-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Адлия вазирлиги болалар учун махсус сайт яратди

01.06.2019

Ушбу янгилик 2019 йилнинг 31 май куни Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган “Қонунчиликдаги янгиликлар” номли брифинг ва матбуот анжуманида маълум қилинди.

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Bola huquqlari” деб номланган сайтнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ушбу сайт ёш авлоднинг ҳуқуқий билимини ошириш, болаларда кичик ёшданоқ қонунга ҳурмат руҳини тарбиялаш мақсадида ташкил этилган.

Маълумот учун: “Bola huquqlari” сайти Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан яратилган.

Сайт мазмуни икки турдаги аудиторияга мўлжалланган: 14 ёшгача бўлган болаларга ва ота-оналарга.

Болаларга мўлжалланган контент қисми элементар тартиб-қоидаларни ўргатишдан тортиб мактабгача таълим, мактаб таълими, саломатлик, йўл ҳаракати қоидалари, одоб-ахлоқ қоидалари, табиатни муҳофаза қилиш, Конституция, бола ҳуқуқига оид конвенция ва бошқа ҳужжатлар ҳақида маълумот беришгача бўлган турли мазмундаги материаллардан ташкил топган.

Ота-оналар учун эса бурч ва мажбуриятлар, фарзанд асраб олиш, турли ҳаётий вазиятларда ота-оналик мажбуриятларини бажариш ва ҳуқуқларидан фойдаланиш каби муҳим масалаларга оид ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.

“Bola huquqlari” одатдаги ҳуқуқий сайтлардан фарқли равишда содда ва тушунарли тили ҳамда ёрқин ифода услуби билан ажралиб туради. Матнлар болаларнинг ёшига мос равишда, улар учун тушунарли тарзда баён қилинган. Мазмунни очиб беришда инфографика, образлар ва тасвирий воситалардан унумли фойдаланилган. Ёрқин ва эътиборни тортувчи ранглар, расмлар ва суратлар орқали болалар учун қизиқарли дизайн яратилган.

Сайт фақат назарий маълумотлардан иборат эмас. Болаларнинг ҳуқуқий билимларни кўнгилочар-интерактив ўйинлар, мантиқий масалалар, тестлар ёрдамида ўзлаштиришига катта эътибор қаратилган. Сайтнинг махсус “Huquqiy o‘yinlar” бўлимида болажонлар виртуал оламда вақтларини қизиқарли ва фойдали ўтказишига имкон яратилган.

Болаларга ҳуқуқий билимларни эгаллашга рағбат уйғотиш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган. Бунинг учун сайтда болаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган ҳамда уларнинг билимини баҳолаб борувчи ўйинлар, топшириқлар асосидаги рейтинг тизими ишлаб чиқилган.

Сайтнинг “Sizning lug‘at” бўлими алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу бўлимда юридик атамалар ва тушунчалар болалар учун тушунарли, содда тилда изоҳлаб берилган. Бунда ёш фойдаланувчиларнинг ҳаётидан мисоллар келтириш орқали сўзларнинг таърифи бойитилган.

Техник жиҳатдан содда ва қулай ечимга эга “Bola huquqlari” тез орада кичкинтойларнинг виртуал оламдаги севимли масканларидан бири бўлиши эҳтимоли катта. Ҳозирда сайт синов тартибида ишламоқда. Адлия вазирлиги уни янада такомиллаштириш ва бойитиш устида иш олиб бормоқда.

Шунингдек, матбуот анжуманида мутахассислар томонидан жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда муносиб ҳисса қўшган ҳуқуқ тарғиботчиларининг бу борадаги фидойилигини рағбатлантириб бориш мақсадида вазирлик томонидан эълон қилинган“Энг яхши ҳуқуқ тарғиботчиси” танлови бўйича маълумотлар журналистларга ва иштирокчиларга тақдим этилди. Танловини ўтказиш тартиби, унда иштирок этувчилар ҳақида батафсил муълумот беришди. Таъкидланишича,танлов ҳар йили май-июнь ойларида ўтказилади.

Унда қуйидаги номинациялар бўйича ғолиблар аниқланади:

  • “Ҳуқуқий тарғиботдаги фидойилиги учун”;
  • “Ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилувчи энг яхши мутахассис”;
  • “Ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилувчи энг яхши журналист”;
  • “Ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилувчи энг яхши ОАВ”;
  • “Ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилувчи энг яхши блогер”;
  • “Ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилувчи энг яхши сайт”;
  • “Ҳуқуқий тарғиботдаги энг яхши инновацион лойиҳа”;
  • “Маҳаллада ҳуқуқий маданиятни юксалтиришдаги фаоллиги учун”;
  • “Ҳуқуқий тарғиботдаги энг яқин ҳамкор”;
  • “Энг ёш ҳуқуқ тарғиботчиси”.

Ғолиблар эсдалик нишонлар, дипломлар, статуэткалар ва совринлар билан тақдирланади.

Бундан ташқари, қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш ва бунда янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан“Қонунчиликдаги янгиликлар” номли брифинг ташкил этилди. Унда якунига етаётган ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган 10 га яқин қонун ҳужжатлари ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонунҳақида маълумотлар берилди.

Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони каби норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳақида тушунтириш берилди.

Тадбирда иштирок этган ОАВ вакиллари соҳа мутахассисларига ушбу қонун ҳужжатлари юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этишди.