-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ўзбекистон адлия вазири IX Санкт-Петербург халқаро юридик форумида иштирок этди (2019 йил, 20 сон)

21.05.2019

Вазир мамлакатимиз инвестициявий қонунчилиги бўйича тақдимот ўтказди

ШУ ЙИЛНИНГ 14-18 май кунлари Россия ­Федерациясида IX Санкт-Петербург халқаро юридик форуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов бошчилигидаги делегация иштирок этди. Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан ҳуқуқ соҳаси вакилларини жамлаган ушбу нуфузли анжуманда юриспруденция жабғасидаги бир қатор масалалар муµокама этилди.

Форумнинг 15 май санасида мамлакатимиз Адлия вазири “Инвестициялар, кўчмас мулк. Тармоқ қонунчилиги. ДХШ” панель сессиясида иштирок этиб, мамлакатимизнинг инвестициявий қонунчилиги бўйича тақдимот ўтказди. Русланбек Давлетов ўз тақдимотида “Ҳаракатлар стратегияси” доирасида ҳаётнинг барча соҳаларида мислсиз ўзгаришлар амалга оширилаётгани, бизнес юритиш учун  қулай шароитлар яратилаётганини айтиб ўтди. Президентимиз раҳнамолигида юритилаётган сиёсат учта тамойилга: очиқлик, аҳоли ва бизнес-ҳамжамият билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, давлат органлари фаолиятининг аҳоли ҳамда бизнес вакиллари муаммоларини ҳал ­этишга эътибор қаратишга асосланганини таъкидлади.

Шунингдек, вазир маъмурий ислоҳотлар — бу Ўзбекистон Республикасида давлат бошқаруви тизими трансформациянинг муҳим таркибий қисми эканлигини алоҳида қайд этди. Русланбек Давлетовнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда Ўзбекиситонда 93 та давлат органи фаолияти қайта кўриб чиқилиб, жумладан, 77 та вазирлик ва идоралар қайта ташкил этилди, 7 тасининг фаолияти тугатилиб, 9 та янги ташкилотга асос солинди. Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамасининг тузилмалари, вазифалари қайта кўриб чиқилди. Жумладан, 2019 йилнинг январь ойида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташкил этилди. Унинг асосий вазифаси — иқтисодиётнинг истиқболли соҳаларига инвестициялар оқимини рағбатлантириш, турли мамлакатлар билан олиб бориладиган ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдир.

Адлия вазири ўз тақдимотида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича комп­лекс чора-тадбирлар қабул қилинганлигини, 2017 йил 1 июндан буён ­оммавий-ҳуқуқий муносабатлар ва маъмурий  ҳуқуқбузарликларни кўриб  чиқадиган маъмурий судлар  фаолияти йўлга қўйилгани, тадбиркорларнинг  қонуний манфаатларини  ҳимоя қилиш  мақсадида  85 та  иқтисодий судлар ташкил этилганини айтиб ўтди. 

Вазир Ўзбекистоннинг инвестициявий қонунчилиги ҳам тобора такомиллашиб бораётганлигини алоҳида тилга олди. Булар “Хорижий  инвестициялар тўғрисида”ги, “Инвестициявий  фаолият тўғрисида”ги, “Хорижий сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари ва чоралари тўғрисида”ги, “Эркин иқтисодиёт зоналари тўғрисида”ги қонунларни, шунингдек, қатор қонуности меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ичига олади. Мазкур ҳужжатлар билан ҳуқуқий кафолатлар  ўрнатилди, 380 дан зиёд имтиёз ва  преференциялар тақдим этилди. Хусусий мулк эгасини ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий инструментларнинг кучайтирилганлиги, давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларини мусодара қилиш тартиби  такомиллаштирилганлиги маълум қилинди.

Тақдимотда Ўзбекистон иқтисодиётидаги қуйидаги энг муҳим ўзгаришлар муҳокама этилди: айни дамда Ўзбекис­тонда давлат иқтисодиётдаги ўз иштирокини мунтазам қисқартириб бормоқда ва бизнес, инвестициялар учун очиқдир. Хорижий сармоядорлар фойдали шарт ва нархларда давлат активларини харид қилиш имкониятидан фойдаланишлари мумкин. Масалан, 288 та кўчмас мулк объектлари электрон савдоларга сотиш учун қўйилди. 211 та бўш ётган давлат кўчмас мулк объекти бошланғич баҳоси 1 сўм билан  аукционга қўйилди. Сўнгги йилларда юз берган энг асосий ўзгаришлардан бири — иқтисодий  эркинликнинг ­оширилишидир. Мамлакатимиз молиявий барқарорлиги таъминланди, давлатнинг иқтисодиётга бўлган фискал юки  камайтирилди. Ўзбекистонга илк маротаба “Fitch”, “S&P” ва “Moody's” сингари қатор нуфузли халқаро рейтинг агентлик­ларининг “барқарор” прогнозлари берилди. 2019 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон 1 миллиард АҚШ долларига 5 йиллик ва 10 йиллик  евробондларни муваффақиятли жойлаштирди. Институционал сармоядорлардан қарийб 150  га яқин мурожаатлар келиб тушди ва уни жойлаштириш яхши диверсификацияланди.

Шунингдек, адлия вазири тадбир иштирокчиларини жозибадорлиги нуқтаи назаридан Ўзбекистон ҳақида бешта энг муҳим омиллар билан ҳам таништирди. Булар меҳнат ресурслари, юксак минерал-хомашё салоҳияти, энергетик мустақиллик, макроиқтисодий кўрсатгичлар, сармоядорлар учун қулай  муҳит.

Хусусан, Жаҳон банкининг “Бизнес ­юритиш 2018” маърузасида Ўзбекистон тадбиркорлик учун энг кўп қулай шароитлар яратиш бўйича дунёдаги ислоҳотчи мамлакатларнинг биринчи ўнталигига киргани қайд этилди. Амалга оширилган чора-тадбирлар самарасида сўнгги 5 йил ичида “Бизнес юритиш” рейтингида Ўзбекистон 190 мамлакат орасидан 146-ўриндан 76-ўринга чиқиб олди ва 2022 йилга келиб  республикамизнинг 20-ўринга кўтарилишга эришиш вазифаси юкланди.

 

Ўзбекистон Адлия вазирлигининг ходимлари Сингапур ҳамкорлик дастурининг қисқа муддатли курсларида иштирок этишади

Юридик форум доирасида 16 май куни Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов ҳуқуқ ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича Сингапур катта давлат адлия вазири Эдвин Тонг билан учрашди. Мамлакатимиз учун Сингапурнинг ҳуқуқ соҳасидаги тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ходимларининг Сингапур ҳамкорлик дастурининг қисқа муддатли курс­ларида иштирок этишга таклиф этилиши ўз навбатида ҳуқуқий масалалардаги энг муҳим ва керакли жаҳон амалиётини ўрганиш Ўзбекистонда жорий этишга хизмат қилади. Ушбу дастур “Халқаро ҳаво ҳуқуқи: қўлланилиши ва амалиёт”, “Давлат-хусусий шериклиги бўйича инфратузилма ло­йиҳалари”, “Рақамли иқтисодиёт — улкан маълумотлар ва аналитика”, “Молиявий  технологиялар: Имкониятлар ва
муаммолар (Fintech)” каби йўналишларни кўзда тутади.

 

Адлия вазири ўзбек талабалари билан учрашди

IX Санкт-Петербург халқаро юридик форуми доирасида Адлия вазири Санкт-Петербургдаги олий таълим муассасалари (Санкт-Петербург давлат  университети, Политехника ва Авиация  институтлари) да таҳсил олаётган ўзбек  талабалари билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқининг Санкт-Петербургдаги вакили ва Ўзбекистон Республикасининг Санкт-Петербургдаги Бош консули ҳам иштирок этди.

Талабалар адлия вазирига ўзлари таълим олаётган ўқув даргоҳлари, Санкт-Петербургдаги олий таълимнинг ўзига хос жиҳатлари, шунингдек, уларни ўйлантираётган айрим муаммолар ҳақида ҳам сўзлаб беришди. Хусусан,
Ўзбекистон талабалари томонидан содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари уларни ташвишга солаётганини маълум қилишди.

Вазир суҳбат давомида талабаларга ўзлари таҳсил олаётган мамлакат  қонунчилигини ўрганишлари ва унга амал қилишларини маслаҳат берди. Шу билан бирга улар таълим олиш мобайнида ўзларини фаол ва интизомли талабалардек тутишларини  ва энг муҳими ўқиш тугагач, Ўзбекистонга қайтиб, мамлакат фаровонлигига ўз ҳиссаларини қўшишлари лозимлигини билдирди.

 

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими