-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Дарз (2019 йил, 14 сон)

14.04.2019

Бошланиши ўтган сонда.

Маҳалла тарбия маскани бўла олаяптими?..

Оила, маҳалла ва кенг жамоатчилик ҳамкорликда ёшларни никоҳ масаласига муносабатини кучайтириш ва оилаларда учраётган муаммоларни бартараф этишга эътиборини қаратиш зарурлиги талаб этилади. Шу боис оила мустаҳкамлигини таъминлаш, оилалар бузилишига йўл қўймаслик мақсадида хотин-қизлар қўмиталари, ўзини ўзи бошқариш органларига давр талабидан келиб чиққан ҳолда янги ва янги вазифалар юкланмоқда.

— Бизнинг МФЙ ҳудудида 2639 та ­оила истиқомат қилади. Ўтган 2018 йили 8 та оила ажралиш масаласида мурожаат қилган бўлса, ҳозирча уларнинг 5 тасини яраштиришга муваффақ бўлдик, — дейди Юнусобод тумани “Ҳуснобод” МФЙ раиси Д.Тўхтахўжаева. Ушбу оилаларнинг 2 таси фарзандсизлик сабабли ажрашишга қарор қилган.

Ажабланарлиси, бузилиш даражасига келиб қолган оилаларнинг аксариятида, кундалик ҳаётда учраши мумкин бўлган арзимас майда гап-сўзлар, етишмовчиликлар эканлиги кузатилган. Масалан, куёв келинни яқин таниши, дейлик синф­доши билан беҳосдан кўришиб қолганлиги ёки телефони орқали гаплашгани рашк қилишга сабаб бўлиб, катта жанжалга олиб келган. Уларнинг ўзаро тортишувига қайнона ҳам аралашгани эса ажрашишгача бориб етган.

Дарҳақиқат, эр-хотин муаммоси суд идорасига етмасданоқ, маҳалла фуқаролар йиғини томонидан уларга рўзғорда учрайдиган кўнгилсизликлар, етишмовчиликлар ўткинчи эканлиги, никоҳ, оила муқаддас ва уни қадрлаш, асраб-авайлаш шартлиги, болалар бахти, тақдири, келажаги учун ота-она бирдек масъуллигини ўз вақтида тушунтириш зарур. Чунки оила фақат эр ва хотиндан иборат эмас, унда фарзандлар ҳам истиқомат қилишади. Қолаверса, барбод бўлган ­оилаларда вояга етмаган фарзандлар ота ёки онасидан алоҳида яшаб, кўнгли синиқ, дийдаси қаттиқ, моддий-маънавий етишмовчилик таъсирида улғаяди.

 

Ёзилган ва ёзилмаган ­қоидалар

Ҳуқуқий тартиб-қоидага кўра, никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилиги асосида тузилади. Лекин ҳаётда оиланинг ҳеч қаерда ёзилмаган ўз қонун-қоидалари борки, уларни инкор ­эта олмаймиз. Яъни, оилавий ҳаётда қонунларда кўрсатилмаган ахлоқий нормалар, урф-одатлар, тарбия ва тартибга ёндашиб яшашга тўғри келади. Акс ҳолда...

Ўрганишлар жараёнида маълум бўлишича, оилавий ажралишларнинг 50-60 фоизи хонадонидаги келишмовчилик, қолгани фарзандсизлик, узоқ муддат бир оила бўлиб яшамаслик, хиёнат, ичкилик ва гиёҳвандликка ружу қўйиш сабабли келиб чиқмоқда. Албатта, ажралишлар у ­ёки бу сабабларга кўра содир бўлганидек, низосиз ҳам кечмаган. Суд идораларида кўрилаётган ишларни таҳлил қилганда, ажралишлар натижасида келиб чиқадиган низоларнинг асосини мол-мулк, уй-жой билан таъминлаш, алимент, никоҳни ҳақиқий эмас, деб топиш, боланинг туғилганлик фактини белгилаш каби ишлар ташкил қилаётганлигини кўрсатади.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ке­йинги пайтларда айрим оилаларда учрайдиган келишмовчиликлар, оилалардаги қўйди-чиқдилар одатий ҳолга айланиб бориши баробарида, кўпчиликни ташвиш ва хавотирга ҳам солмоқда. Бунга аксарият ҳолларда, рўзғордаги етишмовчилик эканлиги рўкач қилинмоқда. Аммо ўйлаб кўрилса, бир замонлар ­очарчилик, қимматчилик даврларида ҳам эр-хотин турмушнинг пасту баландида бир-бирига елкадош бўлишган. Асосийси, оиладаги ҳар қандай низо ва келишмовчиликларга кўпни кўрган қариялар томонидан чек қўйилган. Уларнинг бир оғиз сўзи билан катта тўполонларнинг олди олинганига, ҳар қандай адоватларни бир чимдим насиҳат билан бутунлай сўндирганига оқсоч мозийнинг ўзи гувоҳ.

 

Аёл тилини, эр қўлини ­тиёлмаса...

Маҳалланинг оила масалаларига нечоғли дахлдорлигини ҳисобга олганда, соғлом авлодни тарбиялашда муносиб ҳисса қўшиш, фуқароларнинг тинч ва ­осойишта ҳамда ҳамжиҳатликда ­яшашларини таъминлаш, оилавий келишмовчиликларни бартараф этиш, ­оилалардаги ижтимоий, руҳий вазиятнинг мўътадил бўлиши учун масъул бўлган асосий тузилма ҳисобланади. Шундай экан, оилани ҳаётнинг турли тўфонларидан асраш, унинг мустаҳкам оёққа туриб олиши учун елкадош бўлиш, бу борада зарур маслаҳат, кўмак кўрсатиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ибратли миллий анъаналар ҳамда урф-одатларни сақлаб қолиш ва ривож­лантириш, бугунги кун талаб ва эҳтиёжини тўғри англаб етказишда нега унинг ўрни ва нуфузи сезилмаяпти?

Тан олиш керак, бугун оилавий нохушликлар ёнимизда, маҳалламизда, юртимизда содир бўлмоқда. Уларнинг аксарияти бефарқлигимиз боис юз берганлигидан ҳам кўз юма олмаймиз. Ана шу эътиборсизлигимиз туфайли кимлардир вазият қурбонига айланаётгани ҳам айни ҳақиқат. Негаки, оиладаги ўзаро келишмовчиликлар сабабли ўз жонига қасд қилиш, одам ўлдириш, оғир тан жароҳати етказиш каби жиноий ҳолатлар кузатилмоқда. Бу борада кенг жамоатчилик фикр-мулоҳазалари матбуотнинг барча тармоқлари орқали хабардор қилиб борилмоқда. Шунга қарамай, оилаларда ҳамон кўнгилсизлик, фожиали воқеалар юз бермоқда.

Жумладан, яқинда Юнусобод тумани “Увайсий” маҳалласидаги оилалардан бирида фожиали ҳолат содир этилди. Ачинарлиси, ушбу оила аъзолари, яъни эр-хотин оқ-қорани таниган, ёши ҳам бир жойга бориб қолган 60-70 ёшлар ўртасидаги кишилар эди. Улар ўша воқеа содир бўлган куни ўзаро жанжаллашиб қолганлиги туфайли бир-бирига айтмаган гап-сўзлари қолмаган. Натижада аёл тилини, эр қўлини тийишдан тўхтамаган. Ниҳоят ҳақоратни ғурури кўтара олмаган эр ғазабини боса олмай қўлидаги пичоқ билан хотинини ўлдирган.

Албатта, бундай кўнгилсизлик ҳар бир инсоннинг қалбини ларзага солади. Бироқ рўзғор тутимида ёшларга ўрнак бўладиган бу оила ҳақида бирон-бир ­фикр ёки мулоҳаза юритиш таажжубланарли ҳолдир.(?!)

Шу ўринда айтиш лозимки, оилада содир этилган жиноятларнинг субъект­ларига айрим ҳаётий муаммоларни ҳал эта олмаслик, ўзини тийиб тура олмаслик каби хусусиятлар хосдир. Чунки ушбу ҳолатлар жойига бориб ўрганилганда, оиладаги кичик бир келишмовчилик, бир-бирини тушунмаслик ёки айрим ижтимоий-иқтисодий, маиший ­муаммолар туфайли туғилганлиги маълум бўлади. Бироқ ҳар қандай ижтимоий ва иқтисодий муаммони сабру қаноат, ақлу ирода билан ҳал қилса бўлади, назаримизда.(!?)

Дарҳақиқат, мураккаб замон талаби оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш, ҳудудларда кам таъминланган ва нотинч оилаларни ­аниқлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш ва ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, манзилли профилактик тадбирлар ўтказишни тақозо этмоқда. Маҳалла фуқаролар йиғини, профилактика инспектори ва хотин-қизлар кенгаши, кенг жамоатчилик ҳамкорликда аҳолини, жумладан, оилаларнинг яшаш тарзи, ўй ва муаммолари билан қизиқиб, лозим бўлганда профилактик чоралар кўрса содир этилиши мумкин бўлган ҳар қандай жиноятнинг олди олинади. Қолаверса, оилалар, маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни яқиндан ўрганиш, одамларнинг дарду ташвишидан хабардор бўлиш, муаммоларни жойида ҳал этиш, учрашув-мулоқотлар орқали тарбиявий таъсирчанликни ошириш ­асосий вазифамиз ҳисобланади. Зеро, эл-юрт тинчлиги, кўнгиллар хотиржамлиги, оилалар мустаҳкамлиги, фарзандлар камолига ҳар биримиз ўзимизда масъ­улият сезиб, дахлдорлик ҳисси билан ­яшамоғимиз, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилмоғимиз инсонийлик бурчимиздир.

 

Гулсумхон ШОДИЕВА,

“Инсон ва қонун” мухбири