-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Заминни титратган нола

01.12.2018

...АСЛИДА дунёнинг барча муаммолари, масалалари тинчлик, деган улуғ неъмат олдида ҳеч нарса эмас. Ер юзида тинчлик ва осойишталик бўлмаса, ҳеч бир муддаонинг таг замирига етиб бўлмайди. Негаки, инсониятни ёруғ манзилларга чорлаётган барча орзу-истаклар барқарорлик туфайли амалга ошади. Эзгуликка боғловчи ҳамма ришталар тинчлик, деган эзгу тушунчада туташади.

Дарҳақиқат, тинчлик ҳақида ёзаётиб, турли қўпорувчилик, вайронкорлик ҳаракатлари рўй бераётган (уруш бўлаётган) мамлакатлардан биридаги тасвирий лавҳа хаёлдан ўтади.

...Ўша юртда уруш туфайли харобага айланган уйларнинг тўкилиб, кўчаларнинг тўсилиб, уюм-уюм тепаликлар ҳосил бўлган мудҳиш кўриниши намоён бўлади. Улар ичида қоқилиб-суриниб юрган онда-сонда кишиларнинг қон босиб қақшаган юзлари, ғамгин кўзлари, умидсиз қиёфаси акс этиб турибди. Улар ерда юзтубан чўзилиб ётган мурдалар орасидан ўз яқинларини излайди.

Бир аёл қулаб тушган уйнинг ғиштлари орасидан ярим танаси кўриниб турган кичкина жуссага кўзи тушдию, чинқириб юборди.

Шу балои тўфон остида яшашига умид бериб турган фарзандидан айрилган она нима қиларини билмай қолди, осмонга, ерга, ҳар ёнга нажот сўрагандек қаради. Унга таскин берадиган умид йўқ, садо йўқ, куч йўқ... Унинг бу қарашлари шу қадар илтижоли, илтимосли, нолали эдики, қани унга бирор чора топилса...

Аёл бир лаҳза ўтгач, “оҳ” урди. Гўё осмон ёрилиб кетди. Унинг бошига фалак ағдарилиб тушди. Она кўзларида мунг, юзларида қайғу, бағрида тузалмас ва туганмас оғриқ, дард билан ерпарчин бўлди.

 

Қурол кўтарган аёл

 

Бугун телевизор, ижтимоий тар­моқлар орқали дунёнинг турли нуқ­таларида бўлаётган воқеа-ҳо­ди­саларни кузатиб ларзага тушамиз. Сабаби бир-бирини инкор этувчи ғоялар, аниқроқ қилиб айтганда, мафкуравий курашлар таъсирида юзага келган бузғунчилик, турли манзилларда авж олаётган беқарорлик, динни ниқоб қилиб ­олиб, дунё ҳамжамиятига хавф солиб келаётган террорчи оқимлар қилмиши қалбимизни титроққа солади. Уларнинг аксарияти ёшлар, аёллардан иборат эканлиги эса, албатта, ташвишли ҳолдир.

Шу ўринда айтиш лозимки, аслида аёл оиладаги муҳит бар­қа­рор­лиги, фарзандлар тарбиясида му­ҳим ўрин тутади. Улар томонидан жи­ноят содир этилиши эса нафақат оилалар парокандалигига, балки­ бо­лаларнинг қаровсиз қолиши, хул­қи бузилиши, турли боши берк кў­чаларга кириб кетишига сабаб бў­лади. Шу билан бирга давлат ва жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий, ахлоқий тарбиясига ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Айниқса, у қайси замонда, қайси жамият ёки давлатда яшамасин, қўлида бола эмас, қурол кўтариб турса... Бугун ижтимоий тармоқлар орқали бохабар бўлиб бораётганларимиз ичида онда-сонда бўлса-да, ана шундай худкуш-террорчиларга ҳам дуч келаяпмиз.

 

Ўйламай босилган қадам

 

З.Бердиева (исм-шарифлар ўз­гартирилган) Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айбдор, деб топилиб, 8 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган. Уни бундай жиноятга бошлаган турмуш ўртоғи ҳам жазо муддатини ўтамоқда. Вояга етмаган 3 нафар фарзанди бор. Кичик фарзанди жазони ўташ муассасасида дунёга келган. Ҳозирда у муас­саса ҳузуридаги болалар уйи­да тарбияланмоқда. Тўнғич фарзанди опасиникида, ўртанчаси эса қайнонаси қарамоғида улғаймоқда.

— Турмуш ўртоғим О.Каримов билан интернет орқали танишдим. Тўйимиз бўлди, — дейди Зилола. —  Фарзандли бўлганимиздан ке­йин ишлаш учун Туркияга кетдик. Иккинчи фарзандим ўша ерда туғилди. Мен ишламасдим. Турмуш ўртоғим қурилишда ишларди. У ердаги шерикларининг нағмаларига учиб, “оқим”га кириб қолди. Мени ҳам шу йўлга бошлаб, Сурияга кетишга ундади. Қаршилик қилдим, лекин турмуш ўртоғим қарзи борлигини, уни тўлаш учун Сурияга бориб, мўмай даромад топишини айтди. Унинг сўзларига ишониб, рози бўлдим. Бизни микроавтобусда Туркия чегарасидаги бир қишлоққа олиб боришди. Биз кичкина хароба ҳужрага жойлашдик. Юкларимизни олиб қўйишди, ҳатто болаларнинг кийимларини ҳам беришмади. Ейишга ҳеч нарса бермай, жуда қўпол муомалада бўлишди. Икки фарзандим билан жуда қийналдим. Ўзимизнинг жамғариб қўйган пулларимиз бор эди. Унга эркаклар ейиш­га ул-бул олиб келишди. Шундай шароитда икки кунни ўтказдик. Ке­йин жанжал-тўполонлар билан яна йўлга чиқдик. Кечаси билан тоғ оралаб юрдик. Мен ҳомиладор ҳолимда жуда қийналдим. У кунларни эслаш­нинг ўзи азоб... Йўлбошчимиз — араб­ миллатига мансуб киши манзилга келганимизни айтиб, бизни шу ҳолатда ташлаб кетди. Биз тунда, тоғ орасида, бегона юртда, ҳужжатларсиз, иложсиз эдик. Ярим кечаси бўлишига қарамай, бир хонадоннинг эшигини тақиллатдик. У ерда чол ва кампир яшар экан. “Биз Суриядамизми?” деб сўрадик. Улар Туркияда эканлигимизни билдиришди. Бизни эшитиб, шу атрофда жойлашган чегара бўлимига олиб бордилар. Чегара ходимлари бизларни қайси мамлакатдан эканимизни аниқлаштириб, ҳаммани ўз юртига жўнатди. Бу айтганларим “хамир учидан патир”. Мен кўрган хунрезликлар... Мана эҳтиётсизлик оқибатида, охирини ўйламай босган қадамим учун жазоимни ўтаяпман. Фарзандларим меҳрга ташна. ­Она бўлиб болаларимга мен эмас, бош­қалар тарбия бераяпти...

 

Ҳамкорликдаги кураш

 

Маълумки, сўнгги йилларда дунё­да жадал ўзгараётган вазият, ге­о­сиёсий қарама-қаршиликлар, за­мо­навий таҳдидлар ва хатарларнинг кескинлашуви хавфсизликни таъминлаш масаласини янада долзарб эканлигини кўрсатаяпти. Негаки, бугунги кунда радикализм, экстремизм ва терроризм хавфи мисли кўрилмаган, глобал миқёс касб этмоқда. Эътиборлиси, улар ўз ғояларини янада кенгроқ ёйиш мақсадида барча жамият ва мамлакатларга кириб бормоқда. Айниқса, ҳозирги кунда дунё бўйича ёшлар инсоният тарихида кўплиги бўйича бузғунчи кучларнинг асосий кураш объектига айланган энг катта авлод ҳисобланади. Айни пайтда дунё­ миқёсида навқирон авлод сони 2 миллиард нафарни ташкил этаяпти. Халқаро экспертлар маълумотларига кўра, 300 мингга яқин 18 ёшга етмаган ўғил-қизлар жаҳондаги диний-экстремистик гуруҳлар таркибидан жой олган. Шу боис бугун ёшларнинг радикаллашуви энг хавфли ва ўткир муаммо бўлиб турибди. Ачинарлиси, бу ҳолат кўплаб давлатларда ижтимоий, маданий ва ахлоқий масалалар мажмуи ўз ечимини кутаётган бир шароитда юзага келмоқда. Мутахассисларнинг фик­рича, жа­миятда шахс мақоми ва талабчанлик туйғуси етишмовчилиги ёки умуман йўқлиги ёшлар ўртасида радикал кайфият кучайишининг асо­сий сабабига айланмоқда.

Буни эътиборга олган ҳолда, терроризм ва экстремизм тарғиботига қарши кураш ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси бу борада кес­кин чораларни кучайтирмоқда. Хусусан, 2016-2017 йилларда ахборот хавфсизлиги линияси бўйича олиб борилган чора-тадбирлар натижасида террорчилик ва экстремистик характердаги 4 миллиондан зиёд ахборот материалларидан ташкил топган 100 мингта интернет-ресурс тармоқдан ўчириб ташланди ёки фаолиятига тўсиқ қўйилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев­ 2017 йил июнь ойида Остонада бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги маърузасида бу борада кибермаконда вужудга ке­лаётган таҳдидларни мониторинг қи­лиш ва уларга қарши курашишни ташкил этиш бўйича ваколатларни тақсимлашни таклиф этди. Давлатимиз раҳбарининг бу ташаббуси ШҲТга аъзо барча мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланди ва жорий йилнинг июнь ойида Циндаода бўлиб ўтган ШҲТ саммитида қабул қилинган Декларацияда ўз ифодасини топди.

Шу ўринда айтиш лозимки, Ўз­бекистон аҳолисининг 60 фоизини ёш авлод ташкил этиши инобатга олиниб, давлатнинг стратегик ресурси саналадиган ёш фуқароларга нисбатан ижтимоий сиёсат ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Жумладан, 2018 йил июнь ойида “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Унда маданий анъаналарни, маънавий, ахлоқий ва ватанпарварлик руҳидаги тарбияни мустаҳкамлаш, экстремизмга қарши курашиш со­ҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини ҳисобга олган ҳолда таълим дастурларини такомилаштириш каби бир қатор масалалар белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Ёшлар ит­тифоқи тузилиб, ҳозирда унинг аъзолари сони 10 миллиондан ошган. Мазкур ташкилот бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ота-оналари диний-экстремистик оқим­лар таъсирига тушиб қолган болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишларни олиб бораяпти. Хусусан, 2017 йилда шундай оила­ларнинг 10 мингга яқин фарзандлари ишга жойлаштирилди.

Бундан ташқари, Президентимиз ташаббуси билан Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази очилди.

Қолаверса, республикада бу борада олиб борилган чора-тадбирлар натижасида 30 ёшгача бўлган шахслар ўртасида терроризм билан боғлиқ жиноятлар сони 2018 йилнинг дастлабки олти ойида 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 65,7 фоизга камайган.

Жорий йилда юртимизда “Human Rights Watch” томонидан эълон қилинган маърузада диний экстремизм таъсирига тушиб қолган, лекин ўз айбини тан олган қарийб 17 минг нафар кишини “махсус рўйхатлар”дан чиқариш, шунингдек, уларни нормал ҳаётга қайтариш бўйича қабул қилинган қарорнинг барқарор ижтимоий сиёсатни таъминлашдаги аҳамияти эътироф этил­ган.

Хуллас, бугунги кунда дунёнинг турли ҳудуд ва минтақаларида, ­олис ва яқин атрофимизда қарама-қаршилик, зиддиятлар тобора кучайиб бораётган бир пайтда, радикализм, экстремизм ва терроризм, деган бало хавфининг томир отмаслиги учун доимо сергак ва огоҳ бўлишимиз зарур. Шунинг учун­ ҳам ҳеч биримиз бефарқлик ва лоқайдлик туйғусига берилмасдан, фазандларимизни аждодларимиз сингари меҳр-оқибатли, ғайрат-шижоатли, ватанпарвар, садоқатли, матонатли, юксак тафаккурли, етук ва комил инсонлар қилиб тарбиялашга интилишимиз керак. Зеро, буюк аждодларимиз бизга ишониб қолдирган муқаддас Ватанни, тинчлик, деган улуғ неъматни асраб-авайлаш, осуда ва хотиржам ҳаётни қадрлаш, севиб-ардоқлаш, мусаффолигини таъминлаш, ёмон кўзлардан сақлаш барчамизнинг бирдек бурчимиздир.

 

Гулсум ШОДИЕВА,

“Инсон ва қонун” мухбири