-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Инсон қадри ҳар нарсадан улуғ! (47 сон)

07.12.2018

ЎТГАН ҳафта 21 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ва Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси билан ҳамкорликда “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари” мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Анжуманда инсон ҳуқуқларини халқаро даражада таъминлашнинг долзарб масалалари, ҳозирги замонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларининг ўзига хос хусусиятлари, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича институтларнинг ривожланиши, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоат ташкилотларининг роли муҳокама қилинди.

Тадбирда Президентимизнинг “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида”ги Фармонининг муҳимлиги қайд этилди. Тадбир иштирокчилари ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ишончли ҳимоясига қаратилганлигини таъкидладилар. Давра суҳбати халқаро экспертлар ва юртимиз ҳуқуқ олами вакилларининг қизғин мулоҳазалари билан давом этди.

Марчин ВАЛЕЦКИ,

Халқаро эксперт, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакили:

— Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қи­лиш борасида кенг имкониятлар ­яратиш Марказий Осиё,­ хусусан, Ўз­бекистон учун жуда муҳим. Юртингизда айни дамда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бизни жуда қувонтиради. Ва, таъкидлашим керак-ки, Ўзбекистонда сайлов тизимидаги ўзгаришлар, сайлов жараёнида инсон ҳуқуқларининг юқори даражада таъминланганлиги, олий суднинг ислоҳ қилиниши, мамлакатда одил судлов тизимини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Ўзбекистон ҳуқуқий тизимининг юқори поғонага кўтарилаётганини мустақил демократик ҳуқуқий давлат ривожланишининг асоси, деб айтиш мумкин. Айниқса, юртингизда Адлия соҳасидаги ислоҳотларни юксак баҳолаймиз. Ўзбекистоннинг халқаро тажрибаларга асосланиб иш кўраётгани таҳсинга лойиқ.

Энг яхши капитал инсонга киритилган капиталдир. Мамлакатнинг ҳар соҳада жадал ривожи учун унинг олимларидан фойдаланиш керак. Бу борада ҳам юртингизда муҳим ишлар амалга оширилганидан хабардорман ва олимларингизга янада кўпроқ капитал киритинг, дея таклиф бераман.

Ўзбекистонда қабул қилинган Ҳа­ракатлар стратегияси тўлиқ амалга ошса катта натижаларга эришилади. Яна бир бор таъкидлайман, бунинг учун хорижий тажрибаларга кўпроқ мурожаат қилиш, бошқа давлатларнинг хатоларини ўрганиш лозим.

 

Сима САМАР хоним,

Афғонистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил комиссияси раиси, халқаро эксперт:

— Инсон ҳуқуқлари тўғрисида гапирар ­эканмиз, БМТнинг Барқарор ривожланиш дас­турида айнан инсон ҳуқуқлари, шахс эркинлигини ҳимоя қилиш назарда тутилганлигини айтиб ўтиш керак. Мен баъзи таҳлиллар ва тадқиқотларга таянган ҳолда, аввало, аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ғоясини олдинга сурмоқчиман. Аёллар ўз ҳақ-ҳуқуқларини етарли даражада билса, жамият ҳам тинч-осойишта ҳаёт кечиради. Шу ўринда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш дастурининг ривожланишида 5 та йўналишни келтириб ўтмоқчиман. Биринчидан, дунё миқёсида камбағаллик даражасини камайтириш керак. Шимолий Европа давлатларида аёлларнинг камбағаллик даражаси эркакларникига нисбатан юқори эканлигини кузатишимиз мумкин. Бошқа кўплаб шарқ мамлакатларида ҳам бу ҳол сезилади. Иккинчидан, соғлом турмуш тарзининг пасайиб кетиши... Учинчидан, дунё миқёсида сифатли таълимнинг аёллар ўртасида пастлиги, тўртинчидан, жаҳон миқёсида репродуктив саломатликнинг қуйи даражада эканлиги ва охиргиси, жаҳон бўйича жинснинг тенгсизлигидир. Юқорида санаб ўтилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, биз инсон ҳуқуқларини таъминлаш, уни тўлақонли ҳимоя қилиш борасида ҳали кўп кузатишлар олиб боришимиз ва муаммоли ҳолатларга ижобий ечим топмоғимиз керак.

 

Жаҳонгир ШИРИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси ўринбосари:

— Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ­ларини таъминлаш бўйича миллий институтларнинг иш бошлаганлиги, Президент қабулхонаси ва жойларда халқ қабулхоналарининг ташкил этилганлиги, бу ерда фуқаролар ўз муаммоларини бемалол ва очиқ-ойдин муҳокама қилаётганини юртимизда инсон манфаатлари нечоғлик устун даражага қўйилгани билан изоҳлаш мумкин. Шу ўринда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро экспертлардан бири, Афғонистон вакили Сима Самар хоним фикрларига муносабат билдирсам. Статистик таҳлилларга қараганда, балки ростдан ҳам баъзи шарқ мамлакатларида эркак­ларга нисбатан аёлларнинг жуда кўп қисми камбағал ва қашшоқлигини кўриш мумкиндир. Ўзбекистонда эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқлидирлар. Идора ва ташкилотларда ҳар ким меҳнатига яраша ҳақ олади ва аёл бўлгани учунгина ҳеч вақт унинг маоши камаймайди. Бизда аёлларнинг моддий ва бошқа жиҳатлардан ҳам юқори мавқеларни эгаллаганларини таъкидлаш керак. Юқори ташкилотларда, ҳукумат идораларида, вакиллик органларида аёлларнинг фаол иштирокини кузатиш мумкин. Ўзбекистон аёллар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича обрўли халқаро конвенцияларнинг барчасига аъзо бўлган. Аёлларнинг ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий жараёнларда фаол иштирок этишини таъминлаш, уларни юқори давлат ташкилотларида ўрнини янада мустаҳкамлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада ўтган йили Миллий ҳаракат дас­тури ҳам тасдиқланди.

Албатта, чет эллик экспертларимизнинг бир қанча таклифларини қабул қил­ган ҳолда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ­ла­ри бугунги кунда қай даражада ҳимоя­ланаётгани ҳақида уларда аниқ таассурот пайдо қилиш лозим, деб ҳисоб­лайман. Маълумки, Олий Мажлис қошида инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Омбудсман ишлайди. Ҳозирда Омбудсман қошида қийноқлар бўйича ҳам масъул вакил иш бошлаганлигини, айни дамда бола ҳуқуқлари бўйича махсус Омбудсман ташкил этиш учун иш олиб борилаётганини ҳам алоҳида қайд этишим лозим. Ўзбекистон қонунчилиги оиладаги зўравонликка қарши қонун қабул қилиш арафасида турибди.

 

Лола САИДОВА,

Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири:

— Юртимизнинг барча ҳудуд­ла­ри­да фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, миллий қо­нун­чилигимиз ва шахс эркинлиги тўғ­ри­сида мутасадди ташкилотлар томони­дан кенг жамоатчиликка тушунтиришлар олиб бо­рилмоқда. Айтиш керакки, Ўз­бе­кис­тон­да инсон ҳуқуқлари билан боғ­лиқ жуда кўплаб муҳим фаолиятлар ­амалга оши­рилди, муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Шулардан энг асосийси бўлган қонун ҳужжатларидан бири Конституциямиздир. Эътибор қилган бўлсангиз, Бош қомусимизнинг илк сатрлариёқ инсон ҳу­қуқ­ларига қа­ратилган. Шунинг баробарида юртимизда инсон ҳуқуқларини таъмин­лашга қа­ра­тил­ган катта бир механизм яратилди. Бу албатта, юрт фи­дойиларининг, жон­куярларининг меҳ­натидир. Бизга маълумки МДҲ давлатлари ичида Ўзбекистонда биринчилардан бў­либ Инсон ҳуқуқлари бў­йича вакил (Омбудсман) фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу ҳокимият вакиллик идораси охирги 2 йил ичида озодликдан маҳрум этилган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳи­моя қилиш ҳамда бола ҳуқуқлари бо­расида самарали ишларни амалга оширди.

Мамлакатимизда турли жабҳа­лар­да олиб борилаётган изчил янгила­ниш ва ривожланиш жараёнлари айни дамда жаҳон оммасининг эътиборида эканлиги зиммамизга янада кўпроқ масъулият юклайди.

 

Давра суҳбатини

“Инсон ва қонун” мухбирлари

Мадҳия АВАЗОВА ва Гулҳаё НУРМЕТОВАЛАР тайёрлади.