-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Тадбиркор оқланди (2019 йил, 19 сон)

15.05.2019

ЖИЗЗАХ вилояти Ғаллаорол шаҳ­ри­­да яшовчи, муқаддам судланган Ўрол­бек Мухторов жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти судига кассация тартибида шикоят йўллади. Унда дастлабки тергов органларининг хулосаларига асосланиб, суднинг чиқарган ҳукмидан норозилигини баён этди. Шикоят ва эътирознома важлари атрофлича текширилди. Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ажримидаги кўрсатмаларнинг бажарилишини таъ­минлаш мақсадида Жиноят кодексининг 25-168 моддаси, 2-қисмининг “а”, 209-моддаси, 2-қисмининг “а” банди билан юритилган Ғаллаорол туман судининг 2012 йил 27 мартдаги ажримига биноан Амнис­тия акти татбиқ ­этилиши муносабати билан тугатилган Ўролбек Мухторов ҳақидаги олдинги 2 жилд жиноят иши, шунингдек, Ў.Мухторовнинг сўнгги ҳукмига оид мазкур 3 жилд жиноят иши ҳамда бошқа қўшимча ҳужжатлар судлов ҳайъ­ати томонидан ўрганилди.

Бундан 13 йил илгари содир бўлган қилмишида жиноят аломатлари мавжуд, деган хулосага келиниб, ижтимоий хавфли қилмиш рўй берган, дейилган кундан сўнг, орадан беш ярим йил ўтгач жиноят иши қўзғатилган. Бироқ гумондорга нисбатан амнистия акти татбиқ этилиши муносабати билан иш тугатилгач, ўхшаш бошқа ҳолат юзасидан яна жиноят иши қўзғатилиб, тергов ва қўшимча тергов ҳаракатлари ўтказилган. Хуллас, Ўролбек Мухторов терговда аниқлаш имкони бўлмаган номаълум шахслар билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, Ғаллаорол туман ҳокимининг 2004 йил 6 майдаги 578-сонли қарорига сох­та маълумот ва ёзувлар киритиб, уни туман “Ермулк­кадастр” хизматига тақдим этганликда, “Ғаллаорол сиҳатгоҳи” МЧЖга мулкка эгалик ҳуқуқини берувчи кадастр ҳужжатларини тайёрлатиб, сохта қарор ва кадастр ҳужжатларини хўжалик судлари ҳамда бошқа ҳуқуқ идораларига такроран тақдим қилганликда айбланган. “Ғаллаорол сиҳатгоҳи” МЧЖ ва “Маржон суви” сиҳатгоҳи ўртасидаги низолар судларда бир неча марта кўрилиб, “Маржон суви” сиҳатгоҳини фуқароларнинг давлат ва жамоатнинг манфаатларига 74.106.551 сўм зарар етказиш ва шу тариқа ўзгаларнинг жуда кўп миқдордаги мулкини фирибгарлик йўли билан эгаллашдан иборат ҳаракатлари дастлабки тергов органлари томонидан Жиноят кодексининг 209-моддаси, 2-қисми “а”, 168-моддаси, 3-қисмининг “а” бандлари билан квалификация қилинган.

2019 йил февраль ойининг олтинчи куни Судлов ҳайъати Ўролбек Мухторовни жавобгарликка тортиш муддатлари ўтиб кетгани муносабати билан жиноят ишининг тугатилиши нотўғрилиги, Ўролбек Мухторовга оид иш фақат Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси, 2-банди асосида тугатилиши кераклигини маълум қилди. Аслида тергов даврида ҳам шундай талаблар қўйилган, бироқ ишини умумий тартибда судда кўриб чиқилиши тўғрисида Ў.Мухторовдан ариза ёздириб ­олинган ва иш шу тариқа судга ўтказиб юборилган. Ваҳоланки, мазкур иш тергов даврида 4 марта тугатилиб, 1 марта тўхтатилган, иш бўйича 4 марта суд қарори қабул қилиниб, Олий суд томонидан суд қарорлари 2 марта бекор қилинган, бошида иш қўшимча терговга юборилиб, кейин янгидан 1-­инстанция судида кўришга юборилган. Шу тариқа иш ўз қонуний ечимини топ­магани, бунга сабаб, аслида жиноят иши қўзғатилишининг ўзи нотўғри бўлгани, чунки жавобгарликка тортишнинг барча муддатлари ўтиб кетган бўлгани сабабли жиноят иши қўзғатишни рад қилиш лозимлиги айтилди.

 Жиноят-процессуал кодексининг 333-моддаси, 3-қисми талаби бўйича ишга бевосита алоқадор шахсларнинг, агар шундай шахс вафот этган бўлса, унинг яқин қариндошларининг муносабатларини олиш масалалари умуман муҳокама қилинмаган, Жиноят-процессуал кодексининг нормалари талаб­лари қўпол тарзда бузилиб, Ў.Мухторов тергов ва суд томонидан нотўғри айб­ланган.

Кейинги суд натижаларидан келиб чиқиб, Судлов ҳайъати фақат ноаниқликлардан иборат бўлган, юридик нуқтаи назардан бирон-бир аҳамият касб этмайдиган, мазмун жиҳатидан мантиқсиз ва эътиборга умуман лойиқ бўлмаган кўрсатувлар асосида Ўролбек Мухторовнинг айбини тўлиқ ўз исботини топган, деб ҳисоблай олмади. Судлов ҳайъати эндиликда бошқа қўшимча далилларни тўплашнинг имкони йўқлигини алоҳида таъкидлаб, Ў.Мухторовни Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси, 3-банди асосида оқлашни лозим топди. Шундай қилиб, жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти суди Судлов ҳайъати томонидан жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман судининг 2018 йил 27 февралдаги ҳукми бекор қилиниб, Ўролбек Мухторов жиноят содир этилишига дахлдор бўлмаганлиги сабабли оқланди.

 

Шуҳрат СУЯРОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири