-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Бу тадбиркорга рағбат, тараққиётга имконият, демакдир (2019 йил, 20 сон)

22.05.2019

ПРЕЗИДЕНТИМИЗ Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида: “Ҳақиқатан ҳам, биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз”, дея таъкидлаган эди. Шу маънода, Юртбошимизнинг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони биз тадбиркорларни беҳад қувонтирди.

Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 6-7 май кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида Бош вазир қабулхоналари ташкил қилинишини маълум қилганди. Буни қарангки, орадан бир ҳафта ўтиб, бу янгиликнинг амалий ифодасини кўриб турибмиз.

Фармоннинг мени мамнун этган жиҳатларидан бири унга мувофиқ Ўзбекистон Рес­публикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарининг ташкил қилинишидир. Айтайлик, масаласи унча жиддий бўлмаган тадбиркор туман, шаҳар қабулхонаси орқали ишини битириши мумкин. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсидаги муаммога дуч келган тадбиркор шу даражадаги қабулхонага мурожаат қилиши мумкин. Тадбиркорнинг Рес­публика даражасидаги масаласи эса, албатта, қабулхоналар фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти томонидан кўриб чиқилади. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ваколатли органлар томонидан мурожаатлари ҳал этилмаган тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан, чет эллик инвесторларни шахсан қабул қилиши тартибининг ўрнатилиши эътирофга молик.

Қабулхоналарнинг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланган тадбиркорлик субъектларини ҳамда чет эллик инвесторларни видеоконференцалоқа воситасида қабул қилиш ва сайёр қабулларни ўтказиш эса нафақат тадбиркорларнинг вақти, маблағини тежайди, балки мавжуд муаммони ўз ўрнида ҳал этиш имконини беради. Масалан, қорақалпоғистонлик тадбиркор салкам 1500 километр йўл босиб, Бош вазир ёки котибият қабулига келиб ўтирмайди.

Бундан ташқари, Бош вазирнинг ҳар чоракда давлатимиз раҳбарини қабулхоналарнинг иши натижалари, тадбиркорлар ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш юзасидан давлат органлари фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш бў­йича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида, қабул қилинган қарорлар ёки мансабдор шахсларни рағбатлантириш ёхуд уларни тадбиркорлик субъектларининг, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг мурожаатларини юзаки кўриб чиққанлиги ёки кўриб чиқишдаги ҳаракатсизлиги учун шахсий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар тўғ­рисида хабардор қилиши тегишли органлар, маҳаллий ҳо­кимликлар мансабдор шахсларнинг масъулиятини янада оширади.

Йигирма йилдан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаман. Биз тадбиркорларнинг эмин-эркин фаолият юритишимиз, фаолиятимизни ривожлантиришимиз ва ҳимоямиз учун бугунги кунда эътибор янада ошиб бормоқда. Айни пайт­да ана шу ғамхўрликдан самарали фойдаланган ҳолда Фарғона шаҳрида ташкил этилган “Сайқал” савдо ишлаб чиқариш корхонаси, “UD-audifon” МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси, “FARG‘ONA POLIMER”, “FAR PRIBOR” ва “FAR-DRILLING CHEMICALS” (“Фарғона бурғулаш кимёси”) масъулияти чекланган жамиятлари фаолияти орқали юртимиз равнақига ўз ҳиссамизни қўшиб келаяпмиз. 120 нафардан ортиқ кишини доимий иш билан таъминланган мазкур субъектларда 55 турга яқин маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Шу боис, 2017 йилда Давлат солиқ қўмитаси томонидан “Ўзбекистон Респуб­ликаси иқтисодиёти ривожига ўз ҳиссасини қўшган намунали солиқ тўловчи”, дея эътироф этилиб, фахрий ёрлиқ билан тақдирландим. Энг муҳими, Президентимиз Фармонига биноан Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги арафасида “Шуҳрат” медалига сазовор бўлдим.

Президентимизнинг бу галги вилоятимизга ташрифи мобайнида хитойлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда йўлга қўйилаётган тошдан қоғоз ишлаб чиқариш лойиҳасини тақдим этдик. Бу нафақат мамлакатимизда, балки минтақамизда ҳам аввал бўлмаган янгиликдир. Ҳадемай – Мус­тақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида истеъмолчиларга сифатли қоғоз маҳсулотини етказиб бера бошлаймиз.

 

Абдураҳмон НИЁЗОВ,

Фарғона шаҳридаги “Сайқал” савдо ишлаб чиқариш фирмаси ва “FARG‘ONA POLIMER” МЧЖ таъсисчиси, Халқ депутатлари Фарғона вилоят кенгаши депутати