-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ҳар либоснинг ўз қадри бор. Айниқса... (2019 йил, 4 сон)

08.02.2019

ЭСИМДА, 5 ёшар бола эдим. Ўшанда катта акам йигитлик бурчини ўтаб ҳарбий хизматдан келди. Бутун маҳалла-кўй, қариндош-уруғ йиғилган. “Солдат тўй” бошланиб кетди. Акамни ота-онам қайта-қайта бағрига босади, дўстлари ҳам бири қўйиб, бири қучоқлайди. Менинг эса хаёлимда аскар акамнинг дийдоридан ҳам муҳимроқ нарса чарх уради. Акамнинг уст-бошига разм соламан. Оёғида қора мойга ботирилгандек ялтираб турган этик. Йўқ, бу менинг оёғимга тўғри келмайди. Акамга қандайдир салобат бахш этиб турган эгнидаги ҳарбий либос. Эҳ, буям менинг размерим эмас, унинг ичида қолиб кетаманку. Бўлди, кепкасини оламан.

Ҳа, айтганимдек ўшанда каминага аскар акамнинг бош кийими насиб қилди. Қолган ҳарбий либосларини эса мактабда ўқийдиган акамга берди. Биз бу ҳарбий либосларни фақат байрамларда, ҳар хил тадбирларда киярдик. Чунки бу ҳарбий либослар нафақат мен ёки ­акам учун, балки бутун оила аъзоларимиз ­учун қадрли ва шарафли эди. Аслида ҳозир ҳам шундай.

Мен буни нима учун эсга олдим? Сўнг­ги вақтларда ўша қадрли бўлган ҳарбий либосларнинг бироз қадри йўқолгандек назаримда. Боғига ишлов бераётган боғбоннинг эгнида ўша либос, буғдойга ­ёхоб суви қўяётган миробнинг эгнида ҳам аскар формаси, теримчиларнинг айрим эркагу аёлларида ҳам шу форма...

Яқинда қишлоққа бораётган эдим. Йўлда қишлоқдошимиз Қобил акани учратиб қолдим, у кишининг ўғли Мардон Тошкентдаги Ҳарбий қисмларнинг бирида хизмат қилади. Салом-аликдан сўнг “бизнинг Мардон қалай?”, деб сўраб қолди. “Зўр, гоҳ-гоҳида кўришиб турамиз”, дедим.

Қобил ака билан анча вақт гурунглашдик. Хайрлашув олдидан Қобил ака ўғли Мардонга бир-икки оғиз гапларини етказиб қўйишимни айтди. “Хўп, айтинг, албатта, етказаман”, дедим.

“Мардонга айт ўзи кийиб юрадиган ҳарбийча кийимларидан бериб юборсин уйда болалар далага кийишади”. Бу гапдан сўнг хўп дейишни ҳам, йўқ дейишни ҳам билмай қолдим. Фақат кўз ўнгимда шулар гавдаланди: менга ҳамон қадрли бўлиб турган аскар бош кийими ва бугун ҳар кимнинг ҳам эгнида учраётган аскар либоси...

Ёрбек ИСКАНДАРОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири


Эслатма

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК ­ТЎҒРИСИДАГИ КОДЕКСИ

209-1-модда. Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш. Формали кийим-бош кийиб юриши назарда тутилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳарбий хизматчилари ҳамда ходимларининг тасдиқланган намунадаги ҳарбий, идоравий ва махсус формали кийим-бошини бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахслар томонидан кийиб юриш, формали кийим-бошни мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.