-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Эҳтиёжманд, аммо иқтидорли болаларнинг узлуксиз таълим олиши таъминланади

03.04.2019

Ҳукумат қарори билан 2019 йил 28 мартда “Ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди. Ушбу ҳужжат қабул қилинишидан мақсад иқтидорли ўқувчиларни излаб топиш ва муносиб рағбатлантириш, эҳтиёжманд ­оилаларда тарбияланаётган ўқувчиларнинг узлуксиз таълим олишига кўмаклашиш, уларнинг тўғри касб танлаши ва келажакда ҳаётини тўғри йўлга қўйишига ёрдамлашиш ҳисобланади.

Ҳужжатда белгиланишича, ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади. Ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ёшлар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳудудий идоралараро кенгашлари томонидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилоти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёзма тавсияси асосида амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳудудий идоралараро кенгашлари ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларининг узлуксиз таълим олишини рағбатлантиришда қуйи­даги асосий тамойилларга амал қилади:

ижтимоий адолатга сўзсиз риоя қилиш;

ошкоралик ва очиқликни таъминлаш;

ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини рағбатлантиришни манзилли тарзда амалга ошириш йўли билан шу мақсадларга ажратилган маблағлар, шунингдек, бошқа воситалардан мақсадли ва самарали фойдаланиш;

оила аъзоларининг моддий фаровонлиги, болаларни тарбиялаш, уларни ҳар томонлама жисмоний, ақлий ва маънавий-ахлоқий камол топиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, маълумоти ва касб даражасини ошириш борасида оиланинг масъулиятини кучайтириш.

Бу каби оилаларнинг иқтидорли фарзандларини узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг таълим муассасасидаги бошланғич ташкилоти ва маҳаллалар томонидан ҳар йили 1 июнга қадар ёшлар масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳудудий идоралараро кенгашларига ёзма тавсия билан бирга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандлари томонидан қўлга киритилган ютуқларни тасдиқловчи ҳужжатлар (олимпиадалар, кўрик-танловлар ҳамда спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндорлигини тасдиқловчи дипломлар ва бошқа шу каби ҳужжатлар нусхаси (мавжуд бўлганда);

ўқувчи ва унинг оила аъзоларининг паспорти ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхалари;

ўқувчининг оила аъзолари биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногиронлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси (мавжуд бўлганда);

ўқувчининг оиласи боқувчисини йўқотганлиги тўғрисида ҳужжат нусхаси (мавжуд бўлганда).

Иқтидорли болаларни аниқлашда қуйи­даги ижтимоий мезонларга эътибор қаратилади:

а) ўқувчининг кўп болали оиладан эканлиги (оилада уч ва ундан ортиқ бола мавжудлиги);

б) ўқувчининг оиласида биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг мавжудлиги;

в) ўқувчининг ёлғиз она (ота) томонидан икки ёки ундан ортиқ вояга етмаган фарзандлар тарбиялаётган оиладан эканлиги;

г) ўқувчининг фан, санъат, таълим ва бошқа йўналишлардаги ютуқлари, турли олимпиадалар, кўрик-танловлар ҳамда спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндорлиги, аъло баҳоларга ўқиши.

Низомга мувофиқ, ҳар ўқув йили бошида бундай ўқувчилар қуйидагилар билан таъминланади:

замонавий ягона мактаб формаси;

асосий турдаги ўқув қуроллари;

бадиий китоблар;

болалар газета ва журналларига обуна қилиш;

республика оромгоҳларида дам олишини ташкил этиш.

Ёшлар масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳудудий идоралараро кенгашлари томонидан ҳужжатлар ҳар йили 10 июнга қадар кўриб чиқилади ҳамда 15 июнга қадар ёшлар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар идоралараро кенгашларига тақдим этилади.