-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Иқтидорли фарзандлар қўллаб-қувватланади (2019 йил, 20 сон)

22.05.2019

МАТЕМАТИКА бўйича жаҳон олимпиадасида ғолиб бўлган қоракўллик мактаб ўқувчисининг оғир шароитда кун кечириши ҳақидаги мақола интернет сайтларида кўпгина муҳокамаларга сабаб бўлди. ­Энди ана шундай кам таъминланган оилаларнинг иқтидорли фарзандлари моддий, маънавий томондан қўллаб-қувватланадиган бўлди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 мартдаги “Ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилиниб, қарорда бундай оила болалари қуйидагилар билан бепул таъминланиши қайд этилган:

● замонавий ягона мактаб формаси;

● асосий турдаги ўқув қуроллари;

● бадиий китоблар;

● болалар газета ва журналларига обуна бўлиш (жумладан, биргина “Жажжи ­академик” журналига бир йиллик обуна;

● Республика оромгоҳларида дам ­олиш;

● Республика бўйлаб саёҳатга бориш ва келиш харажатларини қоплаш.

 

Харажатларни ким қоплайди?

Юқорида кўрсатилган харажатлар Ёшлар иттифоқи маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

Халқ таълими вазирлиги эса бу ўқувчиларни ўрнатилган тартибда иссиқ ки­йим-бош ва ўқув қуроллари билан таъминлаш ҳамда мактабларнинг узайтирилган кун гуруҳларига бепул жалб этиш чораларини кўради.

 

Кимлар моддий таъминланади?

Ёшлар масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳудудий идоралараро кенгаши томонидан рағбатлантириладиган ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини аниқлашда қуйидаги ижтимоий мезонларга эътибор қаратилади:

а) ўқувчининг кўп болали оиладан эканлиги (оилада уч ва ундан ортиқ бола мавжудлиги);

б) ўқувчининг оиласида биринчи ва/ёки иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс­ларнинг мавжудлиги;

в) ўқувчининг ёлғиз она (ота) томонидан икки ёки ундан ортиқ вояга етмаган фарзандлар тарбиялаётган оиладан эканлиги;

г) ўқувчининг фан, санъат, таълим ва бошқа йўналишлардаги ютуқлари, турли олимпиадалар, кўрик-танловлар ҳамда спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндорлиги, аъло баҳоларга ўқиши.

 

Тавсиянома қаердан олинади?

Ёшлар иттифоқининг таълим муассасаларидаги бош­ланғич ташкилоти ҳам­да фу­қа­роларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўз мактаби (маҳалласи)даги кам таъминланган оилаларнинг иқтидорли фарзандлари рўйхатини тузади ва моддий рағбатлантиришга муносиб бўлганларига ёзма тавсия беради. Тавсия ва керакли ҳужжатлар ёшлар масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳудудий идоралараро кенгашларига топширилади.

Тавсиянома билан бир қаторда қуйидаги ҳужжатлар зарур бўлади:

● ўқувчи томонидан қўлга киритилган ­ютуқларни тасдиқловчи ҳужжатлар (дип­лом, сертификат ва бошқалар);

● ўқувчи ва оила аъзоларининг паспорти ва/ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхалари;

● ўқувчининг оила аъзолари биринчи ва/ёки иккинчи гуруҳ ногиронлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси (мавжуд бўлганда);

● оила боқувчисини йўқотганлиги тўғрисида ҳужжат нусхаси (мавжуд бўлганда).

 

Бундай болаларни қўллаб-қувватлаш қачондан бошланади?

Агар ушбу тизим шу йилнинг ўзидан ­амалиётга татбиқ этилса, бу — ҳеч нарсага қарамай, яхши билим олишга интилган болаларнинг дастлабкилари рағбатлантирилишига оз фурсат қолди, дегани. Боиси, ёшлар масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳудудий идоралараро кенгашларига ёзма тавсия ҳар йили 1 июнга қадар топширилиши ва 30 июнгача тегишли қарор чиқарилиб, ҳар ўқув йили бошидан бошлаб қўллаб-қувватлаш ишлари ­амалга оширилиши белгиланган.

 

Жўрабек АБДУЛАЗИЗОВ,

Термиз шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси