-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Онам кундалигидаги битиклар (2019 йил, 8 сон)

10.03.2019

АЁЛ табиатнинг сирли хилқати. Унинг сир-у синоати ҳам улкан сабр бардошида, кўринмас матонати, жасоратида, беминнат меҳр-муҳаббатида, аввало, фидойилигидадир. У табиатан шундай яралган. Дунё дахрунида озор топса-да, дилидагини ёзғирмайди. Ҳаёт чиғириғида ундек эланса-да, яна мардона туриб яшашга интилади. Кўксини тимдалаган ғам-ғуссаларини ошкор этмаслик учун тақдир кечмишини пинҳона зикр этади. Буни мен ногаҳон қўлимга тушган кундаликдан ўқиб, янада чуқурроқ англадим. Ундаги аёл, она кечмиши ёзғирган ёзиқларни бошқаларга ҳам ­ибрат сифатида ­илиндим.

...Ота-онам мени холам тарбиясига берганида атиги 6 ёшда эдим. Чунки бизнинг оиламиз катта, холам эса ёлғиз ўзи яшарди. Менга оила меҳридан айро яшаш осон бўлмади. Холамнинг уйида ҳеч нарсадан зориқмасам-да, кўнглим кемтик эди. Тақдир шу экан-да, деб кўндим. Орадан йиллар ўтди. Ўсиб-улғайдим. Катта бир хонадоннинг келини бўлдим. Бахтдан энтикиб юрган кезларим фарзандим туғилди. Қалбим севинчга тўлди. Аммо бу қувончим узоққа чўзилмади. Яратганнинг синови билан оғир бетоб бўлиб, касалхонага тушдим. Не кўргуликки, соғайиб чиққанимда олти ойлик ўғлим бу ёруғ дунёда йўқ эди...

Фарзанд айрилиғидан кўнглим пора-пора бўлди. Кўзимдаги ёш тийилмас, қалбимни ғам тимдаларди. Лекин ҳар қандай дарднинг давоси ҳам вақт экан. Яхшилар кўмагида бу айрилиқ азобига ҳам сабр билан бардош бердим. Бироқ шу билан менинг синовларим тугай қолмади. Қишнинг қаҳратон кунларидан бирида келинлик уйимдан ҳайдалдим.

— Менга касал келин керакмас, туғмас хотинни нима қиламиз, — дея қайнонам уйдан қувиб солди. Кўнглимдан ўтган бор аламимни ичимга ютдим. Рўзғорим ҳам тикланди. Орадан бир оз вақт ўтиб кетма-кет фарзандларим туғилди. Уларнинг қадами қутлуғ келиб, университетни тугатиб, олий маълумотли ҳуқуқшунос бўлдим. Ўшанда яшашнинг асл моҳиятини ҳис ­этдим. Ҳаётда менга йўлдош барча яхши инсонларга таъзим қилдим. Чунки энди менинг ҳам жамиятда ўз ўрним бор. Бир катта давлат ташкилотига раҳбар бўлдим. Шу тариқа тақдир мени ўз синовлари билан сийлар, мен эса унда тобланиб борардим.

Куз фасли эди. Турмуш ўртоғимнинг автоҳалокатга учраб вафот этгани ҳақида совуқ хабар эшитдим. Дарду дунём қоронғу бўлди. Лекин начора, инсон иродаси метиндан, дегани рост экан. Фарзандларим, ­уларнинг жовдираб турган кўзлари учун ҳам яна яшашга интилдим. Уларга қараб бевақт ҳаётдан кўз юмган турмуш ўртоғимни ёнимизда яшаётгандек ҳис этдим. Кулгусидан эса қалбим яралари малҳам топди.

Вақт елдирим экан. Мана ёши улуғ инсонлар қаторидаман. Набираларим бирин-кетин бағримни бутлаб, қувончга тўлдириб бораяпти.

Бугун умр йўлимга, унда юриб ўтган пас­ту баланд сўқмоқларга назар ташлайман. Ҳаёт битикларимда чуқур из қолдириб кетган қувончу ташвишга лиммо-лим хотиралар уммонига шўнғийман. Унда ўзим мисолимда ўзга аёллар тимсолини кўраман. Бизга бу бардош, матонат ва жасорат тимсоллари бўлган момоларимиздан мерос, дея ич-ичимда ҳайқираман.

Бироқ турмушда учраши мумкин бўлган айрим қийинчиликларни, деб ўз фарзандини ташлаб кетаётган аёлларни кўриб, қалбим оғринади. Ўғлининг оиласини барбод қилиш учун унинг номидан судга ариза бериб, хотини билан ажрашади, дея хархаша қилаётган қайноналарни ким, деб аташни билмай, ўкинаман. Рўзғоридаги йўқчилик­ларга бардоши етмай, фарзандини бировларга ташлаб, чет элларда пул топиш илинжида юрган аёлларнинг бесабрлигидан дилим озор чекади. Ҳаётда тўла-тўкис яшаш учун енгил-елпи йўлларга кириб кетиб, ўзлигини, аёллик ор-номусини оёқости қилаётган аёллар хатти-ҳаракатидан кўнг­лим ғаш тортади. Ахир, она, деган мақом, аёл, дея эъзозланган хилқатнинг улуғлиги ҳам ана шу кичик жуссасида кўтариб юрган ҳаётнинг оғир юки сабрда, чидам-бардош­да, раҳм ва меҳрда ­эмасми?

Бугун ана шулар ҳақида ўйларканман, қайнонам ва қайнотамнинг сўзлари беихтиёр ёдимга тушади: “Сизга раҳмат, ёлғиз бошингиз билан тўрт нафар набирамизни жамиятга фойдаси тегадиган инсон қилиб тарбияладингиз”. Уларнинг бу сўзларини ­эшитганимда, мен ўзим учун энг олий унвон она, деган шарафни ­олиб бўлгандим...

 

Латофат ЮСУБОВА,

 “Инсон ва қонун” мухбири