-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Давлат ва тадбиркор ўртасидаги мустаҳкам кўприк (2019 йил, 20 сон)

23.05.2019

МАМЛАКАТИМИЗДА тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб- қувватлаш борасидаги ишлар кўлами кундан-кунга кенгайиб бораётганига барчамиз гувоҳмиз.

Президентимиз томонидан куни кеча имзоланган Фармон янги мақсадларга эришишимизга қанот, давлат органлари билан тадбиркорлар ўртасида мустаҳкам кўприк бўлиши шубҳасиз.

 Хусусан, тадбиркорларнинг, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этиш сифати ва тезкорлигини ошириш, улар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлаш, ­уларнинг қонуний талабларини рўёбга чиқариш ва муаммоли масалаларни ҳал этиш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига реал ҳиссани кўпайтириш, аҳолининг иш билан бандлигини ошириш ва ­унинг моддий фаровонлигини ўстириш мақсадида мутлақо янги тизим — Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилди.

Бу бизнинг Навоий вилояти учун айниқса, зарурдир. Чунки Юртбошимизнинг жорий йил 15 майдаги “Навоий вилоятини инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона сифатида белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Навоий вилоятига эркин иқтисодий ҳудуд мақоми берилди.

Фармонга асосан “Навоий” эркин иқтисодий зона иштирокчиси мақомини олган Навоий вилоятидаги корхоналарга ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслардан олинадиган мулк солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун белгиланган ягона солиқ ҳамда божхона тўловларидан имтиёзлар берилгани вилоятда барқарор инвестицион муҳит яратилаётганидан далолат беради.

Бундан ташқари, Фармон билан “Навоий” эркин иқтисодий зонаси иштирокчиси мақомини олган Навоий вилоятидаги корхоналар киритилган инвестицияларнинг ҳажмига қараб ­3 йилдан 10 йил муддатгача, шу жумладан, эквиваленти 300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар — 3 йил муддатга; 3 миллион АҚШ долларидан 5 миллион АҚШ долларигача ҳажм­даги инвестициялар — 5 йил муддатга; 5 миллион АҚШ долларидан 10 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар — 7 йил муддатга; 10 миллион АҚШ доллари ва ундан кўп ҳажмдаги инвестициялар кейинги 5 йил давомида даромад солиғи ва ягона солиқ тўловининг амалдаги ставкаларини 50 фоиз ҳажмда қўлланган ҳолда — 10 йил муддатга берилиши белгилаб қўйилди.

Жорий йил 1 июндан бошлаб эса хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таъсисчилари — “Навоий” эркин иқтисодий зонаси қатнашчилари ва уларнинг оила ­аъзоларига республика ҳудудидан чиқмасдан узайтириш имконияти билан, амал қилиш муддати уч йилгача бўлган “инвестиция визаси” амалга татбиқ этиладиган бўлди.

Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолияти натижалари ҳар чоракда Ўзбекис­тон Республикаси Бош вазирининг раислигида алоҳида йиғилишларда, шу жумладан, видеоконференцалоқа орқали кўриб чиқилиши ҳам жойлардаги сансалорлик ва кўзбўямачилик­ларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Энг муҳими, амалий ва ижобий ­ишлар рағбатлантирилиб, тадбиркорлик субъектларининг ва чет эллик инвесторларнинг мурожаатларини юзаки кўриб чиққан раҳбарларни шахсий жавобгарликка тортиш механизмининг жорий этилиши жойлардаги тадбиркорликка ғов бўлаётган тўсиқларни бартараф этиши тайин.

Шахсан мен тадбиркор сифатида Ўзбекистондаги инвестицион муҳит ва тадбиркорликни рағбатлантириш борасидаги барча шароит ҳамда имтиёзлардан мамнунман. Тадбиркорликнинг барча соҳаларини, жумладан, замонавий уй-жойлар қуриш бўйича бунёдкорлик ишлари, қурилиш материаллари ғишт, бетон ­ишлаб чиқариш, меҳмонхона хизмати, кластер усулида текстиль фабрикаси фаолиятини йўлга қўйишимизда юртимиздаги шаффоф муҳит ёрдам берганлигини алоҳида таъкидлашни истардим.

Аммо гоҳида айрим тадбиркорлар ҳозиргача ишлаб чиқариш корхонаси қуришга ер, фаолиятини кенгайтириш мақсадида банклардан имтиёзли кредит олиш учун ойлаб эмас, ҳатто йиллаб “югуриб” юришига, охир-оқибатда бошлаган иши касодга учраган ҳолатлар ҳам бўлиб туради.

Эндиликда баъзи амалдорлар тадбиркорларнинг фаолиятига тўсиқ бўлолмайди. Юрт равнақи, Ватан тараққиёти учун қилинаётган ҳар бир ҳаракат қўллаб-қувватланади.

Улуғбек ФАЙЗИЕВ,

Навоий шаҳридаги “ZARAFSHAN GOLDEN GROUP” компанияси бош директори