-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Солиқ тизимидаги ўзгаришлар инвестицион жозибадорликни оширади (2019 йил, 8 сон)

10.03.2019

МАМЛАКАТИМИЗДА солиқ тизимидаги ислоҳотларни сифатли амалга ошириш, солиқ тўловчиларга кўмаклашиш ва улар билан манзилли ишлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Рес­публикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш Концепцияси тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган ­асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Респуб­ликасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, солиқ тўловчиларга кўмак­лашиш мақсадида ҳудудларда ўқув-семинарлар, учрашувлар ўтказиб келинмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири “Агробанк” АТБ Бош офисида бўлиб, у “Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг моҳияти ва асосий жиҳатлари” мавзуига бағишланди.

Унда қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги Жўрақул Саттаров, Ўзбекистон Респуб­ликаси Банк-молия академияси иқтисодиёт фанлари доктори Исламбек Ниязметов ва банкнинг раҳбар-ходимлари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда қулай рақобат муҳити яратиш, солиқ қонунчилиги барқарорлиги ва соддалаштирилишини таъминлаш, солиқ юкламасини камайтириш, юртимизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш концепциянинг асосий мақсади экани алоҳида таъкидланди.

— Мамлакатимизда қўлланилиб келинаётган даромад солиғи, фойда солиғи, мол-мулк солиғи, қўшилган қиймат солиғи, ягона ижтимоий тўлов ва шу каби солиқ ставкалари ҳақида қонун ва қарорда келтириб ўтилган ўзгаришлар иқтисодий ислоҳотлардаги муҳим босқичлардан биридир, — дей­ди Ўзбекистон Рес­публикаси Банк-мо­лия академияси иқтисодиёт фанлари доктори Исламбек Ниязметов. — Албатта, шу ва бошқа бир қатор соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад адолатли солиқ тизимига ўтишдир. Жумладан, жисмоний шахслардан олинадиган солиқнинг ягона ставкаси 12 ­фоиз миқдорида белгиланиши натижасида тадбиркорларга бир қатор енгилликлар яратиб бераяпти. Бундай жараён ходимларни рағбатлантириш, қўшимча шароитлар яратиш, ишчининг ўз ишидан мамнун бўлишига ­олиб келади.

Шунингдек, тадбирда Агробанк ходимлари ва мижозларга қўшимча қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва ҳисоб-китоб­ларни тақдим этиш ҳамда бюджет билан ўзаро муносабатлар, солиққа оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш хусусида ҳам маълумотлар берилди.

Масалан, қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби, ижтимоий ҳаётга таъсири, солиқларни соддалаштирилиши, солиқ ставкаларини пасайтирилиши, бизнесни хуфиёна иқтисодиётдан очиқ ишлашга чиқариш ҳамда инвестицион жозибадорликни ­ошириш каби масалалар юзасидан тақдимотлар қилинди.

Мазкур тадбир давомида Агробанк ходимлари ва тадбир иштирокчилари солиқ сиёсати концепцияси билан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришлар ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган ҳар бир жараёнда яратилаётган қўшимча қийматга солиқни жорий этиш хусусида тушунчаларга эга бўлдилар.

Бундан ташқари, ўзаро мулоқот жараёнида мутахассислар томонидан тадбиркорлар ва Агробанк мижозларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

 

Банк матбуот хизмати