-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Судда ёлғон кўрсатма берган ҚВП мудири

05.11.2018

МАМЛАКАТИМИЗДА суд соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Халқнинг судга ишончи, ҳурмати ортмоқда. “Суд бизнинг қонуний ҳуқуқларимизни ҳимоя қилади”, деган сўзлар суд залларида баралла янграй бошлади. Энг асосийси, суд халққа қараб “юриш” қилди.

Суд амалиётида қонун нормаларидан боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги фактини, шунингдек, туғилган вақтини белгилаш билан боғлиқ аризалар кўпчиликни ташкил қилади.

Жумладан, аризачи чет эл фуқароси бўл­ган Мафтуна Меликова (исм-шарифлар ўз­гар­тирилган) ариза талабини қувватлаб, Ўз­бекистон фуқароси Шавкат Бобобеков билан 1996 йилда шаръий никоҳдан ўтиб яшаётганини судга берган аризасида баён қилган. Турмушидан икки нафар фарзанди борлиги, Лутфулло Бобобеков исмли фарзанди 2002 йил 13 октябрда, иккинчиси Гулхумор Бобобекова 2005 йил 15 июнда туғилган. Лутфулло Бобобеков уй шароитида туғилган, етишмовчилик сабабли ўша вақтда фарзандларига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси олинмаган. Ҳозирги пайтда қизи Г.Бобобекова ва ўғли Л.Бобобековлар мактабда ўқиши, фарзандларига туғилганлик ҳа­қида гувоҳнома олиши зарурлиги сабабли у Самарқанд туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилгани, аммо у ердан унга фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши керакли тушунтирилган. Шу сабабли Мафтуна Меликова 13 ёшли қиз фарзанди ва 16 ёшли ўғил фарзанди ўз фарзандлари эканлиги фактини белгилаб беришни сўраган.

Суд жараёнида аризачининг 10 га яқин гувоҳлари иштирок этиб, барчаси фактни тасдиқлаган ва судда иштирок этган ҚВП мудири ҳам ҳақиқатан уй шароитида туғилганлигини таъкидлаган.

Лекин суд томонидан туман Халқ таълими бўлимига берилган сўровномага асосан келтирилган жавоб хатида аризачининг фарзандлари шу тумандаги мактабларда таълим олишлиги, уларга қўшни республикадан туғилганлиги тўғрисида шаходатнома берилганлиги маълум қилиниб, улардан нусхалар тақдим этилган.

Қизиғи, ишни кўриш жараёнида ҚВП мудири ўз кўрсатмаларини ўзгартириб, ҚВП томонидан тузилган 1-2-сонли тиббий маълумотномаларга кўра Меликова Мафтуна томонидан фарзандлари уй шароитида туғилганлиги қайд этилган маълумотномалар тегишли гувоҳларнинг кўрсатмаларига асосан асоссиз тўлдирилганлигини, қилган ишидан пушаймонлигини ва ушбу маълумотларни суд томонидан ҳужжат сифатида қабул қилмасликни сўради.

Суд томонидан мазкур ариза кўриб чиқилиб, аризани қаноатлантириш рад этилган ва уйда туққанлигини тасдиқлаб берган қишлоқ врачлик пункти раҳбарига нисбатан хусусий ажрим чиқарилиб, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Мазкур ҳолатларнинг олдини олиш мақ­садида фуқаролик ишлари бўйича Каттқўрғон туманлараро суди ташаббускорлигида туман­ адлия бошқармаси, туман ФҲДЁ, туман тиб­биёт бирлашмаси ва туман хотин-қизлар қў­митаси ва ­оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда туманнинг Яккабоғ ма­ҳалласида амалий семинар ташкил қилинди.

 

Камол НАМАЗОВ,

фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро суди раиси