-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Янги қарорлар орқали мамлакатда қандай ўзгаришлар бўлади?

06.12.2018

АДЛИЯ вазирлиги томонидан 30 ноябрь куни ўтказилган “Адлия ахбороти” номли брифингда ўтган ҳафта давомида қабул қилинган Президент қарорлари ва фармонлари, бир қанча ҳукумат қарорлари ҳақида сўз юритилди. Биз ҳам ушбу қонун ҳужжатларининг қисқача мазмунига тўхталамиз ва ушбу қарорлар орқали мамлакатда қандай ўзгаришлар юз беришини муҳокама қиламиз:

“Кредиторларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилинди.

Ушбу Қарорда асосий эъти­бор кредиторлар ва гаров масаласига ҳамда тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

2019 йил 1 январдан бу борада маълум тартиблар ўрнатилади. Эндиликда, кредит олиш учун бир марта гаровга қўйилган мулк­ни иккинчи ва учинчи марта ҳам гаровга қўйиш мумкин. Бунда тегишли ёзувни гаров реестрига киритиб қўйиш керак бўлади. Аслида навбатдаги гаров масаласи қонунчиликда аввал ҳам бор эди. Бироқ биринчи кредитор бунга ҳеч қачон розилик бермаганлиги сабабли ушбу механизм ишламас эди. Мазкур Қарор билан киритилган ўзгартириш шундан иборат-ки, энди мол-мулкни иккинчи марта ёки учинчи марта гаровга қўйишда биринчи гаровга олган кредиторнинг рухсати талаб этилмайдиган бўлди.

Илгари кредит ҳисобига ўз мулкини гаровга қўйган шахс уни гаровга олувчининг рухсатисиз ижарага беролмасди. Киритилган янгиликка кўра, энди мулкни ижарага беришда гаровга олувчининг рухсати талаб этилмайди. Фақат бу тўғрисидаги ёзувни гаров реестрига киритиб қўйиш лозим ва гаровга олувчини хабардор қилиш керак.

Мазкур Қарор ҳақида Марказий банк Кредит ахборотининг давлат реестрини юритиш департаменти директори Санжар Носиров шундай деди:

— Қарордан мақсад гаровга олинган мулкни ундириш жараёнини соддалаштириш, бу орқали тадбиркорлик субъектларини ёки бошқа жисмоний шахсларни молиялаштиришга бўлган талабини тўлақонли қондиришдир. 1 январдан гаров билан таъминланган кредиторларнинг талаблари гаров реестрига тегишли ёзув киритилган санадан бошлаб календарь навбати билан ундириладиган механизм ўрнатилади. Муҳим жиҳатлардан бири гаров реестрига тегишли гаров ҳуқуқи бўйича ёзув киритган кредитор гаров реестрига ёзув киритмаган кредитордан кўра гаровни ундириш жараёнида устувор ҳуқуққа эга бўлади. Бундай механизмнинг йўлга қўйилиши кредиторлар ҳуқуқини ҳимоялаш, шу билан бирга, кредитлаш, яъни қарз бериш жараёнларини соддалаштиришга хизмат қилади.

“Қишлоқ жойларда ва фу­қа­роларнинг айрим тоифалари учун арзон уй-жойлар қуришни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилинди.

Қарорда қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини янада ривожлантириш ва муҳтож оилаларни арзон уй-жой билан таъминлашнинг ­устувор йўналишлари белгиланган.

2019 йилда мамлакатимиз ҳудудида 15 минг 10 та арзон уй-жойлар ва квартиралар қурилиши режалаштирилган. Уларнинг 11 минг 70 таси уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар учун мўлжалланган. Шунингдек, 2019 йилда фуқароларнинг алоҳида тоифалари (Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ички ишлар органлари ходимлари) учун 2 минг 10 та квартиралар қурилади.

“Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Рес­публикаси давлат божхона хиз­мати органлари фаолияти са­ма­­радорлигини ошириш бў­йича қў­шимча чора-тадбирлар тўғ­ри­си­да”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра:

2019-2020 йилларда Тошкент­ вилоятида “Яллама” ва “С.На­­жимов”, Андижон вилояти­да “Дўст­­лик”, Бухоро вилоятида “Олот”; 2020-2021 йилларда ­Қо­ра­­қал­­поғистон Республикасида “Дуот-­ота”, Андижон вилоятида “Ма­да­ният”, Фарғона вилоятида “Ўзбе­кис­тон”, Тошкент вилоятида “Ғишткўприк” ва “Ойбек” божхона пост­лари ҳудудларига туташ жойларда замонавий божхона терминаллари давлат-хусусий шериклик асосида қурилади.

Шунингдек, “Ўзбекистон Респуб­ликасининг фуқаро авиациясини тубдан тако­миллаштириш чора-тадбирлари тўғ­­рисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармон билан “Ўзбекистон ҳа­во йўллари” Миллий авиакомпаниясини қайта ташкил этиш белгиланди.

Энди “Uzbekistan Airways”, “Uz­be­kistan Airports” Акциядорлик жа­­мият­лари ҳамда “Uzbekistan He­­licop­ters” масъулияти чекланган жа­миятлари ташкил этилади. “Ўз­бекистон ҳаво йўллари” Мил­лий авиакомпаниясининг дав­лат унитар корхоналари (шу жум­ла­дан, вилоятлардаги аэропорт­лар) масъулияти чекланган жа­миятларга айлантирилади, “Ў­з­­аэро­на­вигация маркази” давлат кор­хонаси Ҳукумат ихтиёрига ўт­ка­зилади.

2019 йил 1 январдан Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш учун давлат инспекциясини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.

 

Мадҳия АВАЗОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири