-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

13 000 дан ортиқ эркак ўқитувчилар мактабга қайтди

16.04.2019

Давлатимиз раҳбари бошчилигида айни дамда таълим тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири жамиятда ўқитувчилар мавқейини оширишдан иборат.

Хусусан, 2018 йил 14 август куни давлатимиз раҳбарининг “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат ўқитувчиларни жамиятдаги мавқеини ошириш ва мустаҳкамлашга қаратилган.Ушбу қарор асосида мамлакатимиз тарихида илк бор ўқитувчиларнинг маошлари икки босқичда, яъни 2018 йилнинг 1 сентябрида ва 2019 йилнинг 1 январида оширилди.

Бугунги кунга келиб ўқитувчиларга базавий тариф ставкалар асосида 1 509 255 сўмдан 2 225 865 гача ойлик маоши белгиланди. Бу эса 13 000 дан ортиқ эркак ўқитувчиларнинг мактабга қайтишига сабаб бўлди. Ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан яна бири ўқитувчиларни педогогик фаолиятига оид бўлмаган турли тадбир ва ишларга жалб қилишни тўхтатишдан иборат эди. Халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, мавсумий қишлоқ ҳўжалиги ҳамда бошқа турдаги ишларга жалб этиш тақиқланди.

Эндиликда ўқитувчиларнинг иш ҳужжатлари сони 7 тадан 3 тага қисқартирилди. Яъни умумий ўрта таълим муассасалари педогог ходимлари томонидан қуйидаги ҳужжатлар юритилиши белгиланди: синф журнали, йиллик тақвим-мавзуий режа ва кундалик дарс ишланмалари (конспект) дафтари. 

Президентимиз қарорига асосан ўқитувчиларга қатор имтиёзлар  бериш ҳам кўзда тутилган.

Биринчидан, ўқитувчиларга қишлоқ ва шаҳарларда намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган арзон уй-жойлар учун ипотека кредити берилиши белгиланди.

Иккинчидан, “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида педогог ходимларнинг оила аъзоларига иссиқхона ташкил этиш, қорамол, парранда сотиб олиш ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун кредитлар бериш режалаштирилган.

Учинчидан, Халқ таълими вазирлиги томонидан тақдим этилган рўйхат бўйича педогог ходимларга истеъмол кредитлари, жумладан, автотранспорт воситалари сотиб олиш учун махсус жамғарма ҳисобидан кредит бериш режалаштирилди.

Яна бир муҳим ташаббуслардан бири республика ва халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагог кадрларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 50 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти бериш тизими ишлаб чиқилмоқда.

Вазирлар маҳкамасининг “Олис ҳудудларда жойлашган умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақига иш стажи учун устамалар белгилаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжат Республиканинг олис тоғли ва чекка ҳудудларида жойлашган умумтаълим мактаблари рўйхатини тасдиқлашни таклиф этади. Рўйхатга Қорақалпоғистон Республикаси ва саккиз вилоятдаги жами 193 мактаб киритилиши кутилмоқда. Унга кўра, ўқитувчилар малака тоифасига қараб белгиланган базавий тариф ставкасининг 25 фоизидан 100 фоизигача устама белгилаш таклиф этилмоқда.

Янгиликлардан яна бири 2018 йилнинг декабр ойида “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишони таъсис этилди. Кўкрак нишони билан халқ таълими  соҳасида фидокорона меҳнат қилган ҳамда соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган фуқаролар тақдирланади. Кўкрак нишони ҳар йили “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами арафасида Халқ таълими вазири томонидан тантанали равишда топширилади. Нишон билан мукофатланган шахслар энг кам ойлик иш ҳаққининг 4 баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти билан тақдирлананади.

Ўқитувчиларнинг нуфузини оширишда ОАВ имкониятларидан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Телевидиние, радио ва босма нашрлар орқали ўқитувчиларнинг мавқеини оширишга бағишланган видеоролик, эшиттиришлар ва қатор материаллар бериб борилмоқда.

Яқинда эса, жамоат транспортларида ҳам ўқитувчилар ва уларнинг фаолиятини улуғловчи ижтимоий рекламалар жойлаштириш бошланди.

Латофат ЮСУБОВА

“Инсон ва қонун” мухбири