-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

СССРнинг махфий объектлари. Қандай мақсадда қурилган ва ҳозир қай аҳволда? (2019 йил, 14 сон)

14.04.2019

СОБИҚ совет ҳукумати коммунизмга етишиш учун куч ва қудратини таъминлаш лойиҳаларини молиялаштиришга сарф-харажатни сира ҳам аямас эди. Бу мақсадга йўналтирилган махфий объектларда турли тадқиқот ишлари олиб бориларди. Эътироф этиш жоизки, атроф-муҳит ва инсон ҳаётига хавф туғдирадиган бундай тадқиқот ишлари СССР таркибидаги барча иттифоқ республикаларда барпо этилган махфий объектларда олиб борилган. Совет иттифоқи парчалангандан кейин ташландиқ ҳолга келган бу махфий объектлар ва уларнинг фаолияти фош бўлди.

Россиянинг “Аргументы и факты” газетасининг жорий йил 13-сонида СССР даврида мавжуд бўлган қуйидаги махфий объектлар ҳақида маълумот берилган.

 

Орол денгизи ўртасида ­полигон бўлган

Ёзилишича, 1942 йилдан 1992 йилгача ­Орол денгизи ўртасида жойлашган Возрождение оролида ҳарбий биёкимёвий полигон мавжуд бўлган. У шартли ном билан “Бархан” деб аталган. Ярим аср вақт мобайнида бу ерда ит, маймун, қўй ва от каби ҳайвонлар устида бактериологик қуроллар тажриба сифатида синовдан ўтказилган. Кимёвий препаратлар намуналари СССРдаги барча ҳарбий биокимёвий лабораториялар — Степногорск, Киров, Свердловск-19, Омутнинск, Сергиев Посад, Оболенскдан келтирилган.

Объект қаттиқ қўриқланган, оролга бегоналарнинг кириши қатъий тақиқланган. Махфийлик даражаси шу қадар кучли бўлганидан, ҳатто полигонга хизмат кўрсатишда иштирок этган ходимларнинг аксарияти қаерда ишлаётганликларини ҳам билишмаган.

Оролда бутун бошли биоинженерлик инс­титутлар мажмуаси, корпус ва лабораториялар, ҳайвонлар устида тажриба ўтказиладиган махсус жой — виварийлар, ускуналар омборлари жойлашган. Шаҳарчада ҳарбий олимлар учун жуда қулай шарт-шароитлар яратиб қўйилган. Лекин 90-йилларга келиб, барчаси кескин ўзгариб кетди. 1992 йилда президент Борис Ельцин полигонни ёпиш тўғрисида фармон чиқарди. Ҳарбий муассаса Кировга кўчирилди, биолаборатория эса бузиб ташланди. Бузиб ташланган ускуналар ва озгина қийматга эга барча жиҳозлар талончилар томонидан ташмалаб кетилди. Бугунги кунда у ерда фақатгина ташландиқ бинолар қолган холос.

Маълумотларга кўра, 1995 йилда америкалик ҳарбий бактериологлар полигонга келишган. Чет эллик мутахассисларни СССР парчаланганидан кейин Орол ҳудудига эгалик қилган Ўзбекистон ва Қозоғистон расмийлари таклиф қилинган. Улар эски қабристондан намуналар олишган.

 

Латвиядаги “Двина” қурилмаси

1964 йилдан бошлаб Ригадан 17 км узоқликдаги Кекавада “Двина” номли ракеталар комплекси — 35 метрлик чуқурликда аппаратларни ишга туширишга мўлжалланган 4 та ерости шахтаси, ерости команда пункти, ёнилғи компонентлари ва махсус жиҳозлар зали мавжуд бўлган.

Мазкур объект 1964 йилда қурилган ­эди. Лекин 1970 йилнинг ярмида ҳарбий ҳаво кучларига кириб келган РСД-10 ривожлангани сабабли, Р-12 ва Р-12У русумли ракеталар қурол-яроғ сафидан чиқарилади ва эндиликда совет ҳукуматига “Двина” керак бўлмай қолади. Шу муносабат билан биринчи навбатда ракеталар мажмуаси шахтадаги барча ускуналар билан бирга йўқ қилинади. СССР парчалангандан кейин Латвия ўрмонларидаги шахталар ва мазкур объектларнинг айрим қисмини сув босди ва талон-торож қилинди. Металл жиҳозлар қирқиб ташиб кетилди.

Бугунги кунда экстремал туризм билимдонларининг огоҳлантиришларича, бу ташландиқ объектларга тажрибали гидсиз саёҳат қилиш ҳаёт учун хавфлидир. Хатар шахталарни сув босганлигида эмас. Балки сув остида қолган шахталар ёриғидан ҳар дақиқада отилиб чиқиши мумкин бўлган ракеталар ёнилғисининг заҳарли буғи — гептилада экан.

 

“Дуга” ёки “рус қизилиштони”

Совет ҳарбий қўмондонлиги томонидан қитъалараро баллистик ракеталар ишга туширилганини ўз вақтида аниқлаш мақсадида хавфдан огоҳлантирувчи “Дуга” деб номланган тизим яратиш ҳақида қарор қабул қилинди. У СССРнинг турли жойларида: биринчиси ҳозирги Украина ҳудудидаги Чернобылда, иккинчиси эса Комсомольск-Амур ёнида жойлашган иккита туташ тармоқдан ташкил топган эди. Баллистик ракеталар учирилганда ионосфера, яъни ҳавонинг юқори қатламида акс берадиган старт пайтидаги чақнаш орқали ­аниқланиш кўзда тутилган. Шу сабабли, қурилма ҳайратомуз даражада улкан бўлиб, унинг 30 та мачтадан иборат антенналар баландлиги 150 метрга, эни эса 800 метрга етарди. Ўша пайтда қурилма жуда ноёб саналган, технологияси эса олим ва муҳандисларнинг имкон доирасини янада кенгайтиришга хизмат қиларди. Мазкур объектнинг махфийлик мақоми 1980 йилларнинг ўртасигача сақланиб келган.

Чернобыл устидаги бундай маҳобатли антенналар жуда катта энергия талаб қиларди. Айнан шу сабабли, объектни атом электр станциясига яқин жойда қуриш мақсадга мувофиқ, деб топилган. Унинг ёнида ҳарбийлар ва уларнинг оиласи яшайдиган гарнизон жойлашган эди. Бу мўъжаз шаҳарча Чернобыл — 2 деб аталарди.

Станция ҳаво тўлқинларида тўқиллашга ўхшаш овоз чиқаргани учун, совет давлати ўзига тахминан рақиб, деб билган томондагилар унга Russian Woodpecker, яъни (“рус қизилиштони”) деб лақаб қўйишганди. Бироқ Чернобыл АЭСда содир бўлган мудҳиш ҳалокат “Дуга” фаолиятига ҳам нуқта қўйди. 1987 йилда ҳукумат раҳбарлари махфий объектни мазкур ҳудудда ортиқ сақлаб туришнинг иложи йўқ, деган қарорга келишди ва унинг асосий жиҳозлари қисмларга бўлиниб, Комсомольск-Амурга олиб кетилди. Фақатгина ўрмонлар устида қад кўтарган улкан радиомачталар шу ернинг ўзида қолдирилди. Ҳозирда улар Чернобыл АЭСнинг ҳувиллаб ётган ҳар бир нуқтасидан кўриниб туради.

 

Рус тилидан “Инсон ва қонун” мухбири

Фарида ҚОРАҚУЛОВА таржимаси.