-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

bolahuquqlari.uz болажонларга ҳақиқий совға бўлди. “Энг яхши ҳуқуқ тарғиботчиси” танловига старт берилди

01.06.2019

Адлия вазирлиги томонидан “Қонунчиликдаги янгиликлир” номли брифинг ва матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Президентимизнинг Фармони ижроси бўйича олиб борилаётган ишлар, хусусида кенг жамоатчиликни хабардор этиш. Жумладан Адлия вазирлиги томонидан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан болалар учун Ўзбекистонда биринчи ва ягона махсус “Bola huquqlari” деб номланган сайт ташкил қилинди. Ёш авлодни ҳуқуқий билимини ошириш, болаларни  кичик ёшданоқ қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида ташкил этилган ушбу сайт икки турдаги аудиторияга мўлжалланган. Яъни 14 ёшгача бўлган болалар ва ота-оналар. Айнан болажонлар учун мактабгача таълим,  мактаб таълими, саломатлик, йўл ҳаракати қоидалари, одоб-аҳлоқ қоидалари, табиатни муҳофаза қилиш, Конституция, бола ҳуқуқига оид конвенция ва бошқа ҳужжатлар ҳақида маълумот ва турли мазмундаги материаллардан ташкил топган. Ота оналар учун эса бурч ва мажбуриятлар, фарзанд асраб олиш, турли ҳаётий вазиятларда ота-оналик мажбуриятларини бажариш ва ҳуқуқларидан фойдаланиш каби муҳим масалаларга оид ҳуқуқий маслаҳатлар жойлаштирилган.

“Bola huquqlari” сайти одатдаги ҳуқуқий сайтлардан фарқи шундаки болаларнинг ёшига мос, содда, мазмунни очиб беришда инфографика, образлар ва тасвирий воситалар, ёрқин ранглар, расм ва суратлардан унумли фойдаланилган. Сайт уч тилда ўзбек, рус, қорақалпоқ ва лотин алифбосидан таркиб топган. Болажонларнинг ҳуқуқий билимларини сайтда кўнгилочар-интерактив ўйинлар, мантиқий масалалар, тестлар ёрдамида ўзлаштиришга катта эътибор қаратилган.

— Сайт фақат назарий маълумотлардан иборат эмас. Сайтнинг махсус “Huquqiy o’yinlar”, “Sizning lug'at” бўлимлари алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу бўлимда юридик атамалар ва тушунчалар содда тилда изоҳлаб, фойдаланувчиларнинг ҳаётидан мисоллар  келтириш орқали сўзларнинг таърифи бойитилган. Болаларга ҳуқуқий билимларни эгаллашга рағбат уйғотиш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган. Ушбу сайт болаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширибгина қолмасдан интернетдан қандай фойдаланиш  кўникмаларини шакллантириб боришга ҳамда ота-оналар фарзандлари билан вақтларини унумли, баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтказишига  хизмат қилади деди — Адлия вазирлиги “Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат” бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳаёт  Қиличев.   

Шунингдек, матбуот анжуманида мутахассислар томонидан жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда муносиб ҳисса қўшган ҳуқуқ тарғиботчиларининг бу борадаги фидойилигини рағбатлантириб бориш мақсадида “Энг яхши ҳуқуқ тарғиботчиси”  танловини ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар бўйича маълумотлар журналистларга ва иштирокчиларга тақдим этилди. “Энг яхши ҳуқуқ тарғиботчиси” танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, танловда Ўзбекистон Республикасининг барча  фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга бўлган фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирок этиши мумкин. Танлов ҳар йили май-июнь ойларида қуйидаги наминациялар бўйича ўтказилади.

  • -“Ҳуқуқий тарғиботдаги фидойилиги учун”;
  • -“Ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилувчи энг яхши мутахассис”;
  • -“Ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилувчи энг яхши журналист”;
  • -“Ҳуқуқий маданияти тарғиб қилувчи энг яхши ОАВ”;
  • -“Ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилувчи энг яхши блогер”;
  • -“Ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилувчи энг яхши сайт”;
  • -“Ҳуқуқий тарғиботдаги энг яхши инновацион лойиҳа”;
  • -“Маҳаллада ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда фаоллиги учун”;
  • -“Ҳуқуқий тарғиботдаги энг яқин ҳамкор”;
  • -“Энг ёш ҳуқуқ тарғиботчиси”.

Ҳужжатлар 20 июнга қадар қабул қилинади ва 27 июн “Матбуот ва ОАВ куни” ғолиблар муносиб тарзда тақдирланади.

Тадбирда иштирок этган ОАВ вакиллaри соҳа мутахассислари томонидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

 Латофат ЮСУБОВА

“Инсон ва қонун” мухбири