Хорижга чиқиш учун қандай паспорт керак? (2019 йил, 3 сон)

Биласизми?
Президентимизнинг 2017 йил 16 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонига кўра, 2019 йилнинг 1 январидан хорижга чиқиш учун рухсат ёзуви стикерини расмийлаштириш тартиби бекор қилинди. Шу санадан бошлаб Ўзбекистон фуқаросининг хорижга чи?иш биометрик паспорти (хорижий паспорт) жорий этилди.
Бунда 2021 йилнинг 1 январига қадар кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган давлатлар ҳудудига амалда қўлланилаётган 2011 йилги намунадаги биометрик паспортдан фойдаланган ҳолда чиқишга рухсат этилади.
Амалдаги биометрик паспорт ўз кучида қолади. Фақат чет элга чиқмоқчи бўлган фуқароларга янги жорий этилган фуқаролик паспорти берилади. Унинг афзаллиги ўзида электрон маълумотларни сақлайди ва бошқа ортиқча ҳужжатларни талаб қилмайди. Чет элга чиқиб кетаётганда иккала паспорт ҳам шахснинг ўзида сақланади. Хорижда ўқиш, иш юзасидан юрган юртдошларимизнинг паспортларидаги стикернинг муддати ўтган бўлса, улар Ўзбекистонга келиб, хорижга чиқиш паспортини расмийлаштиришлари мумкин.
Виза талаб қилинадиган мамлакатларга чиқиб кетиш учун айни чоғда фуқаронинг паспортида рухсат ёзуви қайд этилган икки йиллик стикерининг муддати ўтмаган бўлса, у ана шу муддат якунига қадар хорижга чиқиш ҳуқуқига эга.
Хорижга чиқиш учун биометрик паспорт фуқароларга, туғилган кунидан бошлаб бир ёшгача — икки йил муддатга, бир ёшдан 16 ёшгача — 5 йил муддатга, 16 ёшдан ошган шахсларга — 10 йил муддатга расмийлаштирилади.
Хорижга чиқиш учун биометрик паспорт йўқолганда, хорижга чиқиш учун биометрик паспорт ашёвий далил сифатида олиб қўйилган ҳолатларда расмийлаштириб берилади.
Хорижга чиқиш учун биометрик паспортни расмийлаштириш чоғида фуқаролар томонидан ҳудудий миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати маълумотларни йиғиш пунктига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
– белгиланган шаклдаги ариза-анкета;
– биометрик паспорт ёки 16 ёшга тўлмаган фуқаролар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;
– илгари берилган хорижга чиқиш учун биометрик паспорт (бўлган тақдирда);
– ваколатли органнинг қарори (хорижга чиқиш учун биометрик паспорт ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида);
– ҳарбий гувоҳноманинг ёки бириктириш гувоҳномасининг кўчирма нусхаси ёхуд мудофаа ишлари бўйича бўлимнинг маълумотномаси — ҳарбий хизматга мажбурлар учун;
– давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги патта;
– фуқаронинг хорижга чиқишига ота-оналар, васийларнинг нотариал тасдиқланган розилиги — вояга етмаганлар учун;
– фуқарога ҳамроҳлик қилувчи шахснинг нотариал тасдиқланган мажбурияти — вояга етмаганлар учун.
15 ёшдан 18 ёшгача бўлган фуқаролар ота-оналар, васийларнинг вояга етмаган шахс мустақил равишда хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги бўлган тақдирда хорижга кузатувчисиз чиқиши мумкин.
Алишер ҲОЖИЕВ,
Навоий вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи, подполковник
Сўнгги янгиликлар:
- Интеллектуал мулк агентлиги Адлия вазирлигига ўтказилди
- Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташкил этилди
- Ҳуқуқий ахборот (2019 йил, 3 сон)
- Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
- “АНДИЖОН-ФАРМ” ЭИЗ ташкил этилди
- Қонунчиликдаги янгиликлар
- Қонунчиликдаги янгиликлар
- 2019 йил 11 январь куни навбатдаги “Адлия ахбороти” брифинги ва матбуот анжумани ташкил этилди
- 18 ёшгача паспорт олмаганлик учун жарима тўланмайди
- Судларда бож тўлаш бўйича бир қатор имтиёзлар бекор қилинди