-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги механизми

27.03.2019

“ТАДБИРКОРЛИК фаолиятини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва прокуратура органлари фаолиятини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони эълон қилинди. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилинишидан мақсад тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар фаолиятида дуч келадиган тўсиқларни бартараф этиш, асосийси, бунинг ҳуқуқий механизмини яратишдир. Хўш, ҳуқуқий механизм қандай пайдо бўлади? Бунга мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш мақсадида соҳадан прокуратура органларига хос бўлмаган вазифа ва функцияларни чиқариб ташлаш йўли билан эришиш кўзда тутилмоқда. Шу мақсадда Фармон билан 2019 йил 1 апрелдан эъти­боран:

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш ва назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширувларнинг қонунийлиги устидан назорат қилиш Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан амалга оширилади;

тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларга оид қарорлари назорат қилувчи органлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

Эндиликда Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими ҳам Бош прокуратура тасарруфидан Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тасарруфига ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари тизимида қуйидаги лавозимлар ва идоралар фаолияти тугатилди:

Бош прокурор ўринбосари лавозимларининг иккита штат бирлиги;

Бош прокуратуранинг Тадбиркорлик ва инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси;

Бош прокуратуранинг Президент қарорлари ижроси устидан назорат бош­қармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари;

Бош прокуратуранинг Солиқ ва божхона ислоҳотларини амалга ошириш соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари;

солиқ ва божхона ислоҳотларини ­амалга ошириш соҳасида қонунчилик ­ижроси устидан назорат қилишга масъул Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосарлари, туманлар (шаҳарлар) прокурорларининг ўринбосарлари ва ёрдамчилари лавозимлари;

туманлар (шаҳарлар) прокурорларининг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга масъул ўринбосарлари ҳамда катта ёрдамчилари лавозимлари;

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг тадбиркорликни ҳимоя қилиш ва ташқи иқтисодий фаолиятдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўлими.

Мазкур Фармонга мувофиқ энди прокуратура органларининг қисқартирилаётган 1 198 та штат бирликларидан 87 таси Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонини, 470 таси Давлат солиқ қўмитаси бўлинмаларини тўлдириш учун йўналтирилади.