-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Энди уйим расман ўзимники! (2019 йил, 14 сон)

10.04.2019

Зангиота туманида 10 йилдан бери яшайман. Навбаҳор МФЙ, Маданият тор кўчаси, 4-уй манзилида оилам билан истиқомат қиламан. Шунча йил орасида эса ўз мулким — ўз уйим учун кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришнинг иложини қилолмадим. Бунинг учун қонуний асосим йўқ эди. Кўз очиб юмгунча йиллар ўтиб бораверарди. Менинг эса қачондир расмий ҳужжат талаб қилинганда кўрсатадиган ҳеч қандай далилим йўқ эди. Ўзимнинг таъбиримча, бу уй менинг бошпанам, мулким, неча йилдан бери қўним топган, рўзғор бунёд этилган масканим. Расман олганда эса, гарчи мен тан олишни истамасам-да, бу ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний иморат эди.

Телевидение ва бир нечта газеталар орқали 2019 йил 1 майгача давом этадиган ўзбошимчалик билан қурилган уйларга мулк ҳуқуқини бериш бўйича акция бўлаётгани ҳақида хабар топдим. Бу қоида Президентимиз Фармони ва Ҳукумат қарори билан мустаҳкамланган экан. Бу хабарни эшитиб, жуда қувониб кетдим. Кўз ўнгимдан бир гўшада қўним топиб, шу ерни макон тутган, аммо ўз турар жойини қонунийлаштира олмаётган қанчалаб одамлар ўтди. Давлат бизни ўйлабди, ишимиз енгиллашибди, дея хурсанд бўлдим. Шу заҳоти туманимиздаги Давлат хизматлари марказига бордим. Комиссия томонидан ўрганиш ўказилди. Менинг ўзбошимчалик билан қурилган уйим шаҳарсозлик нормаларига мос ҳамда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмас экан.

2019 йилнинг 7 мартида ўзбошимчалик билан қурилган иморатни эътироф этиш тўғрисида туман ҳокимининг қарори қабул қилиниб, менга ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи берилди. Энди расман ҳам уй ўзимники!

Ушбу тартибни жорий қилган ҳукумат вакиллари, қонун ­ижодкорларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Уй-жой масаласида худди меники каби муаммоси бор ва акциядан бехабарларга эса “Шошилинг, ҳали ҳам вақт бор, уйингизни қонунийлаштириб олинг”, деб қоламан.

 

Нурилла БАҲРОМОВ,

Зангиота тумани

 

Ўзбошимчалик билан қурилган уйларга мулк

ҳуқуқининг берилиши мен каби  қанчалаб одамларнинг оғирини енгил қилди

Чирчиқ шаҳрида “Ҳаёт гули” МФЙ, А.Авлоний кўчаси 40-а манзилида истиқомат қиламан. Иморатим 1955 йилда қурилган. Оилам билан 2007 йилдан бери шу уйда яшаб келаяпман. Эълон қилинган акциядан хабар топиб, Чирчиқ шаҳар Давлат хизматлари марказига мурожаат қилдим. Маълум бўлишича, комиссия аъзолари ўзбошимчалик билан қурилган уйларни жойига бориб ўрганар экан. Комиссия томонидан уйимиз ўрганилди ва кадастр идорасига ижобий хулоса берилди. Шундан кейин Чирчиқ шаҳар ҳокимининг 2019 йил 1 апрелдаги 346-сонли қарори билан менга уй жойга эгалик қилиш ҳуқуқи эътироф этилди.

Ҳозирда давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган кўпгина қарорларда, аввало, халқ манфаати кўзланаяпти. Ўзбошимчалик билан қурилган уйларга мулк ҳуқуқининг берилиши ҳам қанчалаб одамларнинг оғирини енгил қилди. ­Ўзинг яшаб турган уйнинг ноқонунийлигини ҳис қилиб ҳаёт кечириш оғир. Бу ҳисни мен каби кўпгина фуқароларимиз бошидан кечирган. Ўз иморати учун мулк ҳуқуқини олган бир қанча танишларимни биламан. Улар ҳам яратилган ушбу имкониятдан унумли фойдаланишди ва айни дамда бир неча йиллик муаммолари қонуний ҳал этилганидан қувониб юришибди. 

 

Абдулла САТИМОВ,

Чирчиқ шаҳри

 

Иморатимга энди қонуний ­эгалик қиламан

Қибрай тумани Янгиобод қишлоғида яшайман. Хайдаобод МФЙ, Катта сув 3/2-уйда 2004 йилда қўшимча қурилиш барпо қилган эдим. Аммо менга тегишли ташкилот томонидан шунча йилдан бери  кадастр ҳужжати расмийлаштириб берилмади. Норози бўлиб, туманимиздаги адлия бўлимига мурожаат қилган эдим. Улар менга бу ноқонуний қурилиш эканлигини, ҳозирда агар менинг иморатим шаҳарсозлик қоидаларига ва яна бир қанча қонун-қоидаларга зид бўлмаса уни қонунийлаштириш мумкинлигини тушунтиришди. Шундай қилиб, Қибрай тумани адлия бўлими ходимларининг аралашуви билан, комис­сия ­ижобий хулоса берганидан сўнг кўп ўтмай кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилди. Менга турар жойга нисбатан эгалик хуқуқини берувчи туман ҳокимининг қарори ҳам чиқарилди. Энди иморатимга қонуний эгалик қиламан. Бу ишга тез ва қонуний ечим топилганидан жуда хурсанд бўлдим.

 

Гулшат ГАРАЕВА,

Қибрай тумани