-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Аҳолини рўйхатга олиш қачон, қаерда, қандай амалга оширилади? (2019 йил, 9 сон)

13.03.2019

МАЪЛУМКИ, республикамизда аҳолини рўйхатга олиш сўнгги маротаба 1989 йилда ­амалга оширилган. Бироқ аҳоли сонининг ўсиши ва ижтимоий-демографик янгиланишлар натижасида бундан 30 йил олдинги маълумотлар ўз аҳамиятини йўқотди, деб бемалол айтиш мумкин.

Президентимизнинг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони билан Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепцияси, шунингдек, аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга доир комп­лекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Унга кўра, аҳолини рўйхатга олиш жараёни аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлаш мақсадида республика, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туманлар ва шаҳарлар даражасида амалга оширилади.

Аҳолини рўйхатга олишни ўтказишда Ўзбекистон Респуб­ликаси Давлат статистика қўмитаси ваколатли орган ҳисобланади. Энг муҳими, Ўзбекистон Рес­публикаси Давлат статистика қўмитаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ад­лия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан 2019 йил 1 июлга қадар аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг мақсадлари, тартиби, даври ва муддатлари, илғор хориж амалиётида қабул қилинган замонавий технология ва услубиётлар асосида аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказишда давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларининг иштироки, уларнинг вазифалари, функциялари ҳамда жавобгарлигини кўрсатиш, бу жараёнда жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг иштироки, улар меҳнатига ҳақ тўлашнинг аниқ механизмлари ва манбаларини белгилаш, аҳолини рўйхатга олиш якуний натижаларини амалга ошириш учун ташкилий-амалий, ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилади. Шунингдек, Давлат статис­тика қўмитаси 2022 йил 1 сентябрга қадар аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалалари бўйи­ча ўз ходимларини, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий статистика бошқармалари ҳамда туман (шаҳар)лар статис­тика бўлимлари ходимларини, 2022 йил 1 ноябрга қадар эса бошқа тизимлардан аҳолини рўйхатга олишга жалб этилган ходимларни ўқитишни ташкил қилади. Умуман олганда, қўмита бу борада БМТнинг аҳолишунослик жамғармаси билан кенг кўламда ҳамкорлик қилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, аҳолини рўйхатга олиш 3 йилга яқин вақт талаб қиладиган тайрёгарлик, 10 кундан 60 кунгача бўлган даврда бевосита аҳолини рўйхатга олиш ҳамда 2 йилдан 3 йилгача муддатни ўз ичига ­олувчи рўйхатга олишнинг бирламчи натижаларини жамлаш, кодлаш, таҳрирлаш ва эълон қилиш, тарқатиш каби 3 босқичдан иборат бўлади. Жумладан, дастлабки тайёргарлик жараёнида Давлат статистика қўмитаси мутахассислари хорижий мамлакатлар ва МДҲ давлатларидан аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича тажрибаларни ўрганиб қайтади. Чунки жорий йилда Озарбайжон, Беларусь ва Қозоғистонда, 2020 йилда эса Қирғизистон, Арманистон, Россия, Тожикистон ва Украинада аҳолини рўйхатга олиш ­ишлари амалга оширилади.

Бир сўз билан айтганда, аҳолини рўйхатга олиш Ўзбекистоннинг янги, мукаммал кадастр харитаси ёки республикамизнинг ҳар бир вилоят, туман ва шаҳари, маҳалласи-ю кўчаси, ҳатто энг чекка қишлоқ ва овулларга тааллуқли бўлган барча маълумотларни ўзида акс эттирган ягона ахборот базаси яратилишини таъминлайди.

 

Иброҳим ТУРҒУНОВ,

Фарғона вилоят адлия бошқармаси бошлиғи