-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Раис” Тадбиркорни чув туширди (2019 йил, 5 сон)

12.02.2019

АЙНИ баҳор фаслининг қуёшли кунлари Жаббор (мақоладаги барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) озодликка чиқарилди. Лекин у бу кунларнинг қадрига етармикан, ҳамма гап шунда. Жаббор охирги йилларда умрининг кўп қисмини панжара ортида ўтказди, бунга сабаб эса турли жиноятларга қўл урганлиги эди. Инсонпарварлик тамойиллари асосига қурилган қонунларимиз Жабборни яна ­орамизга қайтарди. Лекин...

Куч-қувватга тўлган, ҳалол меҳнатга киришса уддасидан чиқадиган ёшдаги “қаҳрамон”имиз яна қинғир йўллар сари от солди. Ишни Сабоҳат билан танишишдан бошлади. Ўзини Ёшлар иттифоқининг раиси ва шу билан бир вақтда депутат эканлигини айтган Жабборнинг ови бароридан кела бошлади. Кунларнинг бирида Сабоҳат тадбиркор дугонаси Саида билан учрашиб қолади. Ўзаро суҳбат давомида Саида ­ўзининг тикув цехини кенгайтириш режаси борлигини, аммо югур-югурларга вақти бўлмаётганлигини айтиб қолади. — Агар хоҳласанг менинг бир танишим бор, ҳам Ёшлар иттифоқининг раиси, ҳам депутат бўлиб ишлайди, — дея гап қотади Сабоҳат. Хуллас бу гап Саидага ҳам хуш ёқади, улар Жаббор билан учрашади. Жаббор бу иш 1400 АҚШ долларига тез ва сифатли битишини айтади. Саида кўринишидан қўли узатган жойга етадиган бўлиб кўринган Жаб­борга сўраган пулини беради.

Саида учун энди ўзи хоҳламаган ­югур-югурдан ҳам азоблироқ кутиш ва ёлғон ваъдаларга ишониш кунлари бош­ланди. Жаббор эса қўлга киритган “ўлжа”сини ҳазм қилиб, навбатдаги “ов”га тараддуд кўра бошлади.

 

Энди у “ҳоким ўринбосари”га айланди

Жаббор бир думалади-ю, “шаҳар ҳокимининг ўринбосари”га айланди, у Чилонзордаги кабобхоналарнинг бирида кабобхўрлик қилди. Тановулдан сўнг “ҳоким ўринбосари” кабобчини чақириб, у билан танишиш нияти борлигини айтди:

— Мен Тошкент шаҳар ҳокимлигида ҳоким ўринбосари ва Ёшлар иттифоқида умумий масалалар бўйича бош маслаҳатчи лавозимида фаолият олиб бораман. Жойларга чиқиб тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганиб юрибман, сенда муаммолар йўқми?

— Аввало, менинг кўз илғамас кабобхонамга келганингиздан хурсандман. Шу, десангиз, бизнинг жойимиз бузилиш режасига кириб қолибди. Кўриб турганингиздек, ёнимизда бузиш ишларини олиб бораётган анави кранлар эрта-индин менинг кабобхонамга ҳам етиб келади. Шунга нима қилсам экан, деб бошим қотиб турибди...

Ҳа, Жабборнинг бу сафар ҳам кетмони учди. Кабобчи Журъат ҳоким ўринбосари ва Ёшлар иттифоқида “бош маслаҳатчиман”, деб таништирган аслида ҳеч ким бўлган Жабборнинг найранг­ларига учди-қўйди. Жаббор Журъатдан кабобхонани сақлаб қолиш ва унга эгалик ҳуқуқини олиб бериш учун аввалига 300 000 минг сўм, орадан бир оз вақт ўтгач 300 АҚШ доллари олади. Эгалик ҳуқуқи тўғрисидаги ҳужжатлардан эса ҳавога учгандек дом-дарак бўлмайди.

 

“Фантамас” қўлга тушди

Бир тарафда Сабоҳат билан Саида, яна бир ёнда эса Журъат сарсону саргардон бўлди. Улар шу вақтгача ваъда қилинган ишнинг натижасини кутиб яшаган бўлса, энди Жабборнинг ўзини ҳам йўқотиб қўйишди. Жаббор эса на ваъда қилинган ишни бажаришни ўйлади, на олган пулларини қайтаришни.

Тоқати тоқ бўлган Саида ва Сабоҳат аввалига ўзлари истиқомат қилаётган туман Ёшлар иттифоқига бориб, Жабборни сўради. У ердагилардан бизда ­унақа одам ишламайди, деган жавобни олган тадбиркор дугоналарнинг хавотири янада ортди. Шундан сўнг, бошқа туманлар ёшлар иттифоқларидан ҳам сўраб чиқишди, аммо ҳеч бир туман Ёшлар иттифоқида Жаббор, деган раис йўқлигини билган дугоналар охир-оқибат Яккасарой туман ИИБга мурожаат қилишди.

Айни шу кунларда кабобчи Журъат ҳам Жабборнинг аслида фирибгар эканлигини англаб етди. Ва у ҳам Чилонзор туман ИИБга дардини тўкиб солди. Шундан сўнг ички ишлар идоралари ходимлари саъй-ҳаракати билан Жаббор қўлга олинди.

Шу ўринда “Фантамас” фильми ёдга тушади. Ўша фильмдаги бош қаҳрамон Фантамас юзига ниқоб кийиш орқали турли шахслар қиёфасига кириб, ўзининг жиноий ҳаракатларини амалга оширади. Бизнинг “қаҳрамон”имиз Жабборнинг ­ўша фильмдаги Фантамасдан нима фарқи борлигини биласизми? Жаббор юзига ниқоб киймасдан ҳам Ёшлар иттифоқи раиси, депутат, ҳоким ўринбосари каби мансабдор шахсларга айлана олди.

 

Фирибгарга ҳукм ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор ту­ман судининг 2018 йил 18 декабрда Тошкент 2-юридик коллежи биносида ­очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда Жаб­бор Ҳайдаровнинг жиноий ҳаракатлари кўриб чиқилди. Ж.Ҳайдаров бундан олдин ҳам бир неча бор жиноятга қўл уриб қамалганлиги, давлатимиз томонидан унга имконият берилиб бир неча бор ­озодликка чиқарилганлиги, аммо бу имкониятлардан оқилона фойдаланиш ўрнига у яна қайта-қайта жиноятга қўл урганлиги эътироф этилиб, жиноятчига узоқ муддатли жазо тайинланди.

 

Зоир КАМОЛОВ,

жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси,

Ёрбек ИСКАНДАРОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири