайишига кў­маклашишингиз мумкин.

Агар сиз илмий ёки академик ҳамжа­ми­ятнинг аъзоси бўлсангиз: фан орқали қаш­шоқлик даражасини қисқартириб, барқарор ривожланишга эришиш имкониятини берадиган янги, барқарорлик принцип­ларига асосланган ёндашув, ечим ва технологиялар учун пойдевор ярата оласиз.

Барчамиз тинч, осуда тараққий этган давлат барпо этиш учун ўз кучимиз доирасида ҳисса қўша оламиз. Мамлакатимиз раҳбарининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини эса алоҳида тилга олиш лозим. Президентимиз БМТ минбаридан туриб халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берилганини қайд этди. Бунинг исботи сифатида юртимизда ўқитувчи ва ўқувчилар, талабалар пахта майдонларидан ортга қайтарилди.

Мамлакатимиз раҳбарининг жаҳон ҳамжа­мия­ти олдида долзарб мавзулардаги таъкиди юртимизда олиб борилаётган фаолиятнинг кўп жабҳаларида эзгуликка, инсон мафаатларига йўналтирилган ҳолда ўз тасдиғини топди. Бу ҳақда Тошкент дав­лат юридик университети ўқитувчилари ўз му­ло­ҳазаларини билдиради:

 

Алишер ЖУМАҒУЛОВ,

Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси:

— Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги маърузасида Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича мамлакатда таъсирчан чоралар кўрилганлигини таъкидлади.  

Мажбурий меҳнат инсон ҳуқуқларининг мо­ҳиятига зид бўлиб, демократик ҳуқуқий давлатларнинг сиёсатига тўғри келмайди. Шунингдек, бундай ғайри ҳуқуқий ҳолатларга эътиборсизлик давлатларнинг халқаро майдондаги сиёсий обрўсига салбий таъсир кўрсатади.

Мамлакатимизда мажбурий меҳнатнинг барча кўринишларини бартараф этиш, мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳар бир ҳолатни “фавқулодда ҳодиса” сифатида баҳолаш, мажбурий меҳнат ҳолатларига йўл қўйган барча даражадаги ҳо­кимлар ва раҳбарларнинг шахсий масъулият ва жавобгарлигини ошириш масаласида таъсирчан чоралар кўрилди. Қисқа вақт ичида мажбурий меҳнатнинг барча кўринишларига қарши кўрилган чора-тадбирлар ўз самарасини кўрсатмоқда ва халқаро нуфузли ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда. Халқаро меҳнат ташкилотининг Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-конвенцияси,  Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисидаги 105-конвенцияси ва Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисидаги 182-конвенцияси Олий Мажлис томонидан ратификация қилинган. Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда мажбурий меҳнатнинг барча кўринишлари санкциялаб қўйилди. 

 

Омонулла МУҲАММАДЖОНОВ,

юридик фанлари доктори:

— Мамлакатимиз халқаро миқёсдаги асосли ва эзгу ташаббуслари билан жаҳон ҳамжамияти ҳурматини қозонмоқда. Хусусан, Марказий Осиёда ­ядро қу­ро­лидан холи ҳудуд барпо қилиш, Афғон можаросини БМТ шафелигида тинч музокаралар ўтказиш йўли билан ҳал этиш, Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларига барҳам бериш ҳамда Оролбўйида экотизим инқирозини бартараф қилиш каби қатор ташаббуслари бутун дунёда ўз эътирофини топди.

БМТ Бош котиби жаноб Антониу Гутерриш ўзининг мамлакатимизга 2017 йилнинг июнидаги ташрифи якунлари бўйича Президентимизга йўллаган мактубида республикамиз раҳбариятининг мамлакатни янада ривожлантиришнинг 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган “Ҳаракатлар стратегияси”да акс этган интилишларига юқори баҳо бергани бежиз эмас. БМТ Бош котиби таъкидлаганидек, Ўзбекистонни ривожлантиришнинг “Ҳаракатлар стратегияси” ва Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш кун тартибининг муштарак жиҳатлари кўп. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ­учун асос бўлиши мумкин.

Жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистон раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқи, умуман, юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли янгиланишлар, ташқи сиёсий фаолиятга, айниқса, минтақадаги қўшни давлатлар билан ҳамкорликка асосланган, аҳил, ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатиш саъй-ҳаракатларига хайрихоҳлик билан қарамоқда. Президентимизнинг яна бир таклифи — глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ҳамда амалга оширишга қаратилган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифидир. Бунинг сабаби ҳозирда дунё ёшлари сон жиҳатидан инсоният тарихидаги энг йирик авлод бўлиб, улар 2 миллиард кишини ташкил этмоқда. Афсуски, экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилмоқда. Бу борада кўп ҳолларда таҳдидларни келтириб чиқараётган асосий сабаблар билан эмас, балки уларнинг оқибатларига қарши курашиш билангина чекланиб қолинмоқда. Шу сабабли одамлар, авваламбор, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш долзарб вазифа эканлигини қайд этиш лозим.

 

Аҳаджон ҲАКИМОВ,

Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси:

— Ўзбекистон Афғонистон муаммосини ҳал қи­лишда ўзининг мақсад ва принципиал позициясига содиқ қолмоқда. Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга кўмак беришда тинч­ликсевар лойиҳаларни амалга ошириш, қўшни дав­латнинг узоқ муддатли урушдан вайрон бўлган иқтисодиётини тиклашда иштирок этиш орқали ўз қатъиятини намойиш қилиб келаяпти. Президентимиз минтақавий ҳамда халқаро хавфсизликни таъминлашда Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишнинг стратегик аҳамиятини инобатга олиб, энг юқори мартабали минбарлардан туриб, жаҳон афкор оммасининг эътиборини Афғон можаросини ҳал қилиш заруратига қаратаётир. Хусусан, давлатимиз раҳбари 2017 йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида, МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида ҳамда 2017 йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик!” мавзуидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, “Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли — марказий ҳукумат ва мамлакат ичи­даги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдир. Афғонистон масаласи глобал миқёсдаги масалалар марказида бўлиши лозим. Халқаро ҳам­жамиятнинг саъй-ҳаракатлари, биринчи навбатда, Афғонистондаги ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга қаратилиши керак”.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан Афғо­нис­тон билан ҳамкорликда жорий йилнинг 26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида “Тинчлик жа­раёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва мин­тақавий шериклик” мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференциясини ўтказиш ташаббусининг илгари сурилиши Ўзбекистон раҳбариятининг минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича умумий стратегиясининг ажралмас бўлаги ҳисобланади.

 

“Инсон ва қонун” мухбири Мадҳия АВАЗОВА тайёрлади.