-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Текин ишчилар” бир йилдан сўнг маош олишди (2019 йил, 8 сон)

07.03.2019

ҚЎҚОН шаҳар адлия бўлимига Фарғона йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонасининг бир гуруҳ ишчиларидан мурожаат келиб тушди. Унда корхона ишчилари бир йилдан буён иш ҳақларини ололмаётганликларини маълум қилиб, амалий ёрдам сўрашган.

Жумладан, Данғара туманида яшовчи Жамолиддин Усмонов 16.000.000 сўм, Илҳомжон Ўринбоев 6.204.000 сўм, Ихтиёржон Жўраев 6.000.000 сўм, Фахридинжон Мавлонов 5.100.000 сўм, ­Иброҳимжон Ҳасанов 3.050.000 сўм, Юсупали Ҳайдаров 4.400.000 сўм, Аҳрорқул Тўрақулов 5.800.000 сўм, Фурқат туманида яшовчи Тўлқинжон Жўраев 7.450.000 сўм ва Учкўприк туманида яшовчи Акмалжон Назировлар 2.450.000 сўмлик иш ҳақини ўз вақтида ололмаган. Мазкур мурожаатни ўрганиш мобайнида “Қўқон йўл қуриш-таъмирлаш” унитар корхонаси Фарғона йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонасининг иш хақидан бўлган қарздорлигини тўлаш мажбуриятини олганлиги маълум бўлди. Бинобарин, корхонага аниқланган қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилиб, тилга олинган 9 нафар ишчининг 56.454.000 сўм миқдоридаги иш хақи тўлаб берилиши таъминланди.

Ёки “Қўқон пахта тозалаш” акциядорлик жамияти мансабдорлари ўз ходимларининг 246.618.000 сўмлик иш ҳақини тўлашни “унутиб” қўйишган. Шаҳар адлия бўлимининг аралашувидан сўнг жамият томонидан АТ “Агробанк”нинг Қўқон шаҳар филиалидан 350.000.000 сўм миқдорида кредит маблағи олиниб, юқоридаги қарздорлик тўлиқ бартараф этилди.

Шу ўринда корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига Меҳнат кодексининг 154-моддасига асосан иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни тўлаши шартлиги, Кодекснинг 161-моддасига мувофиқ эса меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ­ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланиши, лекин ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслигини яна бир карра эслатиб ўтмоқчимиз.

Яна бир мисол. Ўзбекистон туманининг Қум қишлоқ маҳалласида ­яшовчи фуқаролар Фарғона вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали Қўқон туманлараро участкаси томонидан 2 ойдан буён маиший газ баллонлари тўлдириб берилмаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган. Айни мурожаат ҳам адлия бўлими аралашгач ижобий ҳал этилиб, 76 нафар фуқарога тўлдирилган маиший газ баллонлари етказиб берилди.

 

Икромжон ИСАҚОВ,

Қўқон шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси