-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Матбуот котиблари учун ўқув-семинар

18.04.2019

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги жорий йилнинг 18-19 апрель кунлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ахборот хизматлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган “Ахборот хизматлари фаолиятига оид назарий ва амалий аспектлар” мавзуида икки кунлик ўқув-семинарини ташкил қилди.

Тадбирда таъкидланганидек, давлат ва хўжалик бошқаруви соҳасида очиқлик ва шаффофликка асосланган самарали қарорлар қабул қилиш тизимини жорий этиш, ахборот олишда мансабдор шахсларнинг жамият олдидаги ҳисобдорлиги, очиқлиги ва масъулиятини ошириш зарур. “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойилини рўёбга чиқариш — жамиятда адолат устуворлигини таъминлашнинг муҳим шарти ҳисобланади.

— Жаҳон медиа маконида Ўзбекистонни нуфузини янада ошириш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан ҳисобланади. Ҳозирда кўпчилик ташкилотларга журналистлар мурожаат қила олмайди, ахборот олиш жуда ҳам қийин деб ўйлашади, ваҳоланки, давлат ташкилотлари ахборот хизматларидан сўрасангиз журналистлар бизни фаолиятимизни яхши ёритиб бера олмайди, яъни бизни соҳамизни яхши тушунмайди, дейди. Шу нуқтаъи назардан давлат ташкилотларини янада очиқлигини таъминлаш, уларни амалга ошираётган ишларини халқимизга тезркор, сифатли, ўқувчиларимиз учун қизиқарли форматда етказиш масаласи турибди. Умид қиламанки ташкил қилинган икки кунлик тренингимиз ана шу мақсадларга тезроқ эришишга хизмат қилади, — дейди ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети катта ўқитувчиси Беруний АЛИМОВ.

Бугунги кунда Агентлик томонидан давлат ва хўжалик органлари ахборот хизматларининг давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашдаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаштириш, оммавий ахборот воситалари учун долзарб аҳамиятга эга масалалар бўйича тезкор ахборот тақдим этиш механизмини ишлаб чиқиш, давлат органларининг веб-ресурларидаги ахборотни янгилаб бориш даврийлиги юзасидан соҳага оид қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Айтиш жоизки, ахборот хизматлари қонунчиликнинг электрон маълумот тизимлари ёрдамида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва тегишли материалларни чоп этиш, тарқатиш орқали фуқароларнинг тегишли ташкилот фаолияти бўйича ахборотдан фойдаланиш имконини таъминлайди. Мазкур хизмат зиммасига ташкилот фаолиятини ОАВда ёритиш, ташкилотлар веб-сайтини мунтазам янгилаб бориш, жамоатчилик билан алоқани мустаҳкамлаш каби қатор муҳим вазифалар юкланган.

Айни вақтда мамлакатимиз интернет тармоғида фаолият кўрсатаётган веб-сайтларнинг аксарияти ахборотни шакллантириш ва тарқатиш характеридаги медиа тузилмалардир. “Uz” доменида 60 мингга яқин веб-сайт бўлиб, уларнинг 500 дан ортиғи интернет ОАВ сифатида фаолият кўрсатмоқда. Бутунжаҳон глобал интернет тармоғидан фойдаланувчилар сони йил сайин ортиб бораётган бир пайтда веб-сайтлар фаолиятини замон талабларигамос равишда такомиллаштириб бориш муҳим аҳамиятга эга. Республикада интернет журналистикаси тобора ривожланиб бораётган бир вақтда давлат рўйхатидан ўтган электрон ОАВ ўртасида кучли рақобат муҳити шаклланаётгани ахборот хизматларини янада фаолроқ бўлишга ундамоқда.

Замонавий ахборот технологиялари жадал тараққий этиб, ҳар ким ахборот тарқатиш имкониятига эга бўлган бугунги кунда вазирлик ва идораларнинг ахборот хизматлари зиммасига янада кўпроқ масъулият юкланади. Ижтимоий тармоқларда бирор воқеага оид сурат ёки видеолавҳалар тарқалиши билан кўтарилган масалага ахборот хизмати ходими ташкилот номидан муносабат билдириши бугунги куннинг муҳим талабидир. Бу эса норасмий, бирёқлама ва асосланмаган ахборотлар, турли кўринишдаги тушунмовчиликлар келиб чиқишининг олдини олади. Пировардида, аҳолининг давлат органлари фаолиятига нисбатан ишончи ортади.

Ўқув-семинари давомида тингловчилар ОАВ билан ўзаро самарали ҳамкорлик қилиш, жумладан, ОАВни тўғри танлаш, ўзаро ҳамкорлик этикаси, ОАВ учун ахборот материалларини тайёрлаш каби йўналишларда билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлдилар. Давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ахборот ишининг ўзига хос жиҳатлари, ахборот хизматларининг асосий мақсад ва вазифалари, турли ОАВ билан ишлаш принципларини муҳокама қилиш, пресс-релиз тайёрлаш қоидалари, 

матбуот анжумани ва брифинглар ўтказиш каби қатор муҳим масалалар бўйичаназарий билимларини мустаҳкамлашди.

Шунингдек, “Ахборот хизматлари фаолиятига доир қонунчилик: миллий ва хорижий тажриба”, “Ташкилот фаолиятида учрайдиган стериотиплар. Уларни бузишда ОАВ роли”, “Ташкилот имижи ва уни бошқариш. Медиарежалаштириш асослари”, “ОАВ учун тадбирларнинг ўзига хослиги: матбуот-анжумани, брифинг, пресс-тур, тақдимот ва ҳоказо. Тадбирлар учун зарур PR-матнлар тайёрлаш”, “Ахборот хизматлари томонидан тайёрланадиган материалларда визуал инструментлардан фойдаланиш”, “Ахборот хизматининг ижтимоий тармоқлар ва блогсферадаги фаолияти”, “Ташкил этилган тадбирларга қараб қандай маъруза тайёрланади? Шаблон мавзулар орасида янги ахборотга журналистларни қизиқтира олиш санъати. Кутилмаган саволларга жавоб бериш (ҳозир жавоблик)”, “Инқирозли ҳолатларни моделлаштириш: ОАВ ва ахборот хизматлари ўртасидаги ҳамкорлик қандай амалга оширилади?” каби мавзуларда машғулотларда қатнашиб, келгусидаги фаолият учун зарур ахборотларга эга бўлишди.

 

Латофат ЮСУБОВА

“Инсон ва қонун” мухбири