-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Фуқаролик кодекси: ўтмиш, бугунги ҳолат ва истиқбол (2019 йил, 18 сон)

08.05.2019

МАМЛАКАТИМИЗ қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида ҳозирда 17 та кодекс мавжуд. Улар орасида Фуқаролик кодекси ҳеч бир муболағасиз муносабатлар кўламининг кенглиги, ранг-баранглиги билан ўзига хос ўрин тутади. Мазкур кодекс мазмунан ва ҳажман, шунингдек, бирмунча барқарорлиги билан мамлакатимиз қонун ҳужжатлари миллий базасида бошқа қонунлардан, хусусан, кодекслардан ажралиб туради.

Амалдаги фуқаролик кодекси ўз ­вазифасини бажарди(ми)?

Президентимизнинг 2019 йил 5 апрелда тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойишида қайд этилганидек, “1995-1996 йилларда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси “ўтиш даври”нинг кенг кўламли ўзгаришларини фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишда муҳим роль ўйнади ва мамлакатда бозор иқтисодиётини ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратишга имкон берди”. Яъни, UNIDRUA тамойилларида белгиланганидек, товарлар, хизматлар ва капиталларнинг эркин ҳаракатда бўлишини таъминловчи кодификациявий қонун — Фуқаролик кодекси ўз даврида зиммасидаги юкни бажарди, дейиш мумкин.

Аммо сифат жиҳатидан изчиллик билан ўзгараётган бугунги кунда тадбиркорлар ва хусусий мулкдорлар, потенциал хорижий инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини янада тўлиқ таъминлаш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш бирламчи вазифадир. Шу маънода, мазкур Фармойиш фуқаролик қонунчилигини бозор иқтисодиёти тамойиллари ва халқаро стандартларга мувофиқ модернизация қилиш, мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва бозор иқтисодиётини ривожлантириш учун замонавий фуқаролик-ҳуқуқий асос яратиш борасида жиддий қадамнинг ташланиши бўлди. Аввало, фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексини янги таҳрирда ишлаб чиқиш ва қабул қилишни тақозо этди.

Ушбу кодекс узоқ йиллар давомида жумладан, Собиқ Иттифоқ тузумида, хусусан, XX асрнинг 60-йиллари бошларигача амал қилган фуқаролик қонунчилиги ўз даври зиддиятларини ўз мазмунида акс эттирган, шунингдек, кейинчалик у ўз даврининг мафкурасига хизмат қилган.

Мустақиллик йилларида турли мулк шаклларига асосланган бозор муносабатларини барпо қилишга ва шакллантиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 1995 йил 21 декабрда (биринчи қисми), 1996 йил 29 августда (иккинчи қисми) қабул қилиниб, иккала қисм бир вақтда — 1997 йил 1 мартдан бошлаб амалга киритилди.

Амалга киритилганига 22 йилдан ­ошган Фуқаролик кодексига шу кунгача (2019 йил 17 апрель ҳолатига) жами 162 та ўзгартириш ва қўшимча киритилди.

Мазкур киритилган ўзгартириш ёки қўшимчалар турли омиллардан – ислоҳотлар талабидан келиб чиқиб  амалга оширилган.

Мазмун-мундарижа ва шакл-­шамойилига кескин таъсир этган ўзгартириш­лар

Кодексга киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчаларнинг энг салмоқлиси, мазмун-мундарижасига, шакл-шамойилига кескин таъсир этган ўзгаришлар  бу — “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 2007 йил 16 январдаги Қонун бўлди. Унинг қабул қилиниши муносабати билан Фуқаролик кодексининг 1052 (муаллифлик ҳуқуқи), 1053 (муаллифлик номига бўлган ҳуқуқ), 1054 (асарнинг дахлсизлигига бўлган ҳуқуқ), 1055 (асарни эълон қилиш ҳуқуқи), 1057 (асардан фойдаланиш ҳуқуқини тасарруф этиш), 1064 (муаллифлик ҳуқуқи амал қилишининг бошланиши), 1071 (муаллифлик лицензия шартномасининг амал қилиш муддати), 1072 (асардан шартнома тузмаган ҳолда ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик), 1080 (кабель орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилотнинг ҳуқуқлари) ва 1081 (турдош ҳуқуқлардан фойдаланиш тўғрисидаги шартномани бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик ва асардан шартнома тузмаган ҳолда ғайриқонуний равишда фойдаланганлик ­учун жавобгарлик) моддалари, жами 10 та модда ўз кучини йўқотди.

Корпоратив бошқарув тизими шакллана бориб, юридик шахсларнинг ўзига хос ташкилий-ҳуқуқий шакли ҳисобланган — акциядорлик жамиятларининг “очиқ” ва “ёпиқ” турлари барҳам топди. Бинобарин, 65-модда (Очиқ акциядорлар жамияти) ва 66-модда (Ёпиқ акциядорлар жамияти) ЎРҚ–372-сон Қонун билан кодексдан чиқарилди.

Шуни ҳам айтиш лозимки, ислоҳотлар жараёнида ижтимоий-маиший ҳаётимизнинг талабидан келиб чиқиб, кодекс 3 та янги модда билан тўлдирилди. Жумладан, 2010 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ - 255-сон Қонунига мувофиқ 11401-модда (Меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқининг ўтиши (мерос трансмиссияси), 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ - 405-сон Қонунига мувофиқ 6261-модда (Уй-жойни текин фойдаланишга бериш шартномасининг шакли) ва 2017 йил 18 апрелдаги ЎРҚ - 429-сон қонуни билан 11071-модда (Товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқнинг тугаши). 

Ҳисоб бўйича кодексдан бугунги кунгача 12 та модда чиқарилиб, 3 та модда киритилди. Хуллас, ҳозирда Фуқаролик кодексида 1190 та модда амалдадир.

Такомиллаштирилиши лозим бўлган жиҳатлар

Маълумки, фуқаролик ҳуқуқининг ҳар бир субъекти бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузганлик учун жавобгарликка тортилади. Фуқаролик ҳуқуқининг субъекти ҳисобланган ҳар қандай шахс (жисмоний ва юридик шахс, шу жумладан, давлат) фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликнинг субъекти ҳисобланади. Давлат ҳам фуқаролик ҳуқуқининг бошқа субъектлари каби фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик субъекти сифатида бошқа шахсларга етказилган зарарни қоплаши, ўз зиммасидаги мажбуриятни бажармаганда белгиланган жаримани тўлаши лозим бўлади.

Давлатга нисбатан фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликни қўллашда биринчи нав­батда давлатнинг ўзига хос мураккаб тузилма экани ҳисобга олиниши лозим. Зеро, давлатга нисбатан фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликни қўллаш фуқаролар ва юридик шахсларга нисбатан жавобгарликни қўллашга қараганда бир қатор ўзига хосликларга эга бўлади. Биринчидан, фуқаролар ва юридик шахс­ларда жавобгарлик субъекти аниқ бир шахс ҳисобланса ва субъектни аниқлаш муаммоси мавжуд бўлмаса, давлатда айнан қайси давлат органи ёки давлатга тегишли юридик шахс жавобгар бўлиши дастлаб аниқланиши лозим. Иккинчидан, давлатнинг ўз органлари ва юридик шахслари учун субсидиар жавобгарлиги, фуқаролар ва юридик шахслардан фарқли равишда ҳар доим кузатиладиган ҳолат ҳисобланади.

Манбаларда қайд этилганидек, давлатнинг фуқаролик-ҳуқуқий (мулкий) жавобгарлиги муаммоси унинг фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси сифатидаги мақомини аниқлаш билан узвий боғлиқдир. Фуқаролик кодексининг 79-моддасида давлат номидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда улар махсус вакил қилган бошқа органлар иштирок этиши белгиланган. Ҳар бир оммавий-ҳуқуқий субъект ўз мулкининг мулкдори ҳисобланади ва бу ҳолат унинг бошқа оммавий-ҳуқуқий тузилма учун жавобгарлигини инкор этади. Мазкур фикрни давом эттирган ҳолда айтиш мумкинки, давлат органлари ва улар томонидан вакил қилинган бошқа органлар давлат номидан иштирок этар экан, вужудга келган фуқаролик-ҳуқуқий мажбурият учун ҳам уларнинг ўзи жавобгар бўлади.

Фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликни дав­латга нисбатан қўллашнинг иккинчи ўзи­га хос хусусияти давлатнинг фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлигини белгилаш фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардаги давлат иштирокининг шаклларидан келиб чиқиши ҳозирги замонавий фуқаролик ҳуқуқи олдидаги муҳим вазифалардан бири сифатида қаралиши лозим.

Таъкидлаш лозимки, ҳозирги вақтгача давлатнинг фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлиги умумий асосларда Фуқаролик кодексининг 80-моддаси талабларидан келиб чиқиб, ҳал қилиниб келинмоқда. Ушбу модданинг мазмунидан англашилишича, давлат ўзи тузган юридик шахс­нинг мажбуриятлари учун жавобгар ­эмас, юридик шахс ҳам давлатнинг мажбуриятлари учун жавоб бермайди, қонун ҳужжатларига мувофиқ, давлат кафолат берган ҳоллар эса бундан мустасно ҳисобланади.

Бироқ давлат ва унга тегишли юридик шахсларнинг ўзаро муносабатлардаги иштирокидан келиб чиқадиган мажбуриятлар юзасидан жавобгарликни аниқлаш баҳслилигича қолмоқда. Бу ҳолат биринчи навбатда бозор муносабатлари шароитида корхона мол-мулк мақомидан фуқаролик ҳуқуқи субъектлилиги мақомига ўтиши билан боғлиқ бўлса, иккинчидан, бир вақтнинг ўзида корхона ­(юридик шахс мақомига эга бошқа ташкилий-ҳуқуқий тузилмалар) ҳам ҳуқуқ субъекти ва объекти ҳисобланишидир. Зеро, корхона ва юридик шахслар ҳуқуқ субъекти сифатида фуқаролик муомаласида ўз номидан иштирок этиб, шартнома ва битимлар тузсалар ҳам, мол-мулк­нинг бир кўриниши сифатида сотилиши (Фуқаролик кодексининг 85, 489-496-моддалари), рентага топширилиши (Фуқаролик кодексининг 512-529-моддалари), ижарага (Фуқаролик кодексининг 579-586-моддалари) ва ишончли бош­қаришга берилиши (Фуқаролик кодексининг 849-861-моддалари) мумкинлиги давлатга тегишли юридик шахснинг жавобгарлигидан давлатнинг жавобгарлиги ўртасидаги фарқ ва чегарани аниқлаш, давлатнинг ўзига қарашли юридик шахс­лар ва органларининг мажбуриятлари юзасидан субсидиар ва солидар жавобгарлиги ҳолати мезонларини белгилаш лозим. Мазкур ҳолатда бозор муносабатлари шароитида давлатга тегишли юридик шахсларнинг фақат оператив бошқариш ва хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида эмас, бошқа ҳуқуқий асослар ва шартлар асосида ҳам фаолият юритиши мумкинлигини эсдан чиқармаслик лозим.

Шу ўринда айтиш мумкинки, давлатнинг фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик субъекти сифатидаги ҳуқуқий ҳолатини такомиллаштириш зарурияти ҳозирги пайтда ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. Уни ислоҳотлар жараёни талабларидан келиб чиқиб, эволюцион тарзда такомилга етказиб бориш лозимдир. Бунда бозор иқтисодиётининг ўзига хос Конституцияси ҳисобланган Фуқаролик кодексининг ўрни, шубҳасиз, беқиёсдир.

Ишланиши кутилаётган кодекс иқтисодиётда давлатнинг иштирокини қисқартириши, мулк нимаю, мулкдор ким, унинг титул ҳуқуқлари, хусусий мулкни ҳимоя қилиш усул ва воситалари нималардан иборат, шартномавийликка, мамлакатда ишбилармонлик муҳити ва инвестициявий иқлимни яхшилашга, пировардида, мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини оширишга хизмат қилиши лозим.

 

Миродил БАРАТОВ,

юридик фанлар доктори, профессор