-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ўқувчиларнинг мобил телефондан фойдаланишини тақиқлаш керак(ми?) (2019 йил, 5 сон)

12.02.2019

Уйдан чиқмай ёмонга қўшилган бола

ЖАҲОНДА рўй бераётган глобаллашув жараёнлари бола ҳуқуқ ва эркинликларини янада ишончлироқ ҳимоя қилиш, уларни турли ғоявий хуружлар, тажовузлардан асраш, улар орасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бир пайтлар маҳаллада битта ҳулқи ёмон бола бўлса, ота-оналар “қозонга яқин юрсанг, қораси юқар”, деганларидай фарзандлари ёмонларга қўшилиб кетишидан жони ҳалак бўларди. Бугун эса бола уйдан чиқмасдан ҳам “ёмон”ларга қўшилиши, интернет орқали чекланмаган зарарли ахборотларни олиш имкониятига эга. Хонасидан, ҳатто овқатланишга ҳам чиқишни ҳушламаётган боласи ҳақида ота-она “дарс қилиб ўтирибди-да”, деган янглиш хаёлга бориши оддий ҳолга айланиб қолган.

Ахборот ресурсларидан кўр-кўрона фойдаланиш вояга етмаганларни турли жиноятлар, ҳунрезликлар, қабиҳликлар, ваҳшийликларга ундаш билан бирга, уларнинг қалбидан одамийлик, меҳр-оқибат, раҳм-шафқат, имону инсоф каби муқаддас туйғуларни сиқиб чиқаради. Улар ёшлар онгида турли-туман ғайриинсоний, ғайриахлоқий ғояларнинг, диний қарашларнинг пайдо бўлиши ва ривожланишида муҳим омил бўлади. Хўш, болалар соғлиғига, маънавий камолотига зарар етказувчи ахборотлар нималардан иборат? ­Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 15 майдаги “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ бундай ахборотлар жумласига:

  • болаларни уларнинг ҳаётига ва ­(ёки) соғлиғига хавф соладиган хатти-ҳаракатларни содир этишга, шу жумладан, ўз соғлиғига зарар етказишга, ўз жонига қасд қилишга ва шундай ҳаракатларни тарғиб қилишга ундайдиган;
  • болаларда алкоголли ва тамаки маҳсулотларини, гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилиш, қимор ўйинларида, оммавий тартибсизликларда иштирок этиш, фоҳишалик, дарбадарлик, тиланчилик ёки ғайриижтимоий хатти-ҳаракатнинг бошқа шакллари билан шуғулланиш истагини пайдо қиладиган;
  • одамларга ёки ҳайвонларга нисбатан зўравонлик ва шафқатсизлик қилиш мумкинлигини асослайдиган ёки оқлайдиган ёхуд зўравонлик хатти-ҳаракатларини амалга оширишга ундайдиган;
  • оилавий қадриятларни инкор этадиган, ахлоқсизликни тарғиб қиладиган, шунингдек, ота-онасига ва оиланинг бошқа аъзоларига нисбатан ҳурматсиз муносабатни шакллантирадиган;
  • ғайриқонуний хулқ-атворни оқлайдиган ва ҳуқуқбузарлик содир этишга олиб келадиган;
  • жамиятда бузғунчилик ғояларини тарғиб этишга чақирадиган;
  • уятли сўзларни ўз ичига олган;
  • порнография хусусиятига эга бўлган ахборотни ўз ичига олган ва бошқа ахборот маҳсулоти киради.
  • Муайян ёш тоифаларидаги болалар ўртасида тарқатилиши чекланган ахборот маҳсулоти жумласига:
  • шафқатсизлик, жисмоний ва (ёки) руҳий зўравонлик, жиноят ёки жамиятга қарши бошқа хатти-ҳаракатлар тасвири ёки баёни тарзида тақдим этиладиган;
  • болаларда қўрқув, ваҳима ёки саросима уйғотадиган, шу жумладан, куч ишлатилмаган ўлимни, касалликни, ўз жонига қасд қилишни, бахтсиз ҳодисани, аварияни ёки фалокатни ва (ёки) уларнинг оқибатларини инсон қадр-қимматини камситадиган шаклда тасвирлаш ёки баён этиш тарзида тақдим этиладиган;
  • эркак ва аёл ўртасидаги жинсий муносабатларни тасвирлаш ёки баён ­этиш тарзида тақдим этиладиган;
  • уятли сўзлар жумласига кирмайдиган ҳақоратли сўзларни ўз ичига олган ахборот маҳсулоти киради.

 

Болангизни ўз ­қўлингиз билан чоҳга ташламаяпсизми?

Ёшларни ана шундай ахборот хуружларидан ҳимоя қилишда Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 21 майдаги 139-сонли қарори ва ушбу қарор билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низом муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бу ҳужжатларга кўра, идоравий мансублигидан қатъи назар, ­умумий ўрта, ўрта-махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш тартиби белгиланди. Аммо мазкур норматив ҳужжатларнинг қабул қилиниши бу соҳада тўпланиб қолаётган муаммоларга ҳуқуқий ечим топиш, ҳал этиш имконини бермади. Гап шундаки, қайд этилган Низомда ёшларнинг мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида таълим олиш жараёнларида уяли телефонлардан ўқув машғулотларига ҳалақит бермайдиган даражада мақ­садли фойдаланиш қоидаларини кўзда тутгани ҳолда айни пайтда, ҳатто бошланғич синф ўқувчилари тутиб келаётган кўп функцияли (интернет, телеграмм, одноклассники ижтимоий тармоқларига уланган) смартфонлардан оқилона фойдаланиш тартиби эътибордан четда қолган. Ваҳоланки, кейинги йилларда ўқувчилар ўртасида урф бўлиб бораётган бундай қимматбаҳо мобил телефонларнинг бола соғлиғига зараридан ташқари уларнинг маънавий, ахлоқий тарбиясига ҳам салбий таъсир қилиши ҳеч кимга сир эмас. Одатда ота-оналар болаларига телефон олиб беришларини улар билан доимий алоқада бўлиб туриш, улар устидан назорат ўрнатиш зарурияти билан изоҳлашади. Аммо кейинги тадқиқотлар болалар телефондан ­алоқа воситаси сифатида эмас, балки ахборот олиш ва кўнгилочар томошалардан баҳраманд бўлиш мақсадида фойдаланадилар. Сир эмаски, телефонида ижтимоий тармоқлардан, ҳатто керакли маълумотларни олиб турган мижоз кўз ўнгида автоматик тарзда беъмани рекламалар, беҳаё суратлар очилиб, ўзини “кўз-кўз” қилишга тушади. Ҳар нарсага қизиқувчи ёшлар бу рекламаларга бефарқ бўлмаслиги, оқибатида соатлаб ўша ахлоқсизлик дунёсига шўнғиб кетиши ва аста-секинлик билан шунақа “томошалар”нинг кушандасига айланиб қолиши ҳеч гап эмас.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ўртасида Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 15 майдаги “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни ижроси, хусусан, ўқувчиларнинг мактаб ҳудудида уяли телефонлардан фойдаланишлари хусусида социологик тадқиқот ўтказилди.

Тадқиқотда Тошкент шаҳридан 2 та ва Тошкент вилоятидан 3 та мактабдан жами 154 нафар педагог иштирок этди.

 

Телефонга қул бўлган болалик

Сўровнома таҳлилига кўра, сўровда иштирок этган ўқитувчиларнинг кўпчилиги юқоридаги Қонун билан таниш бўлсалар-да, аммо унинг мазмун-моҳиятини етарлича тушунмасликлари, Қонун талабларини амалда қўллаш кўникмалари суст эканлиги маълум бўлди.

Тадбирда иштирок этган ўқитувчиларнинг деярли ҳаммаси ўқувчиларнинг мактабда телефон олиб келишига салбий муносабат билдиришган.

Таҳлиллар ўқувчиларнинг мактабга телефон олиб келиш кўрсаткичи шаҳар ҳамда қишлоқ мактабларида турлича эканлигини кўрсатди. Бундан ташқари, бу кўрсаткич бошланғич синфларда бироз паст бўлса, юқори синфларда анчагина баланд эканлиги маълум бўлди. Хусусан, таҳлил олиб борилган 154 та бошланғич синфнинг 53 тасида (шулардан 10 таси шаҳар мактабида, 43 таси қишлоқ мактабида) ўқувчилар умуман телефон тутмасликлари маълум бўлди. 25 та синфда ўқувчиларнинг фақат 10 фоизи телефондан фойдаланади. 24 та синфда эса ўқувчиларнинг 20-30 фоизи, 22 та синфда эса 40 фоизи уяли телефонга эга. 16 та синфда ўқувчиларнинг 60 фоизи, 4 та синфда 80 фоизи, 5 та синфда ­эса ўқувчиларнинг 100 фоизи мактаб­га телефон олиб келади. Шулардан, сенсорли телефонлар 5-6 синфларда ўртача 30-40 фоизни, 7-8 синфларда 50-60 фоизни, катта синфларда 80-90 фоизни ташкил қилади.

“Синфингизда телефон, интернетга муккасидан кетган ўқувчилар мавжуд­ми?” деган саволга ўқитувчилардан 19 нафари “ҳа, синфда 1-2 та шунақа бола бор”, деб жавоб берган бўлса, 22 та ўқитувчи эса синфида 3-4 та “телефон” касалига чалинган болалар мавжудлигини маълум қилган. Энг ачинарлиси, 8 та синфдаги болаларнинг 30 фоизидан ортиғи телефон, интернетга муккасидан кетганлигини кўрсатган.

“Болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш, интернет, телефон қарамлигидан қутқариш учун нима қилиш лозим?”, деган саволга сўровда иштирок этганлар 42 та ҳолатда интернетни тақиқлашни, 97 та ҳолатда “ҳуқуқий иммунитет”ни оширишни, 140 та ҳолатда болаларда китобга меҳр қўйдиришни, 106 та ҳолатда маънавий-маърифий тадбирларни кучайтиришни, 99 та ҳолатда “Ҳуқуқ асослари” фани соатларини кўпайтиришни, 140 та ҳолатда болаларнинг мактабга сенсорли телефон олиб келишини тақиқлашни, 73 та ҳолатда дунёвий билимлар билан бирга дин асосларини ўқитишни йўлга қўйишни таклиф этганлар.

Комил СИНДАРОВ,

юридик фанлар доктори