-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Адлия вазирлиги ва DFID устувор лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди

29.05.2019
Ўзбекистон Адлия вазирлигида адлия вазирининг биринчи ўринбосари М. Истамов Буюк Британия Халқаро тараққиёт агентлиги (UK Department for International Development – DFID) вакиллари билан учрашди.
 
Маълумот учун: DFIDга 1997 йилда дунёда барқарор тараққиётга кўмаклашиш ва камбағалликка барҳам бериш, ривожланаётган мамлакатлар ва Буюк Британияда анчайин хавфсиз, соғлом ва гуллаб-яшнаётган муҳит яратиш мақсадида асос солинган. 2019 йил 1 майдан бошлаб вазирлик раҳбари этиб халқаро тараққиёт бўйича давлат котиби Рори Стюарт тайинланди. Ривожланаётган мамлакатларга молиявий ва техник кўмак кўрсатиш DFID фаолиятининг асосий йўналиши ҳисобланади.
 
Учрашув чоғида томонлар DFID ва Адлия вазирлиги ўртасида Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга оширишга кўмак кўрсатиш учун давлат бошқаруви ва иқтисодий тараққиёт соҳаларида ҳамкорлик қилиш масалаларини кўриб чиқди.
 
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришларни амалга ошириш жараёни, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишдаги муваффақиятлар, шунингдек ушбу ислоҳотларни амалга ошириш йўлидаги хатарлар муҳокама қилинди.
 
М. Истамов меҳмонларга Адлия вазирлиги фаолиятининг асосий йўналишлари, унинг суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишнинг замонавий босқичидаги вазифа ва функциялари тўғрисида батафсил маълумот берди. Хусусан, жамиятнинг изчил ривожланиши ва ислоҳотлар муваффақияти кўп жиҳатдан халқнинг ҳуқуқий онги ва маданиятига боғлиқлиги, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш эса вазирликнинг асосий вазифаларидан эканлиги қайд этилди.
 
Мисол учун, Адлия вазирлиги томонидан Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда Advice.uz интерактив сайти яратилган. Веб-ресурс Ўзбекистон ва хориж фуқароларига асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳақида долзарб ахборот тақдим этишга мўлжалланган.
 
Томонлар вазирликнинг устувор лойиҳалари ва унга DFID томонидан техник ва молиявий кўмак кўрсатиш имкониятини атрофлича муҳокама қилди. Хусусан, истиқболдаги ҳамкорликнинг учта асосий йўналиши белгилаб олинди. Lex.Uz қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси фаолиятига KPI тизимини жорий этиш, вазирлик ходимларини давлат бошқаруви соҳасида ўқитиш, шунингдек, республика бўйлаб одамлар бевосита ҳуқуқий ёрдам ва маслаҳат сўраб мурожаат қилиши мумкин бўлган Advice.uz ҳуқуқий ахборот портали тажриба консультатив марказларини ташкил этишга кўмаклашиш шулар жумласидандир.
 
DFID вакиллари шериклик алоқалари ўрнатиш ва ўзаро манфаатли йўналишларда ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга оширишга умид билдирди.