-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ветеринария ва чорвачилик соҳасида: янги давлат қўмитаси ташкил этилди

04.04.2019

Жорий йил 28 мартда “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президентимиз Фармони қабул қилинди.

Фармонда чорва молларининг наслини яхшилаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, наслчилик йўналишидаги чорвачилик хўжаликлари фаолиятини, чорвачилик маҳсулотларини етиштиришда йирик тадбиркорлик субъектлари кўпайтирилишини давлат томонидан қўллаб-қуватлаш зарурлиги, шу билан бирга айни дамда республикада наслчилик-селекция ишларини юритишнинг илмий асосланган инновацион услубларини жорий этиш, сунъий уруғлантириш ­ишларини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари орасидаги эпизоотик ­осойишталик ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш масалалари ­асосий мақсад қилиб қўйилган.

Фармон билан Давлат ветеринария қўмитаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилди ҳамда унинг асосий вазифалари белгилаб берилди. Унга кўра, мазкур қўмита эпизоотик осойишталикни таъминлаш, ҳайвонларнинг юқумли касалликларини ўз вақтида аниқлаш, ташхис қўйиш ва тарқалишининг олдини олиш, чорвачиликнинг барча тармоқлари ва наслчиликни ривожлантириш учун масъул давлат бошқарув органи ҳисоб­ланади. Қуйидагилар Қўмита таркибига ўтказилди:

Самарқанд ветеринария медицинаси институти ва унинг академик лицейи;

Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти;

Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти;

Балиқчилик илмий-тадқиқот институти.

Қўмита ҳузурида Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси ҳамда “Ўзбекчорванасл” ­агентлиги ташкил этилди.

 

2020 йил 1 январдан:

100 бошли чорва ва 100 минг парранда бўлган хўжаликларда ветеринария врачи ва зоотехник штати жорий этилади;

қорамолчилик йўналишидаги хўжалик­лардаги ҳамда аҳоли қарамоғидаги сигирлар селекция режасига асосан наслли буқалар уруғи билан сунъий уруғлантирилади;

туман ҳокимлари ҳар йилнинг 1 декаб­рига қадар “Ўзбекчорванасл” агентлигининг ҳудудий бошқармалари билан келишган ҳолда Қишлоқ хўжалиги вазирлигига келгуси йил учун озуқа экинларини жойлаштириш режасини тақдим этади.

 

“Инсон ва қонун” мухбири

Мадҳия АВАЗОВА тайёрлади.