-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Нега ҳадеб маълумотнома сўрайверасизлар? (2019 йил, 4 сон)

07.02.2019

Тиббиёт тизимининг айрим раҳбарлари эътиборига!

ЖОЙЛАРДАГИ адлия бўлимларига қилинаётган мурожаат­ларнинг аксариятида соғлиқни сақлаш тизимидаги қонунбузилишлар қайд этилган. Хатирчи туман адлия бўлимига фуқаро Мунаввар Хўжамуродова туман тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникаси ВКК бўлимига ўзининг ногиронлигини белгилатиш учун борганида яшаш жойидан маълумотнома олиб келиши талаб қилинган. Ушбу мурожаат адлия бўлими томонидан ўрганилиб, Хатирчи туман ТТБ кўп тармоқли марказий поликлиникасининг ВКК бўлими ходими А.Пўлатовга Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 октябрдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган тасдиқловчи ҳужжатлар турларини тубдан қисқартириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори талаби тушунтирилди. Яшаш жойидан маълумотнома талаб қилмаслиги бўйича кафолат хати ­олинди. ВКК бўлими ходими йўл қўйган хато ва камчиликлари учун интизомий жавобгарликка тортилиб, ТТБ раҳбариятига тақдимнома киритилди.

Яна бир фуқаро Н.Алиқулова ҳам туман тиббиёт бирлашмаси томонидан вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўлаб берилмаганлигидан норози бўлиб, туман адлия бўлимига мурожаат қилган. Фуқаронинг мурожаати туман молия бўлими томонидан ўрганиб чиқилди ва Н.Алиқуловага 300 000 сўм вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўлаб берилмаганлиги маълум бўлди. Туман адлия бўлими томонидан ушбу қарздорликни фуқарога тўлаб бериш бўйи­ча ТТБ раҳбариятига тақдимнома киритилди. Тақдимнома натижаси бўйича ТТБ томонидан 300 000 сўм пул маблағи фуқаро Н.Алиқуловага тўлаб берилди. Йўл қўйган хато ва камчиликлари учун ТТБ раҳбари ва бош ҳисобчисига нисбатан АБКМга 493-моддаси бўйича маъмурий таклиф берилди ва АБКМ томонидан ТТБ раҳбари ва бош ҳисобчисига нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида маъмурий жавобгарлик тўғрисида қарори қабул қилинди.

Фуқаро О.Эшматова ҳам Хатирчи туман адлия бўлимига ўз мурожаати орқали туман тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникаси ВКК бўлимига ногиронлигини белгилатиш учун мурожаат қилганида, турли баҳоналар билан яшаш жойидан маълумотнома олиб келиши талаб қилинган. Адлия бўлими аралашуви билан мурожаат қаноатлантирилди. ВКК бўлими ходими А.Пўлатов йўл қўйган хато ва камчиликлари учун ТТБ раҳбариятига киритилган тақдимномага биноан яна бир карра интизомий жавобгарликка тортилди. Туман тиббиёт бирлашмаси томонидан фуқаро Ж.Анорова, М.Умаровлардан ҳам яшаш жойидан маълумотнома талаб қилинган.

Халқимизда “Танаси бошқа дард билмас”, деган ибратли мақол бор. Ўзгаларнинг дардини тушуниб, уларнинг оғирини енгил қилиш ўрнига ўз замондошларини расмиятчилик билан сарсон қилаётган мутасаддилар виждони олдида қандай жавоб беришаркин?

 

Абдувоҳид НОРОВ,

Хатирчи туман адлия бўлими бошлиғи