-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Хорижий тиллар синдроми” Ўзбек тилининг унутилиши сари қадамми ёхуд ёрқин келажакдан дарак?..

01.12.2018

КЎП кузатаман...

Кўча-кўйда, жамоат транспортларида, боғ-хиёбонларда қўр солиб, ажнабий тилда сўз қотишиб, қўнишиб турган ёш-ялангларни кўриб, бир-да масрур бўламан, бир-да ўйга толаман. Ўзимга ўзим бундай деган бўламан:

“Замон балоси. Бунга қарши чиққаннинг оёғости бўлгани қолади”...

 

Бир томондан ўзбекнинг болалари ҳов Овропанинг қай бир бурчагидаги халқ тилини би­лиши заб яхши. Тил билган эл билади. Аммо бу ўринда шу ёшларнинг ўз она тилига сал эътиборсизроқ бўлиб тарбия топаётганлиги кўнгилни хижил қилади-да. Ҳалиям “хорижий тил­­лар синдроми” халқимиз орасида шиддат уловига мингашганича йўқ. Бир томондан айрим қўшни давлатлар билан солиштирсак, ҳайтовур, бизда она тилимизга бўлган “содиқлик” ҳисси сақланган. Шу ўринда масаланинг иккинчи томони борки, буни шартли тарзда “замона зайли”, деб атай қоламиз. Глобаллашув — замона зайли.

Ер сайёраси чунон тез айланаяпти. Маҳкамроқ ушланг — тушиб қолишингиз ҳеч гап эмас...

...Тунов куни интернет тар­мо­ғини титкилаб ўтириб, бир “ба­шорат”га кўзим тушди. Айтилишича, шу кеча-кундузда шариф заминимизда етти мингга яқин тил мавжуд бўлиб, жорий аср оралиғида бу тилларнинг қарийб эллик фоизи муомаладан кў­тарилар, ўлик тилга дўнаркан. Билсангиз, бугунги шиддатни кў­риб, ўз-ўзимча шу башоратга ишонқираб қо­лаёздим.

Яқинда бир танишим билан гаплашиб қолдим. Ўзи чет элда таҳсил олади.

— Бунинг самараси яхши. Ав­­­вало, инглиз тилида таҳсил кўрган кадр халқаро миқёсида қабул қилинади. Дунёнинг истаган нуқтасига бориб фаолият юритиши мумкин бўлади.

Ўйлаб қолдим. Бутун дунё яхлит марказлашиш — централизм сари одимлаётган ­экан, бунда тилларнинг ҳам йў­қолиши, ўлик тилга айланиши муҳаққақликка яқин-ку! Хўш, ўзбек тилининг мавқеи бурун қандай эдию ҳозир қандай? Бунга мисол тариқасида ўтган юз йилликнинг ёзма манбаларига мурожаат қиламиз. Бу давр адабиётлари тилининг аксари ўзгача. Ўғуз лаҳжасида битилган. Айни замонамизда эса қарлуқ лаҳжасида ўқияпмиз, ёзаяпмиз, гап қотишаяпмиз. Демакки, ҳар юз йилда тил ўз­гаришини аксиома, деб ола­ди­ган бўлсак, жаҳоншумул мар­­каз­лашишнинг тадрижи қўр­­қинч­ли туюлади кишига.

Чўпон кўпайса, ипнинг ҳар томонга тортилиши бор гап!

Юқорида айтилган юз йилликнинг ижтимоий-сиёсий ҳа­ётида рус тилининг аҳамияти кат­та бўлди. Балки тилимизнинг тус­ланишига сабаб ҳам шудир?!

Ўтган ишга саловат... Мавзудан чалғиган чиқамиз...

Энди масаланинг асосий­ қисмига ўтсак. Ижтимоий ҳаё­тимизда тобора авж олаётган “хорижий тиллар синдроми” ўзбек тилининг унутилиши сари қадамми ёхуд ёрқин келажакдан дарак?

Секин бўлса-да, биз ўз­беклар ҳам марказлашиш сари кетаяпмиз. Глобаллашувнинг оҳан­рабоси марказлашишнинг маркази. Ўзбек тилининг тадрижи глобаллашув даражаси билан ўлчанганда “иҳоталанган” тиллар қаторига кирмайди.

Ер сайёраси чунон тез айланаяпти. Маҳкамроқ ушланг — тушиб қолишингиз ҳеч гап эмас. Юқорида ушбу жумла­ни бекорга келтирмадим. Мам­­­лакат ижтимоий ҳаётига умум­­жаҳон миқёсидаги лисон­лар­ни киритмас эканмиз, та­рақ­қиётдан ортда қолишимиз — тушиб қолишимиз ҳеч гап эмас. Масалан, таълим со­ҳа­сига инглиз тилини жорий этиш билан халқаро миқёсида кад­рлар тайёрлашга эришиши­миз мумкин. Шунингдек, ўзи­мизнинг “боғимизда” етиш­ти­рилган кадр­лар узоқ-узоқ ўл­каларда ҳам иш олиб бориши мумкин бўлади. Бизнинг ҳам ўқув юртларимизда етти иқ­лимдан келган талабалар ўқиш-ўрганиш имкониятига эга чи­қадилар. (Албатта, бу ўз-ўзи­дан бўлиб қолмайди). Бу эса бир томондан давлат учун қўшимча маблағ келтирса, бир томондан ўзбек тили ва маданиятини “экспорт” қилишга замин ҳозирлайди. Бугун бутун дунё ушбу қоида асосида иш олиб бораётир. Ўрта асрларда “Буюк ­ипак йўли” жаҳоншумул маданият ташувчи бўлган эрса, жонажон асримизда миграция жорий анъанани давом эттираётир.

Бундай вазиятда айтганим транспортда, кўча-кўйда, хиёбонларда ажнабий тилда гап­лашиб турган “хорижий тиллар синдроми”ни юқтирганларни кўр­­­сам, асосан мамнун бў­ла­ман. Бу менда ёрқин келажакдан дарак берган каби ҳис уй­ғо­тади. Она тилимизнинг боши­да не кўргиликлар бор, буни айтиш мушкул. Ярим аср ичида бутун бошли цивилизация вайрон бўлиши, харобалар гуллаб-яшнаши мумкин. Қарийб йўқолиб бўлган иврит тилининг “қайта туғилиши” бунга мисол. Давлатнинг иқтисодий-сиёсий қудратининг ўсиши, оламлар миқёсида давлатнинг объектдан бевосита суъбектга эврилиши билан барчаси ўзгариб кетиши ҳақиқатдан узоқ эмас. Бунда жами ўзбеклар ёппасига миллат қудратини юксалтиришга бел боғлаши керак. Қудратли давлатгина маданиятини, тилини, урф-одатларини сақлаб қолади.

Оғочлар қуёшга талпинади...

Эҳ она замонам-а, эҳ она тилим-а!..

 

Ислом ИБОДУЛЛА,

“Инсон ва қонун” Мухбири