-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Отангга бор, онангга бор... Ўртада сарсон Диловар (2019 йил, 4 сон)

06.02.2019

Қоғозда “кўмилган” ғоя...

ТАҲРИРИЯТИМИЗГА “Олмалиқ Диловар Қурилиш” МЧЖ раҳбари Диловар Муратов Оҳангарон туман ҳокимияти ­устидан шикоят билан мурожаат қилди. Фуқаронинг айтишича, қарийб бир йилдан буён у ҳокимият эшигида сарсон. Тўғрироғи, яна бир қанча идораларга ­эшикма-эшик кириб овора бўлиб юрибди.

Воқеа шундан иборатки, Диловар Муратовнинг тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун янги лойиҳаси бор. Унинг бизнес режасида Оҳангарон шаҳри ҳудудида 60-70 ўринли сиҳатгоҳ ташкил этиш кўзда тутилган. Бизнес лойиҳага эътибор қаратсангиз, унда деярли камчилик йўқ. Сиҳатгоҳ учун керак бўладиган харажатлар белгиланган, беморлар учун нечта ўрин ажратилади, бу масканда қандай турдаги даволаш усуллари олиб борилади, келтириладиган замонавий асбоб-­ускуналар, технологиялар, яратиладиган иш ўринлари — бари-бариси ҳақида батафсил ёзилган. Тадбиркорнинг айтишича, иш бошлаши учун ўзига ҳамкор инвесторлар ҳам бор экан. Банкдан кредит олиши учун ҳужжатлари тайёр. Хўш, муаммо нимада унда? Лекин бу ғоя ва таклифлар қоғозда “кўмилиб” ётибди.

Бино 12 йилдан буён бўш. Ниятим бизнесни йўлга қўйиш

Ҳамма гап шундаки, сиҳатгоҳ барпо ­этиш учун объект керак. Тадбиркор бунинг ҳам чорасини топган. Оҳангарон туман ҳудудидаги 12 йилдан буён бўш ётган эски профилактория-санатория биносини замонавий сиҳатгоҳга айлантирмоқчи. Иншоотнинг номига қараганда у аввал ҳам сиҳатгоҳ бўлган кўринади. Шу ерлик аҳолининг айтишича, бундан бир неча йиллар олдин бу ер одамлар ҳордиқ чиқариб, даволаниб кетадиган мас­кан бўлган экан.

— Моддий ёки бошқа сабаблар билан бино мана 12 йилдирки, бўш ётибди, — дейди Диловар ака. — Ўзим шу ҳудудда улғайганман. Бу ерликларни яхши танийман. Қанийди, ўша сиҳатгоҳни кимдир ­яна қайтадан ташкил қилса, бир пайтлар одам қадами узилмайдиган маскан, мана энди ташландиқ жойга айланиб қолди, деб куюниб гапиришади одамлар.

 

Муаммо шундаки...

Тадбиркор билан гаплашиб шундай хулосага келдикки, агар Оҳангарон туман ҳокимияти профилактория биносини тадбиркорга ноль харид қийматида берса олам гулистон. Бироқ муаммо шу жойдаки, тадбиркор бу борада ҳокимиятга қанчалик кўп мурожаат қилмасин, натижа бўлмаяпти. Ҳокимият вакиллари иншоотнинг кадастр ҳужжатлари тайёр бўлмаганлигини ҳар сафар важ қилишади. Аммо улар тадбиркорни ноумид ҳам қилишмаган. Ҳужжатлар тайёр бўлиши билан маълум қилишларини айтишган. Орадан ойлаб вақт ўтиб ҳам ҳеч бир жавоб ололмаган Диловар Муратов Тошкент вилоят прокуратурасига мурожаат қилади.

Ўрганиш жараёнида Тошкент вилоят прокуратурасидан келган жавоб хати қўлимизга тушди. Унда профилактория биноси 2018 йил 21 апрелда туман ҳокимининг фармойиши билан “Оҳангаронцемент” АЖ тасарруфидан Оҳангарон туман ҳокимлиги балансига қабул қилинганлиги ҳақида маълумот берилган ҳамда бино Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабига кўра ижара шартномаси асосида фойдаланишга берилиши маълум қилинган. Хат орқали фуқарога ушбу бинодан ижара шартномаси асосида фойдаланишга олиш учун туман ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилиши мумкинлиги тушунтирилган.

 

Аризалар йиғмажилдга сиғмай қолди. Натижа эса...

Прокуратурадан келган хатга асосан фуқаро бинони ижара шарномаси асосида олиш учун яна Оҳангарон туман ҳокимиятига мурожаат қилади. Тўғрисини айтсак, ушбу тадбиркорнинг йиғмажилдида шикоят-ариза, мурожаат ва жавоб хатлари шу қадар қалашиб кетганки, ­идоралараро хат алмашинувининг жозибасини шу ерда кўриш мумкин. Фуқаро Оҳангарон туман ҳокимиятига 2018 йилнинг 29 марти ва 26 июни оралиғида ва ундан кейин ҳам кўп бора мурожаат қилади. 2018 йилнинг апрелида ҳокимлик балансига тушган профилактория биносининг эса орадан ойлар ўтса-да, кадастр ҳужжати тайёр бўлавермайди. Шу сабаб бўлса керак фуқаро Тошкент вилоят прокуратурасига яна шикоят-ариза йўллайди. Натижада, Тошкент вилоят прокуратураси томонидан бўш турган бинодан самарали фойдаланилмаётгани ва фуқаронинг мурожаати эътиборсиз қолдирилаётганига қонунбузилиш ҳолати сифатида қаралади ва Тошкент вилоят ҳокимлигига 2018 йилнинг 31 октябрида ушбу ҳолатни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилади.

 

Прокуратура тақдимномасидан ­хабарингиз борми?

Диловар Муратовнинг йиғмажилдидаги барча хат-қоғозларни ўрганиб чиқдик ва унинг мутасадди идоралар ходимларининг лоқайдлиги ва масъулиятсизлигидан ранжиб ёзган хатини мадад талаб мактуб сифатида газетамиз саҳифаларида чоп этдик. Орадан вақт ўтди. Бирор ўзгариш бўлмади. Тадбиркор эса умид билан яна остонамизда турарди. Шундан сўнг масалага равшанлик киритиш ниятида фуқаро билан бирга Тошкент вилоят ҳокимлигига йўл олдик. Фуқаро мурожаати асосида ташриф буюрганимизни айтганимизда эшик посбонлари бизни саноатни ривожлантириш ва иқтисодиёт масалалари билан шуғулланувчи, уларнинг тилида “Иқтисод бўлими”, деб номланувчи бўлим томон йўналтиришди.

Биз кўтариб келган йиғмажилдда прокуратура, туман ҳокимлиги, вилоят ҳокимлиги ва бошқа идораларнинг хатлари жуда кўп эди. Шу сабаб бир йилдан бери югуриб юрган бу тадбиркорнинг масаласи вилоят ҳокимлигига ҳам “отнинг қашқасидай” маълум бўлса керак, деб ўйлаган эдик. Афсуски, вилоят ҳокимлигида мурожаатлар асосида бу фуқаронинг иши билан ким шуғулланганлигини бизга топиб бера олишмади. Прокуратура томонидан ҳокимликка киритилган тақдимнома ва бу борада нима иш қилингани ҳақида сўраганимизда эса уларнинг ҳайрати ошди. Биз 2019 йилнинг январь ойида журналист суриштируви билан вилоят ҳокимлигига борган бўлсак, икки ой аввал 2018 йилнинг октябрида прокуратуранинг киритган тақдимномасидан уларнинг хабари йўқлиги маълум бўлди ва ёки шу масала билан шуғулланган ходим ким эканлигини аниқлай олишмади.

Шу ўринда иқтисод бўлими ходимининг ишга пухта (ўрисча айтганда “пунк­туал”) ёндашадиган инсон эканлигини ҳам тан олмасликнинг иложи йўқ. У масала яна ҳам чигаллашмаслиги учун дарҳол Оҳангарон туман ҳокимига қўнғироқ қилди. Ҳокимнинг жавобига қараганда 12 йилдан буён бўш ётган ушбу профилактория биносини Туман тиббиёт бирлашмасига айлантириш кўзда тутилган экан. Вилоят ҳокимлиги томонидан бизга узил-кесил жавоб беришди: “Ҳокимият ўз балансидаги бўш бинодан қандай фойдаланишни ўзи ҳал қилади. Туман тиббиёт бирлашмасига янги бино қуриш кўп маблағни талаб этади. Иқтисодий имкониятларни ҳисобга олган ҳолда биз ҳам Оҳангарон туман ҳокимлигининг бу қарорини қўллаб-қувватлаймиз”. Ана шундагина биз учун масала равшан бўлди-қолди.

 

Бир йиллик саргардонлик учун ким жавоб беради?

Албатта, ҳокимият ўз ҳудудидаги барча шарт-шароитларни, ижтимоий, иқтисодий вазиятларни ҳисобга олади ва шунга қарата йўл тутади. Бироқ ўртада бир инсоннинг ойлаб сарсон-саргардон юргани-чи? Бунинг ҳеч қандай жавоби йўқми? Маълум бўлишича, Оҳангарон туман ҳокими тадбиркор Диловар Муратовнинг мурожаати бўйича ўз ўринбосарларига топшириқ берган. Уларнинг эса фуқарога жавоби ҳамиша “кадастр ҳужжати тайёр эмас”, қабилида берилган. Вилоят кадастр бўлимининг бизга маълум қилишича, бинонинг кадастр ҳужжатлари аллақачон тайёр экан. Демак, хулоса шундан иборат бўладики, тадбиркорга аниқ жавоб айтилмаган ва ҳамиша важ, баҳоналар олдинга сурилган.

Фақат биз суриштирув ўтказиб вилоят ҳокимлигига борганимиздагина тадбиркорга “Нега айнан шу бинога ёпишиб олдингиз? Вилоят ҳудудида бўш турган бинолар кўп, улардан бирортасини сизга таклиф қилишимиз мумкин”, деган гапни айтишди. Бир йиллик сарсонгарчилик ­орасида эса на туман ҳокимлиги ва на вилоят ҳокимлиги тадбиркорга бошқачароқ таклиф билдирмаган, бизнес лойи­ҳасига ақалли қизиқиб кўришмаган.

Бир йил аввал нима воқеалар рўй берган бўлмасин, барибир фуқарога ёрдам бериш керак-ку, деган ўйда вилоят ҳокимлигида тадбиркорлар билан ишлайдиган, уларга йўл-йўриқ кўрсатиб, лойиҳалари билан танишиб, таклиф берадиган қандай бўлим ва ходимлар борлиги билан қизиқдик. Аммо бу вазифани бажарувчи ходим иш юзасидан бошқа жойга жўнатилган, бундай лавозимлардан бири эса вакант эканлиги маълум бўлди. Хуллас, бизга ҳеч ким ёрдам бера олмади.

 

Ниҳоясиз қўнғироқларга жавоб йўқ

Бўлиб ўтган барча воқеаларга қарамай сўзимизда қатъий туриб олдик ва фуқарога нега шу пайтгача аниқ гап айтилмай сарсон қилинганлигига изоҳ сўрадик. Вилоят ҳокимлиги томонидан Оҳангарон туман ҳокими ўринбосарига қўнғироқ қилинди ва у бизга барча сабабларни тушунтирадиган бўлди. Минг афсуски, ҳоким ўринбосарини топиш жуда қийин кечди. Бир амаллаб ниҳоясиз қўнғироқ чақирувларидан бирига илинганимизда эса ўзлари бизга қайтиб қўнғироқ қилишларини айтишди. Мақолани тугаллагунча икки ҳафта кутдик. Аммо туман ҳокимлигидан ҳеч қандай изоҳ берилмади.

 

Ғоялар қандай ўлади?

Юртимизда инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодиётни тубдан модернизация қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлар дуч келаётган ғов, тўсиқларни бартараф этиш учун катта миқёсда ислоҳотлар олиб борилаяпти. Бу борада қатор қонун ҳужжатлари ҳам қабул қилинди. Албатта, йиллар давомида бу хайрли ишларнинг самараси ва роҳатини кўрамиз. Аммо оғриқли жиҳати шундаки, бизнесни янада олға силжитиш учун курашилаётган бир даврда тадбиркор ғояларини қўлтиқлаб эшикма-эшик юрса-ю, мутасадди идоралар нега бунчалар бепарво?! Шу йўсин янги ғоялар йўқ бўлиб кетаверадими?!

Биз мурожаат муаллифига чекинмасликни, Тошкент вилояти ҳудудида бўш турган бошқа биноларни ҳам кўришини, шу асосида бизнес ғояларини янада ривожлантиришини маслаҳат бердик.

 

Мадҳия АВАЗОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири