-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги рейтингини ошириш ҳақида (2019 йил, 8 сон)

07.03.2019

ПРЕЗИДЕНТИМИЗНИНГ жорий йил 25 февралда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида республикамизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш масаласига оид бир қатор вазифалар белгилаб ­олинди. Қарорда мамлакатимизда тегишли йўналишлар бўйича миллий рейтингларни юритишга ёрдам берадиган, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро мезонлар ва стандартларга мувофиқлигини баҳолайдиган яхлит тизим йўқлиги қайд этилган. Шу мақсадда эндиликда мазкур ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ўрнини мониторинг қилиш ва баҳолаш миллий тизими яратилади. Қарор билан ушбу Миллий мониторинг тизими фаолиятини ташкил этишнинг дастлабки босқичи сифатида республикадаги тадқиқот инс­титутларига алоҳида вазифалар белгилаб берилди. Шунга кўра энди тадқиқот институтлари халқаро рейтингларнинг методологик ва бошқа таркибий қисмларини ­аниқлайди, уларни амалдаги қонунчилигимизга имп­лементация қилади, Ўзбекистон Рес­публикасининг халқаро рейтинглардаги паст кўрсаткичларига сабаб бўлаётган ­асосий ­омилларни ­аниқлайди, шунинг­дек, лойиҳалар ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини юксалтиришга тўсқинлик қилаётган нормаларини аниқлаб, эксперт таҳлилини келтиради ҳамда таҳлил натижаларига кўра тегишли тавсиялар ишлаб чиқади.

Шунингдек, мазкур ҳужжатда Адлия вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси биргаликда “Давлат хизматларининг сирли мижози” институтини ташкил этиб, ундан фойдаланиш чора-тадбирларини амалга ­ошириши ҳақида ҳам кўрсатиб ўтилди. Белгиланишича, “Давлат хизматларининг сирли мижози” институти маълумотларни йиғиш учун ҳақиқий “мижоз” кўринишида мониторингни ­амалга оширувчи ходимлар ва бошқа шахслар (“сирли мижозлар”)дан фойдаланиб, давлат органлари, шунингдек, уларнинг ходимлари томонидан давлат хизматларини кўрсатишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаб­ларига риоя ­этилиши, ходимларнинг профессионаллиги ва тезкорлиги, уларнинг аҳоли билан муомала қилиш этикети қай даражадалигини баҳолаб боради.

Қарорда белгиланишича, 2019 йил 1 апрелга қадар интернет тармоғида “Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда” ягона портали яратилади. Портал халқаро рейтинглар бўйича йиллик ҳисоботлар, шунингдек, ҳисоботларни ўрганиш ва эълон қилиш муддатларини кўрсатган ҳолда тегиш­ли йўналишлар бўйича ишлар аҳволини яхшилашга қаратилган халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг тавсияларини ўз ичига олади. Шу билан бир қаторда портал орқали халқаро рейтинглар индикаторлари бўйича хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасига оид ахборотлар тегишли рейтинглар йўналишлари бўйича жамоатчилик фикри сўровномалари ўтказилади, ижтимоий ва илмий тадқиқотлар натижалари халқаро рейтинглар саволномалари шаклида берилади. Ягона порталда тегишли рейтинглар бўйи­ча турли ижтимоий сўровларни ўтказиш имконияти ҳам мавжуд бўлади.