-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Заркент ота (2019 йил, 22 сон)

07.06.2019

ПАРКЕНТ тумани ўзининг мафтункор табиати, сўлим гўшалари, баҳаво ҳавоси, зиёратгоҳ масканлари, саёҳатбоп манзиллари билан алоҳида мавқега эга. Ушбу диёрни кезарканмиз сой бўйлари, қир-адирларида табиий тепаликлар билан тарихий зиёратгоҳларни ҳам кўриш мумкин. Айни пайтда туманда зиёрат туризми кенг ривожланган. Масалан, туманимизда азиз ва табаррук қадамжолар билан танишиш учун барча қулайликлар яратилган. Юртимиздаги зиёратгоҳлар тарихини, асл қиёфасини қайта тиклаш ва таъмирлаш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда. Шунга қарамасдан, юртимизда ҳали етарли даражада ўрганилмаган, лекин халқ яхши билган зиёратгоҳлар кўплаб топилади. Шулар жумласига “Заркент ота” зиёратгоҳини қўшиш мумкин.

“Заркент ота” зиёратгоҳи Чотқол тоғ тизмаларининг ғарбий ёнбошида, Заркент қиш­лоғининг юқори қисми, Қўрғон маҳалласи, “Ғунча” кўчасида жойлашган.

Заркентдаги авлиё ота VII-IX асрларда ­яшаб фаолият кўрсатган ҳарбий қўмондон ва тасаввуф аҳли намояндасидир. У киши қадимий Зарканд (олтин булоқ) қишлоғида ором топганлиги халқ оғзаки ижодида баён этилади. Унинг асл исми Жаъфар ибн Ҳусайн экани маълумотларда келтирилган. Тарихий маълумотларга кўра, Жаъфар ибн Ҳусайн Саййид Баттол Ғозий милодий 770 йили Шомда (ҳозирги Туркия ҳудудидаги Малотия шаҳрида) таваллуд топганлар. Ўз фидокорона меҳнати ва фаолияти билан халққа ва холиққа холисона хизмат кўрсатган машҳур шахсдир. Ҳозирги кунда бу шахс ҳақида немис, форс, француз, рус, инглиз, араб, турк, ўзбек тилларида тадқиқотлар, монографиялар, тарихий романлару достонлар битилган. Ҳатто, Туркияда бу шахсга бағишланган Халқаро симпозиумлар ўтказилган.

Дарҳақиқат, “Заркент ота” зиёратгоҳи ­ўзининг булоқ суви софлиги ва шифобахшлиги билан ажралиб туради. Бу булоқ суви минглаб дардларга шифо бўлиши ва минералларга бойлиги билан алоҳида аҳамиятга эга. “Заркент ота”нинг яна бир диққатга сазовор хислати — бу ердаги бута ва дарахтларга булбулдан бошқа парранда қўнмаслигидадир. Бу сир-синоатга бой маскан “Қуш қўнмас авлиё жой”, деб ҳам юритилади. Зиёратгоҳда яна Заркент ота қабри жойлашган бўлиб, зиёратчилар уларнинг руҳига тиловатлар қилади. Ушбу зиёратгоҳ давлат мулки ҳисобланади. Бу ерга ташриф буюрган зиёратчилар шифобахш булоқ сувидан баҳраманд бўлиш билан бир қаторда, гўзал табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш­лари мумкин. Албатта, гўзал диёримизда бундай гўшаларни кўплаб учратиш мумкин.

Ўйлаймизки, бу каби масканларни зиёрат қилиш, улар ҳақидаги маълумотларни билиш инсон маънавиятини юксалтиришга хизмат қилади.

 

Зулфизар ТИЛЛАХЎЖАЕВА,

Паркент Транспорт ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси