-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Тайлоқнинг эртаси қандай бўлади? (2019 йил, 8 сон)

07.03.2019

Тайлоқ туман ҳокими Баҳодир Бобоназаров билан суҳбат

— Президентимиз шу йилнинг 11 январида Тайлоқ туманига ташриф буюрди. Туманда амалга оширилаётган ислоҳотлар, кўплаб янги бино ва иншоотларнинг қурилиши, ишлаб чиқариш объектлари билан бевосита яқиндан танишди. Шу жараёнда Президентимиз қандай муҳим вазифаларга тўхталиб ўтди?

— Давлатимиз раҳбари айнан бизнинг туманга ташриф буюриб, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларимизга баҳо бердилар. Туманимиздаги Қўрғонча маҳалла ҳудудида шимолий Ирландиянинг “NORTEC ESTATE LLP” компанияси ва Ўзбекистон Республикасининг “TONY GRAEN” фирмаси ҳамкорлигида “PET AGRO OIL” томат пастаси, олма концентрати ва ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш ҳамда қадоқлаш корхонаси қурилиб, ­Юртбошимиз ташрифидан сўнг яқинда ­уларнинг биринчи қисми ишга туширилиб, дастлабки маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш корхонаси тўла қувват билан ишга тушгач, завод шу йилнинг охирида иш бош­лайди. Шундан сўнг кунига 350 тонна ўсимлик ёғи, 3000 тонна томат пастаси, 2500 тонна олма концентрати ишлаб чиқарилиб, ҳар йили 3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларни Россия ва Европа давлатларига экспорт қилади. Лойиҳанинг қиймати 10 миллион АҚШ  доллари, шундан 7 миллион АҚШ доллари хорижий инвесторлар, 3 миллион АҚШ доллари корхона маблағлари ҳисобига тўғри келди. Янги ташкил этилаётган корхонада 800 киши иш билан таъминланади. Бугун ушбу корхонада 200 нафардан ортиқ ишчи фаолият кўрсатиб дастлабки маҳсулот ўсимлик ёғи харидорларга жўнатилди.

Туманда 2019-2020 йилларда 51 та лойиҳани амалга ­оширишни кўзда тутаяпмиз. Бу лойиҳаларнинг умумий қиймати 557 миллиард 669 миллион сўм миқдорида бўлиб, шундан 20 миллион АҚШ доллари хорижий инвестиция киритиш ҳамда 1285 та янги иш ўрни яратиш белгиланган. Хусусан, саноат соҳасида 10 та лойиҳага умумий қиймати 147 миллиард 803 миллион сўм, хизмат кўрсатиш соҳасида 8 та лойиҳа умумий қиймати 75 миллиард 620 миллион сўм, қишлоқ хўжалигида 33 та лойиҳа умумий қиймати 330 миллиард 246 миллион сўм миқдорида хорижий инвестиция­лар киритилади. Мисол учун, жорий йилда туманда лойиҳа қиймати 830 миллион сўм бўлган замонавий гипермаркет, 660 миллион сўм бўлган қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган цех, шунингдек, Экотуризмни ривожлантириш учун Логистика маркази, меҳмонхона ташкил ­этиш, тиббиёт қўлқоплари, шприц ­ишлаб чиқарадиган, замонавий иссиқхона ишлаб чиқариш учун 39 миллиард 575 миллион сўм, хорижий инвес­тиция ҳисобидан 20 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ­ишлар бажарилади. Яқинда хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун туманда тақдимот ўтказилди. Ушбу йиғинда лойиҳалар таҳлил қилиниб, уларни амалга ошириш бўйича ер майдонлари ажратилди. Шу куннинг ўзида барча керакли ташкилотлар билан шартномалар тузилди. Мева ва сабзавотларни қуритиш, туризм соҳасини ривожлантириш ҳамда йирик Логистика марказини ташкил этиш мақсадида тадбиркорлар билан бирга Бирлашган Араб ­Амирлигида бўлиб қайтдик.

Ҳозирда туманда белгиланган тартибда 2 та умумтаълим мактаби, 4 та мактабгача таълим муассасаси, 1 та соғлиқни сақлаш иншооти, туман марказида 3 та кўп қаватли 422 хонадонга мўлжалланган арзон нархдаги уй-жойлар қурилиши бошлаб юборилди.

— Бизга маълумки, Тайлоқ туманида кўп миқдорда қиш­лоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳам етиштирилмоқда. Бугун маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини оширишда қандай чоралар кўрилаяпти? Натижалар қандай?

— Туманда 16.4 минг гектар ер майдони мавжуд бўлиб, фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 13.3 минг гектар майдонида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади. Ўтган 2018 йилда 32.1 минг тонна ғалла, 88.8 минг тонна сабзавот, 83.7 минг тонна картошка, 63 минг тонна узум, 34 минг тонна бошқа мевалар, 3.6 минг тонна полиз экинлари, 160 минг тонна соя ҳамда 600 тонна дуккакли дон маҳсулотлари ­етиштирилди. Жорий йилда ҳам ушбу кўрсаткични икки баробар ошириб, мамлакатимиз раҳбари айтганидек, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни туманимизнинг ўзида қайта ишлаш ҳамда экспорт салоҳиятини ўтган йилгига кўра камида уч бараварга оширишни режалаштирганмиз.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилда саноат қишлоқ хўжалиги ва сервис соҳаларида амалга оширилиши тасдиқланган ло­йиҳалар жами 109 та бўлиб, ушбу лойиҳалар ишга туширилса, 483 та янги иш ўрни яратилади. Туманда 2019 йили 36019 тонна қиймати 30738 минг АҚШ доллари миқдорида мева-сабзавот экспорт қилиниши режалаштирилган. Шунга кўра, 859 та сабзавотчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжалигида 865 гектар ерга сабзавот, шундан 168 гектарга помидор, 242 гектарга пиёз, 159 гектарга қалампир, 70 гектарга булғор қалампири, 60 гектарга ош лавлаги, 56 гектарга карам, 106 гектар майдонга бошқа турдаги (сабзи, саримсоқ пиёз, бодринг, кўкатлар) экилиб жами 35742 тонна ҳар хил турдаги сабзавотлар етиштирилади. Туманда 395 та боғдорчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари фаолият кўрсатиб, уларнинг ихтиёрида 1034 гектар боғ майдонлари мавжуд, шундан 949 гектар маҳаллий ва 85 гектари интенсив боғлардир. Жорий йилда ушбу боғлардан 17098 тонна мева етиштирилади. Бундан ташқари, туманда 599 та узумчилик йўналишидаги фермер хўжаликлар бўлиб, улар жорий йилда 371.58 тонна узум етиштиради.

— Туманда аҳоли турмуш шароитларини яхшилиш мақсадида ижтимоий соҳаларда олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирсангиз?

— Бугун бошланган кенг кўламли ислоҳотлар, иқтисодий ривожланиш йўлида амалга ­оширилаётган лойиҳалар, барча хатти-ҳаракатларимиз, аввало, халқимизнинг фаровон келажаги учун, уларнинг бахтли турмуш кечириши учундир. Шуни айтиш керакки, бугун туманимизда ижтимоий соҳада бир қатор ишлар ­амалга оширилмоқда. Хусусан, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида бир қатор режалар белгиланди. Нуроний маҳалласининг Бўтабой қишлоғи Янги ҳаёт, Эски Жума маҳаллаларида аҳоли тоза ­ичимлик суви билан таъминланади. Ана шу маҳалла ва қиш­лоқларда ­электр таъминотини яхшилаш учун янги трансформаторлар ўрнатилади. Жорий йилда кам таъминланган ва кўп болали ­оилалар учун туман марказида кўп қаватли янги уй-жойлар қурилади.

Шуни айтиш керакки, туманда ўтган 2018 йил мобайнида саноат қишлоқ хўжалиги ва сервис соҳаларида жами 45 та лойиҳа киритилган бўлиб, ушбу лойиҳалар ишга туширилиши учун 103 миллиард сўм, шу жумладан, 89 миллиард сўм лойиҳа тадбиркорларнинг маблағлари, 15 миллиард сўм банк кредитлари сарфланиб, 375 та янги иш ўрни яратилди. Ворсин қишлоғидаги “Азия Металл Стандарт” МЧЖ томонидан 1 йилда 2 минг тонна никел қопламаси қувурлари ишлаб чиқариш линияси ишга туширилди. 15 та янги иш ўрни яратилди. Туманимизда “Oil group supple” қўшма корхонаси ташкил этилиб, у йилига 12 минг дона автомобиль шиналарини қоплаш салоҳиятига эга.

— Президентимизнинг 2018 йил 7 февралда “Ички туризм­ни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Бугун Тайлоқ туманида ушбу Қарорнинг ижроси қандай таъминланмоқда?

— Туманда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида Боғизоғон МЧЖ ­“Агромил адас” қўшма корхоналарида вино дегустация заллари, “Сиёб саховати” қўшма корхонасида консерва маҳсулотлари кўргазмаси, “Сиёб Шавкат Орзу” ферма хўжалигида агротуризм мажмуаси — ҳунармандчилик, рассомчилик ва амалий санъат асарлари кўргазмаси ташкил этилиб, хориждан келган сайёҳларга хизмат кўрсатиш мўлжалланган. Туманда 26 ўринли қулай шарт-шароитга эга 3 та меҳмонхона бугун фаолият кўрсатмоқда. Шу йил эса туризм йўналишида 4 та ло­йиҳада — жами 13 миллиард 350 миллион сўм, шундан 5 миллиард 150 миллион сўм ташаббускорларнинг ўз маблағи, 50 миллион сўм тижорат банк кредит маблағлари ҳамда 400 минг АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этиш режалаштирилган. Шунингдек, 3 та гастрономик иншоотлар, 7 та экотуризм ва агротуризм иншооти, 2 та тиббиёт туризми ҳамда 11 та зиёрат туризми соҳасида лойиҳалар режалаштирилмоқда.

Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, туманимиз иқтисодий салоҳиятини янада ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, кўпроқ иш ўринлари яратиш, аҳоли турмуш даражасини, фаровонлигини ошириш, ҳудуднинг барча имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш ва бу йўлда йирик натижаларга эришишга ҳаракат қилаяпмиз.

 

“Инсон ва қонун” мухбири

Азим ҚОДИРОВ суҳбатлашди.