-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Хавфсиз пойтахт” концепцияси: ҳуқуқбузарликлар сони камайдими? (2019 йил, 20 сон)

25.05.2019

СЎНГГИ йилларда мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни сақ­лаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ишларида сезиларли натижаларга эришилиб, оқибатда кўплаб жиноят турларининг кес­кин камайиши кузатилмоқда.

Бу жараёнда мамлакат миқёсида ҳафтанинг ҳар пайшанбасида “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” ўтказилаётгани айниқса аҳамиятлидир. Эътиборлиси, ушбу амалиёт юртимизда жиноятчиликни камайтиришга фаол ҳисса қўшмоқда. Таҳлилларга мурожаат этадиган бўлсак, 2018 йилда жиноятчилик 2017 йилга нисбатан 40 фоизга камайган.

Шунингдек, мамлакатимизда жазони ижро этиш муассасалари, ички ишлар органларининг тергов ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, махсус қабулхоналар ва маъмурий қамоқни ўташ жойлари видеокузатув мосламалари билан таъминланди. Халқаро стандартлар асосида энг сўнгги замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, сўроқ жараёнини стенография қилиш, видеокузатув, шунингдек, тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш тизимлари билан ҳам жиҳозланган.

Бугун замон шиддат билан ўзгармоқда. Тизимга янгича услублар, инновацион ечимлар кириб келмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 19 июндаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ­ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифалар соҳанинг шу каби янгиликларини ўз ичига олган.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Тошкент шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, сутканинг кечки ва тунги вақтида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида уларнинг яқин ҳамкорлигини ташкил этиш мақсадида “Хавфсиз пойтахт” концепцияси 1 июлдан синов тариқасида жорий этилди.

“Хавфсиз пойтахт” концепциясида соат 16:00 дан 08:00 га қадар вақт оралиғида ички ишлар органлари, Миллий гвардия саф бўлинмалари жамоат тартибини таъминлаш кучларининг камида 70 фоизини, шунинг­дек, жамоатчилик вакилларини жалб қилиш орқали сутка давомида уч сменали патруль режимини ташкил этиш назарда тутилган бўлиб, бугунги кунда мазкур амалиёт Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари тинчлиги-­осойишталигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмалари томонидан Тошкент шаҳри ҳудудида 660 дан ортиқ, жумладан, ўнлаб пиёда, юзлаб автомобиль, ўнтадан отлиқ ва мотоскутерли биргаликдаги патруль йўналишлари ташкил этилган. Ушбу патруль йўналишларига ички ишлар органларининг 1100 нафардан ортиқ ходими, 700 нафардан кўпроқ Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари жалб этилган.

Таҳлилларга кўра, “Хавфсиз пойтахт” концепцияси доирасида пойтахтимизда бир қатор жиноятларнинг кескин қисқаришига эришилган. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида босқинчилик 55 фоиздан кўпроқ, ўғрилик 41 фоиз, фирибгарлик 40 фоизга, талончилик қарийб 30 фоизга, безорилик эса 22 фоизга қисқарган.

 

Рустам АДХАМОВ,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси 3-босқич талабаси