-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Қудратли тўлқин (2019 йил, 18 сон)

08.05.2019

БУЮК донишмандларнинг ҳик­­матли сўзларида “Тараққиётнинг умумий кўламида ҳар бир халқнинг ўрни ўша халқ ўқиётган китобларнинг сони билан белгиланади”, дейилган. Демак, тараққиёт ва тафаккур чўққисини китоб билан забт этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилиши бежиз эмас. Китобга меҳр тўлқини бутун Ўзбекистон бўйлаб тарқалди. Олис туман ва қишлоқларда ҳам бугунги кун мавзуси — КИТОБ!

Суҳбатдошимиз Ғиждувон туман ҳокими ўринбосари ­Шоназар ҒАЙБУЛЛАЕВ.

— Шоназар Мирбобоевич! Президентимиз жорий йил 19 март куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ёшлар ўрта­сида китобхонликни тар­ғиб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бу бо­рада Сизнинг фикрингиз қандай?

— Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб ­этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланди. Президентимиз иж­ти­моий, маънавий-маърифий
соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича бешта муҳим ташаббусни илгари сурди.

Юртбошимиз ўзини ҳурмат қилган ҳар бир раҳбар ўзи таҳсил олган мактабининг кутубхона фондига 10 донадан бадиий китобни тақдим этиши катта савоб иш бўлишини алоҳида таъкидлади. Ва бу хайрли таклиф бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг қўллаб-қувватланди, қуд­ратли тўлқинга айланди. Ана шу ташаббус шарофати билан туманимиз мактаб кутубхоналарига бугунги кунда 4000 га яқин китоб тақдим қилинди. Бу рақам ойнинг охирига қадар 10 мингтага етиши аниқ. Туманимиз ҳокими Муроджон Умаров раҳбарлигида мактабларга 20 тадан кам бўлмаган китоблар жамланмасини совға қилиш давом этмоқда. Китоб ғоят буюк кучдир. Бу кучни мактабларга китоб совға қилаётган ҳар бир раҳбар, ҳар бир инсон қаторида мен ҳам чин ­юракдан ҳис этдим. Ўз халқини, ёшларини китоб мўъжизаларига ишонтираётган давлатимиз раҳбарининг бу ташаббуси, албатта, ўз мевасини беради. Юртимиз ёшлари билим ва тафаккурда юксак чўққиларни забт этади.

— Йиғилишда маҳаллий ҳокимликларга туман марказида намунали китоб дўкони ташкил этиш, қишлоқ ва овуллар аҳолисига кутубхона хизматини кўрсатиш вазифаси юклатилди. Бу борада Ғиждувон туманида қандай ишлар олиб борилмоқда?

— Дарҳақиқат, йиғилишда маҳаллий ҳокимликларга туман марказида намунали китоб дўкони ташкил этиш, қишлоқ ва овуллар аҳолисига кутубхона хизматини кўрсатиш вазифаси ҳам юклатилди. Бу борада ҳам туманимизда ўзига хос ютуқларга, албатта, эришамиз.

Жорий йилнинг 30 июнига қадар туман марказида битта замонавий китоб дўкони қуриб фойдаланишга топширилади ва ёшларнинг севимли масканига айланади. Бунга тайёргарлик ишлари аллақачон бошлаб юборилди.

— Айни вақтда туманингизда қанча китоб дўкони бор? Тумандаги илгаридан мавжуд бўлган китоб дўконлари ҳозир қай аҳволда?

— Бугунги кунда туманимизда 13 та китоб дўкони мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти бозор ҳудуди атрофида жойлашган. Аҳолига қулай бўлган жойда жойлашганлиги учун ҳам бу маърифат дўконлари доимо гавжум.

Китоблар савдоси жойларда ҳам кўчма тарзда ташкил этилаяпти. Ўтган ҳафтанинг ўзида 5 та мактабга кўчма китоб дўкони ташкил этилиб, ёшларга ­зиё ­улашилди. Ёшлар билан бир қаторда аҳоли ва ўқитувчилар ҳам бу китоблардан баҳраманд бўлдилар.

— Президентимизнинг юқоридаги топшириғи ижросини таъминлаш юзасидан айни кунларда қандай амалий ­ишлар режалаштирилган?

— Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари юзасидан туманда ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та тамойилни жорий қилиш тизими ишлаб чиқилди. Бу тизимга кўра, 2019-2021 йилларда китоб тарғиботи ва китобхонлик бўйича туман маҳаллаларида 74 та янги кутубхона очилади. Улардаги китоблар сони 29600 тани ташкил этади. Шундан 330 таси Президент ­асарлари, 14 200 таси бадиий, 3520 таси болалар адабиёти, 440 таси маҳалла тизимига оид, 5500 таси ўсмирлар адабиёти ва 5610 таси бошқа адабиётлардан иборат бўлиши режалаштирилган. Шунингдек, 140 та ташкилотда китоб жавони ташкил этилади. Мактаб ва коллежларда “Ҳафтада бир китоб!” акцияси ташкил этилиши ҳам ўз натижасини беради, албатта.

Шунингдек, кутубхоналарда кўрик-танловлар ташкил этиш, семинарлар, конференциялар ўтказиш, тумандаги марказий кутубхонада мактаб ўқувчилари ўртасида “Заковат” интеллектуал
ўйинини ўтказиш, маҳалла ва корхоналарда кичик кутубхоналар ҳамда Абдухолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳи мажмуасида катта кутубхона ташкил этиш, интернет клубларида электрон кутубхоналар базасини шакллантириш каби бир қатор вазифаларни белгилаб олдик. Китоб билан биргамиз.

— Суҳбат учун ташаккур.

 

“Инсон ва қонун” мухбири

Маруса ҲОСИЛОВА суҳбатлашди.