-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Тадбиркорнинг иши юришди

06.12.2018

МИРЗАЧЎЛ туман адлия бўлими томонидан “Шохмирза Азизбек” МЧЖ раҳбари Жамшид Отамуродовнинг АТ Халқ банки Мирзачўл туман филиали ходимларининг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб ёзган шикоят-аризаси бўйича ўрганиш ўтказилди.

Ўрганиш давомида тадбиркорнинг кредит ажратиш тўғрисидаги мурожаати қонуний тартибда кўриб чиқилмаганлиги аниқланди. Шундан сўнг, адлия бўлими томонидан АТ Халқ банки Мирзачўл филиали бошқарувчиси ўринбосари — кредит операциялари бўлими бошлиғига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 43-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштириб, Дўстлик туман маъмурий судига юборилди.

Шунингдек, қонун ҳужжатлари бузилишини, уларнинг сабабларини ҳамда бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида “Шохмирза Азизбек” МЧЖ раҳбари Ж.Отамуродовнинг кредит маблағи ажратиш тўғрисидаги мурожаатини зудлик билан кўриб чиқиб қонуний қарор қабул қилиш тўғрисида АТ Халқ банки Мирзачўл филиали бошқарувчиси Ш.Боборажабов номига тақдимнома киритилди, киритилган тақдимнома натижасида тадбиркорга кредит маблағи ажратилиши таъминланди.

 

Шуҳрат ТОЖИБОЕВ,

Мирзачўл туман адлия бўлими бошлиғи

 

Бу ҳақда Жамшид Отамуродов шундай дейди:

— Ёшим 22 да. жорий йилнинг февраль ойида АТ Халқ банки Мирзачўл туман филиалига кредит ажратишларини сўраб мурожаат қилдим. Мурожаатимдан сўнг орадан 6 ой ой вақт ўтди. Аммо кредит ажратиш бўйича банк ходимлари лом-мим демади. Кредит олишдан умидимни узган кезларда, Мирзачўл туман адлия бўлими томонидан ташкил этилган сайёр қабуллардан бирида иштирок этиб, мазкур масала бўйича уларга шикоят ариза билан мурожаат қилдим. Адлия бўлими ходимлари менинг мурожаатимни ҳар томонлама ўрганиб чиқишди. Ўрганиш давомида АТ Халқ банки Мирзачўл филиали томонидан менинг кредит ажратиш тўғрисидаги мурожаатим қонуний тартибда кўриб чиқилмаганлиги аниқланди. Кўрилган таъсир чоралари натижасида, жуда қисқа фурсат ичида менга янги тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйиш ва “Шохмирза Азизбек” МЧЖ айланма маблағини шакллантириш учун 20 000 000 (йигирма миллион) сўм миқдоридаги кредит маблағи ажратилди.

Мен “Инсон ва қонун” газетаси орқали Мирзачўл туман адлия бўлимининг масъулиятли ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдириш истагида ­атайлаб таҳририятингизга келдим.

 

“Инсон ва қонун” мухбири

Фарида ҚОРАҚУЛОВА ёзиб олди.