-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Фарзандларига ибрат бўлолмаган ота (2019 йил, 9 сон)

12.03.2019

ГИЁҲВАНДЛИККА қарши курашишнинг барча чоралари кўрилаётганлигига қарамасдан бу турдаги жиноятлар турли кўринишларда ҳар хил ёш ва тоифадаги фуқаролар томонидан ҳамон содир этилмоқда.

Нодир Раҳимов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам гиёҳвандлик воситалари билан муомала қилиш ва ўтказиш қонунга хилоф эканлигини била туриб, ана шундай жиноятга қўл урган кимсалардан. У тўрт фарзанднинг отаси. Эндигина қирқ ёшга кирган бу шахс кейинги 6 йил ичида суднинг қора курсисига уч марта ўтиришга ҳам улгурди. У учинчи бор қўлга тушиб қўлларига кишан солинганда, муқаддам қилган жиноятлари учун тавба қилмаганидан афсусланди.

Н.Раҳимов илк марта қилган жинояти учун жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлангани, бу жазо муддати тугар-тугамасдан, иккинчи бор жиноят ишлари бўйича Конимех тумани суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-модда, 2-қисми билан айблаб чиқарилган жиноят иши амнистия актига асосан тугатилганлиги, унга давлатимиз томонидан инсонпарварлик, бағрикенглик қилинганини ­эслаб, ношукурлигидан виждони қийналди. Далилий ашёлар билан уйидан олиб кетилаётганида, борига шукр қилиб яшаётган норасида фарзандларининг синиқ руҳий ҳолати кўз ўнгидан ўтди. Уларга ибрат бўла олмаганидан боши эгилди, юзи қора бўлди.

...Ёзнинг иссиқ бир кунида ҳайдовчи Н.Раҳимов Зарафшон дарёсига чўмилиш учун бориб, қайтишда дарё бўйидаги дала-ҳовлилар ёнида бир туп гиёҳвандлик воситалари туркумига кирадиган ўсимликни кўриб қолди. Унинг баргларини дарҳол юлиб олиб, не бир хаёллар билан уйининг орқа томонида жойлашган тош тагига яширгач кўнгли бироз тинчиди, сўнгра ўз ишлари билан машғул бўлиб ­юрди.

Орадан уч-тўрт кун ўтиб, кутилмаганда Собир исмли таниши унга қўнғироқ қилиб, поликлиника ёнига таклиф этди. Учрашув чоғида Собир ундан гиёҳвандлик моддаси топиб беришни илтимос қилди. Анчадан бери яхши танишлиги ва олди-бердиси борлиги учун яшириб қўйилган шу заҳриқотилни ҳеч шубҳаланмасдан Собирга сотаётганда ички ишлар идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди. 1,91 грамм гиёҳвандлик моддаси учун ўз номига доғ туширган, пешонасига учинчи бор судланган, деган тамғани босган бу йигит оиланинг ёлғиз боқувчиси эди. Маҳаллада улар кам таъминланган ижтимоий муҳофазага муҳтож оила сифатида рўйхатда туради. Шу боис маҳалла яна бир бор бу оилага марҳамат кўрсатди. Боқувчисиз қолаётган оила фарзанд­ларининг тақдирини ўйлади. Энди улғайиб, вояга ­етаётган ўғил-қизларнинг орзуларига оғу томиб, заҳарланмасин, тўғри йўл қолиб, эгри йўлга кириб кетмасин, дея Н.Раҳимовни ўз кафиллигига олиб, суд залидан озод қилишни сўради. Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди мазкур жиноят иши юзасидан одилона ҳукм чиқарди. Н.Раҳимовга беш йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. У суд залидан озод қилинди.

 

Маруса ҲОСИЛОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири