-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси: “Навбатсиз кун” акцияси

06.11.2018

Ҳаётда ўтаётган ҳар бир дақиқа ғанимат. Унинг қадрига етиш, вақтни режали тақсимлай билиш муҳим.  Бироқ ҳар доим ҳам вақтимизни мақсадли сарфлаш ўзимизга боғлиқ бўлмайди. Чунки аксарият ишларимиз бирон бир идорада битишига тўғри келади.

Одатда, шифохоналар, банк муассасалари, шунингдек, бошқа давлат ташкилот ва идоралари ҳамиша одамлар билан гавжум. Навбат кутиш эса ҳаммага ҳам хуш ёқавермайди. Айниқса, нав­бат кутиш маданиятига эга бўлмаган кимсаларнинг “фалончининг номидан келдим” ёки айримлари навбатда турган одамларни гўёки кўрмагандек бўлиб ишини “битириб” кетиши хунобингизни ­оширади. Бу ноҳақликдан одамларда норозилик кайфияти пайдо бўлади. Сирдарё вилояти адлия бошқармаси аҳоли энг кўп навбатда турадиган соҳаларни ўрганиб, бевосита ушбу муассасаларда бўлиб одамларга қулайлик яратиш мақсадида “Нав­батсиз кун” акциясини ташкил этди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур акция аҳолига турли хизматларни кўрсатишда янада қулайлик яратиш ҳамда хизмат кўрсатувчи идоралар ходимларининг касбий маҳорати ва масъулиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

 Дастлабки тадбир Гулистон шаҳар кўп тармоқли марказий шифохонасида ташкил этилди.

 “Навбатсиз кун” акцияси доирасида АТ Халқ банки Сирдарё вилоят филиали амалиёт бўлимида жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатишда қулайлик яратиш, фуқароларнинг навбат кутиб қолишига йўл қўймаслик мақсадида бошқа бўлимларнинг малакали мутахассислари  ҳам жалб қилинди.

Шунингдек, Давлат хизматлари марказлари, туман давлат нотариал идораларида ҳам тезкор хизмат йўлга қўйилиб, ортиқча навбат кутишларнинг олди олинди. Акция доирасида ушбу идораларга мурожаат этган фуқаролар ўз миннатдорчилигини билдиришди.

Сансалорлик, ортиқча навбат кутишларнинг олдини олишга қаратилган мазкур акция вилоят бўйича барча туманларда ташкил этилади

.

Дилфуза ЭРГАШЕВА,

“Инсон ва қонун” мухбири